Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2 871 млрд. сўмлик кредитлар — «Микрокредитбанк» давлат дастурлари бўйича ҳисобот берди

2 871 млрд. сўмлик кредитлар — «Микрокредитбанк» давлат дастурлари бўйича ҳисобот берди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 22 июль куни Миллий матбуот марказида «Микрокредитбанк» АТБ томонидан «Микрокредитбанк томонидан давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Ушбу тадбирни «Микрокредитбанк» АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Рустам Сулаймонов очиб, банк томонидан давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Хусусан, бугунги кунда банкнинг 71 та филиали, 85 та банк хизматлари марказлари, 153 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш офислари, 150 та махсус кассалари фаолият юритиб, 250 мингга яқин юридик шахсларга, 1 250 мингдан ортиқ жисмоний шахсларга хизмат кўрсатмоқда.

Жорий йилда банк активлари 8 фоизга, кредит потфели 7 фоизга, депозитлар қолдиғи 29 фоизга, шундан аҳоли омонатлари қолдиғи 21 фоизга ўсди.

Банк томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва шароитларини яхшилаш мақсадида 15 та янги, замонавий ихчам банк хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, Венгрия давлатидан 300 дона янги банкоматлар келтирилиб, чекка ҳудудлардаги 24/7 хизмат кўрсатиш офисларига  жойлаштирилди.

Кейинги босқичда қўшимча яна 300 дона банкомат олиб келиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Аҳамиятлиси, ушбу банкоматларни олиб келиш Венгриянинг Экзимбанки кредит линияларини жалб қилиш орқали амалга оширилди.

Шунингдек, банк томонидан «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, банк томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 2 871 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, 37 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.

Таъкидланишича, юқоридаги топшириққа мувофиқ банк структураси таркибида Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида таркибий бўлинма ташкил этилиб, унга тажрибали ходимлар бириктирилди.

Маълумот учун: 1-босқичда 3 685 нафар аёлларга 52,3 млрд. сўм, 2-босқичда 4 884 нафар аёлларга 64,3 млрд сўм имтиёзли шартларда кредит ажратилиб, уларнинг бандлиги, даромад манбаи таъминланди ва «Аёллар дафтари»дан чиқарилди.

Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш, соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу соҳада 298 та ҳолатда 14,5 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шундан 10,4 млрд. сўми «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлган 211 нафар ҳунарманд тадбиркорларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади.

Бугун банк томонидан паррандачилик йўналишида 2021-2022 йиллар давомида барча молиялаш манбалари ҳисобидан 220 та паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга 591,7 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Қуёнчилик йўналишида 289 та (шундан, 11 та юридик шахсларга ва 278 та жисмоний шахсларга) мижозларга 37,8 млрд. сўм миқдорда кредитлар ажратилиб, 79 та иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 278 та оила аъзоларининг бандлиги таъминланди.

Амалга оширилган ишлар натижасида Республика бўйича барча тоифада парваришланаётган қуёнлар бош сони 2022 йил бошига 2 800 мингтани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 3 млн бошга етказилди.

Шунингдек, 2022 йилда қуёнчилик йўналишида умумий қиймати 234,6 млрд. сўмлик 42 та лойиҳага 153,1 млрд. сўм кредит ажратилиши белгиланган.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш, ҳудудларда ипотека дастурларини амалга ошириш, кўп квартирали уй-жойлар массивларини барпо этиш бўйича ҳам банк томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг ПФ-5886 ва ПФ-6186-сонли Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилда жами 727 та оилаларга 137,2 млрд. сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.

Матбуот анжуманида жорий йилнинг II ярим йиллигида ҳам банк томонидан олиб борилаётган ишларни давомли ташкил этган ҳолда бир қанча асосий вазифалар белгилаб олингани қайд этилди.

Якунда «Микрокредитбанк» АТБ масъул ходимлари журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб беришди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг