Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижонда ФИФА ва УЕФА мусобақаларида ўйналадиган тўп ишлаб чиқарилади

Андижонда ФИФА ва УЕФА мусобақаларида ўйналадиган тўп ишлаб чиқарилади

Фото: Миамир.рф

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Фурқат Сидиқов Панжоб провинциясида жойлашган «Forward Group» компанияси эгаси Хважа Маъсуд Ахтар билан учрашди.

«Forward Group» компанияси спорт маҳсулотлари, асосан футбол тўплари ишлаб чиқариш билан танилган. Футбол бўйича 2014 ва 2018 йилларда ўтказилган жаҳон чемпионатлари учун фақат «Forward Group» компанияси тўп етказиб берган. Шу билан бирга УЕФА Чемпионлар лигаси баҳсларида ўйналадиган тўплар ҳам «Forward Group» компаниясида ишлаб чиқилган. Заводда турли спорт маҳсулотлари — гандбол ва волейбол тўплари, спорт сумкаларидан тортиб, тиббиётда қўлланиладиган жарроҳлик ускуналаригача ишлаб чиқилади.

Хваджа Маъсуд Ахтар Ўзбекистон элчиси билан бўлган учрашув чоғида Андижон вилоятида 2018 йилда ташкил этилган қўшма корхона бўйича сўз очди. Ўзбекистон - Покистон қўшма корхонасида «Adidas» брендига тегишли футбол тўплари ишлаб чиқарилади. Ушбу тўплар халқаро футбол мусобақалари, жумладан, МДҲ давлатлари бозорларига чиқарилади.

«Forward Group» компанияси ички сирни ошкор қилмаслик ва сифатни сақлаш учун бошқа давлатларда корхона очиб, сармоя киритмай келаётган эди. Аммо Ўзбекистондаги иқтисодий салоҳият инобатга олинган ҳолда, «Forward Group»нинг илк хорижий лойиҳасини айнан юртимизда йўлга қўйиш келишиб олинди. Ушбу келишув доирасида 2017-2019 йилларда Андижонда «Forward-TH Sports» заводини қуриш бўйича катта кўламда ишлар олиб борилди.

Андижондаги заводнинг ишлаб чиқариш қуввати бир ойда 3000 та тўпдан иборат. Ўзбекистонга келтирилган ускуналар эса ўзига ҳос бўлиб, тижорий сир ва интеллектуал мулк ҳисобланади. ФИФА ва УЕФА таснифидаги мусобақаларда «Ўзбекистонда тайёрланган» бренди остида тайёрланган футбол тўпларидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.

«Forward-TH Sports» лойиҳаси муваффақиятли амалга ошган тақдирда, покистонлик тадбиркор Ўзбекистонда спорт сумкалари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг