Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2020 йил учун давлат бюджети маъқулланди

2020 йил учун давлат бюджети маъқулланди

Фото:«Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати йигирма тўртинчи ялпи мажлисининг кун тартиби тасдиқланганидан сўнг сенаторлар биринчи масалани кўриб чиқишга киришди.

Молия вазири Жамшид Қўчқоров «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида маъруза қилди.

Маърузачи даставвал 2019 йил якуни бўйича кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳамда Давлат бюджетининг ижросига қисқача тўхталиб ўтди. Жумладан, йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши йил бошида прогноз қилинган 5,4 фоиз ўрнига 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Жаҳон банки ҳамда Осиё тараққиёт банки баҳолари ҳам шуни тасдиқламоқда. Бунда, ўсиш қурилиш соҳасида 11,8 фоиз, саноатда 6,4 фоиз ва хизматлар соҳаси 6,1 фоизни, қишлоқ хўжалигида эса 3 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. 2019 йил якунларига кўра Давлат бюджети даромадлари 112 трлн. 600 млрд. сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 42 фоизга ошиши кутилмоқда.

2020 йилда ЯИМнинг 5,5 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 6,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 4 фоиз; капитал қуйилмалар ҳажмининг камида 10 фоиз; чакана савдо айланмасининг 5,6 фоиз; хизмат кўрсатиш ҳажмининг 5,7 фоиз ўсиши прогноз қилинди. Давлат бюджети лойиҳаси ушбу макроиқтисодий кўрсаткичлар параметлари асосида ишлаб чиқилди.

Таълим, тиббиёт, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва бошқа йўналишлар бўйича қарийб 100 та мақсадли дастурни амалга ошириш режалаштирилган. Инфляция ўсиши прогноз қилинган, ҳукуматда Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришга доир аниқ стратегия ва модел мавжуд.

Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Давлат бюджети маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишда иштирок этади. Давлат бюджети маблағларини шакллантиришда солиқ тўловчи сифатида, улардан фойдаланишда давлат томонидан тақдим этиладиган қулайликлар ва хизматларнинг истеъмолчиси сифатида иштирок этади.

2019 йилдан бошлаб фуқаролар туманлар (шаҳарлар) бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларни белгилашда иштирок этиши мумкин. Бу мақсадларга туман ёки шаҳар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизи йўналтирилади.

Шунингдек, Сенат аъзолари давлат номидан ёки давлат кафолати остида олинадиган ва Давлат бюджети ҳисобидан қайтариладиган ташқи қарз ҳисобига давлат мақсадли дастурлари харажатларини амалга ошириш тартибининг назорат қилиниши, 2018 йилги Давлат дастурида «истеъмол саватчаси»ни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланганлиги, аммо бугунги кунгача бу тўғрида аниқ маълумот йўқлигини ўртага ташлади. 2020 йил бюджетини Қонун кўринишида кўриб чиқилаётгани, унда аҳоли даромадининг яшаш учун зарур бўлган эҳтиёжни қоплашга етказиш масаласини ҳам муҳокама қилишди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг