Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда қимматбаҳо олмос, зумрад ва қадимий тилла тангани сотаётган шахслар қўлга олинди

Тошкентда қимматбаҳо олмос, зумрад ва қадимий тилла тангани сотаётган шахслар қўлга олинди

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ходимлари қимматбаҳо тошлар ҳамда қадимий танга савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳни фош этди, дея хабар қилмоқда қўмита матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди. Унда йирик миқдордаги қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла тангаларни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда олиб кириш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ фош этилди.

Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган 5 нафар фуқаро Чилонзор туманидаги хонадонлардан бирида муқаддам Афғонистондан олиб келинган 2 килограмм 531 грамм оғирликдаги зумрад тошларни 500 минг АҚШ долларига, шунингдек, 8 грамм оғирликдаги 1 дона қадимий тилла тангани 10 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Дастлабки ўрганишларга кўра, мазкур ҳолатда ноқонуний олди-сотдидан тўхтатиб қолинган тилла танга эрамизнинг III асрига мансуб бўлиб, Кушон давлатида зарб қилинган.

Шунингдек, ушбу шахслардан бирининг ҳамёнида 3 дона олмос тош борлиги ҳам аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Ҳисоб-китобларга кўра мазкур ҳолатда олиб қўйилган қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла танганинг умумий қиймати жами 16 миллиард 818 миллион сўмни ташкил қилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг