Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурхондарёда бузиладиган уй-жой эгалари ва ИИВ ходимлари ўртасида жанжал бўлди. Икки ходим жароҳатланган

Сурхондарёда бузиладиган уй-жой эгалари ва ИИВ ходимлари ўртасида жанжал бўлди. Икки ходим жароҳатланган

Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманида бузиладиган уй-жой эгалари ва ҳокимият вакиллари ўртасида жанжал келиб чиқди. Бу ҳақда Сурхандарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бериб ўтди.

«Жорий йилнинг 14 февралида вилоятнинг Олтинсой тумани, «Ҳалқабод» маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдонига маҳаллий фуқаролар томонидан ноқонуний уй-жой қуриб олинганига аниқлик киритиш ҳамда ушбу ерларни фермер хўжалигига қайтариш мақсадида, туман ҳокимиятининг қурилиш масалалари бўйича вакили, туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, Сурхондарё вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Олтинсой филиали масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ борган. Гуруҳ томонидан Олтинсой туман ҳокимининг 2019 йил 6 декабрь кунидаги фармойиши ижросини таъминлаш учун манзилга чиқиб, маҳаллий фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилаётганда айрим фуқаролар қўлларига турли буюмлар (таёқ, болта, тош, бел курак ва бошқа) билан ишчи гуруҳ вакилларига тажовуз қилганликлари оқибатида ўртада жанжал келиб чиққан.

Чақирувга асосан жамоат тартибини сақлаш учун 16.00ларда воқеа жойига етиб борган туман ИИБ ходимлари маҳаллий аҳолидан жамоат тартибини бузишни тўхтатиб, уйларига тарқашни талаб қилган. Ўша вақтда маҳаллий фуқаролардан И.Мухаммадиев, Д.Мухаммадиев, Ф.Нуров, А.Тошов, С.Мухаммадиев ва А.Сафаровлар ички ишлар органлари ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, қўлларидаги буюмлар билан тажовуз қилган.

Кўрилган чоралар натижасида жамоат тартибини бузаётган фуқаролар зарарсизлантирилиб, жамоат тартиби барқарорлаштирилган.

Ҳуқуқбузарларнинг тажовузлари натижасида ИИБ ходими сафдор Ш.Мустофоқуловга «Бош миянинг ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона ўнг қош усти, ўнг ён томони эзилган, йиртилган жарохатлари, ўнг кўз қовоғи юмшоқ тўқималарнинг эзилиши ва гематомаси, бурнининг ўнг томони юз соҳасидаги йиртилган жароҳат», шунингдек профилактика инспектори ёрдамчиси А.Жабборовга «Чап елка ўмров акрамиял бўғими соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши» каби тан жароҳатлари етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинсой туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда фуқароларимиздан ҳар қандай вазиятда жамоат тартибини бузишларига йўл қўймасликни, низоли вазиятларни қонуний тартибда ҳал этишларига чақириб қоламиз.

Мамлакатимизда қонун устиворлиги таъминланади ҳамда айбдорлар қилмишидан қатъий назар жавобгарликка тортилади», — дейилади ИИВ Ахборот хизмати хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг