Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Агробанк 100 китоб тўпламини тақдим этди

Агробанк 100 китоб тўпламини тақдим этди

Жорий йилнинг 28 апрель куни пойтахтимиздаги «Hyatt Regency Toshkent» меҳмонхонасида Агробанк ташаббуси билан чоп этилган «100 китоб тўплами» тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда «Агробанк» АТБ масъул ходимлари, лойиҳа муаллифлари, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил бу – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш экани айтилганди. Жаҳон миқёсида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аграр соҳанинг ўрни ва аҳамияти ҳамда глобал бозорларидаги майдончаларда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари учун хомашё ҳисобланган буғдой, соя, маккажўхори нархлари ошиб бормоқда.

Дунё бозорларида юзага келаётган бу каби ҳолатлар мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳосилдорлик ва манфаатдорликни янада ошириш, соҳага илм-фан ютуқлари ҳамда замонавий ёндашувларни жорий этиш долзарблик касб этмоқда.

«Агробанк» АТБ Республикамиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланишига ҳисса қўшиш учун нафақат молиявий, балки ижтимоий лойиҳалар билан ҳам аграр соҳага сармоя киритиш эътибор моликдир.

Хусусан, банк ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида замонавий билимларни тадбиқ этиш, соҳада фермерлар, тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли учун содда, тушунарли бўлган методологик қўлланмаларни тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилди.

Ушбу лойиҳани бошлашда Туркия Республикасида қишлоқ хўжалигининг турли йўналишлари бўйича тайёрланган ўқув тўпламлари ўрганиб чиқилди.

Бу каби қўлланмалар шу кунгача Ўзбекистонда алоҳида тўплам шаклида тайёрланмаган. Маҳаллий олимлар томонидан тайёрланган китоблар чекланган нашрда чоп этилган, кенг фойдаланувчилар қўлига етиб бормасдан асосан илмий мутахассислар ва талабалар томонидан ўрганилган.

Республикамиздаги олимлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига ҳар томонлама қулай бўлган ва Ўзбекистон иқлимига мос 100 та китобдан иборат тўплам яратиш лойиҳаси устида иш олиб борилди. Бу лойиҳани амалга оширишда Агробанк қошида илмий гуруҳ ташкил этилди ва 120 нафардан ортиқ соҳа мутахассислари, олим ва ўқитувчилар жалб этилди.

Дастлабки, босқичда Тошкент давлат Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда, Туркиядан олиб келинган қўлланмаларни 20 нафар таржимонлар иштирокида ўзбек тилига таржима қилинди.

Кейинги босқичда 7 та илмий муассасаларнинг 41 нафар профессор, ўқитувчилар, илмий ходимлари жалб қилинди ва маҳаллий олимларининг илмий салоҳияти асосида юртимиз иқлими ва табиатига мос қўлланмалар тайёрланди.

Сўнгра тайёрланган қўлланмалар 52 нафар соҳа мутахассислари томонидан илмий ҳамда 4 нафар муҳаррирлар гуруҳи томонидан тақриздан ўтказилиб, дизайнерлар томонидан якуний чоп этиш ҳолатига келтирилди.

Тўпламда қишлоқ хўжалиги соҳаси, жумладан, мева-сабзавот ва полиз экинлари, ғаллачилик, дон ва дуккакли экинлар, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик каби тармоқларнинг энг илғор тажрибаларига оид кенг қамровли илмий ва амалий маълумотлар жамланди.

Бу тўпламда, маҳсулотларни етиштиршдан ташқари, касалликларга қарши курашиш, минерал ва маҳаллий ўғитлар турлари, қишлоқ хўжалиги техникалари тўғрисида ҳам маълумотлар берилган.

Ушбу китобларни тайёрлаш ва чоп этиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар Агробанк томонидан молиялаштирилди.

Мазкур тўпламлар босқичма-босқич чоп этилиб, республикамизнинг барча ҳудудларидаги фермерлар, тадбиркорлар ва деҳқон хўжаликларига етказилади.

Шунингдек, кенг фойдаланувчилар оммасини қамраб олиш мақсадида китобларнинг электрон нусхаси банкнинг agrobank.uz интернет сайти, махсус telegram боти орқали фойдаланиш имконияти яратилди.

Тақдимотда Агробанк томонидан амалга оширилаётган яна бир катта лойиҳа тўғрисида ахборот берди.

Хусусан, банк томонидан ҳозирда Тошкент давлат аграр университетининг Тошкент, Нукус, Самарқанд, Термиз шаҳарларидаги филиаллари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда фермерлар мактабини жорий этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур фермерлар мактабига ҳар йили 1000 нафар фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, томорқа ер эгалари ва тадбиркорлар жалб қилиниб, аграр ўқув юртлари ўқитувчилари, соҳа мутахассислари ҳамда тадбиркорлар томонидан ўқитилиб, ўқитиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар Агробанк томонидан амалга оширилади.

«Агробанк» АТБ бу каби лойиҳаларни доимий тарзда амалиётга тадбиқ этиш, соҳага замонавий билимларни олиб кириш орқали аҳоли ва мижозларга, фермер ва тадбиркорларга доимий кўмакчи бўлиб боради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг