Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлат «ҳимояси». Яна эски ҳаммом, эски тос...ми?

Давлат «ҳимояси». Яна эски ҳаммом, эски тос...ми?

Таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов «Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинадиган мева-сабзавот ҳамда текстиль маҳсулотларининг контракт қийматини мониторинг қилиш тўғрисида»ги низом лойиҳаси борасида ўз мулоҳазаларини, аниқроғи экспортга нархларни белгилаш ғоясига кескин қаршилигини билдирди.

Давлатимиз қатъий равишда экспортга нархларни белгилаш ғоясига мунтазам қайтаётгани кўпчилик қатори мени ҳам ҳайратлантирмасдан қўймаяпти, рости. Эътиборингизни жалб қилган ҳолда бир далилга тўхталиб айтишим керакки, экспортчилар давлат корхоналари эмас, балки фермерлар, агрофирма ва текстиль компаниялари саналади. Ва уларнинг жуда кўпчилиги хусусий. Шунга мувофиқ, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳам ўзлариникидир, яъни нима қилишса ҳам ўзлари мулкларини идора қилиш ҳуқуқига эгалар. Албатта, давлат экспорт амалиётининг умумий қонун-қоидаларини ўрнатиши, валюта, тариф ва солиқ назорати кабиларни ҳам тайинлаб, ўрнатиш ҳуқуқига эга, буларнинг барчаси аллақачон мавжуд.

Бироқ яна ва яна давлат экспортга нархларни белгилашни истамоқда. Нега? 

Ўтмишда айнан экспортга минимал нархларнинг ҳудди мана шундай тарзда назорат қилиниши ва ўрнатилиши туфайли фермер ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари бир неча марта касодга учраганлар ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларини экспортга самарали кўрсаткичлар билан етказиб бера олишмаган.

Биргина мисолни келтириб ўтсам. Ўтган йили гилос ҳосили жуда яхши бўлди. Боғбонлар тўкин-сочин мавсум илинжида жуда хурсанд эдилар.

Бироқ давлат гилоcнинг 1 кгни 4 доллардан паст нархда экспорт қилишни таъқиқлаб қўйди. Аммо гилосга белгиланган нархнинг ташқи коньюнктураси мутлақо бошқача эди. Мен ўзим шахсан Россиядаги супермаркетда 1 кг гилос учун 190 рубль (3$) тўлаган эдим. Шундан келиб чиқадики, Москвадаги чакана савдода гилоснинг килоси 3$ эди, мансабдорларимиз эса уни 4$ дан паст нархда экспорт қилишни ман қилишган.

Учрашувларнинг бирида юқори мансабни эгаллаб турган давлат хизматчиларидан бирига тўғридан-тўғри савол бериб, давлат нега бундай йўл тутаётганини сўраган эдим. Жавоб эса оддий тарзда жаранглади: «Биз фермерлар маҳсулотларини ўртакашларга сотиш орқали даромадларини тушириб юборишларини олдини олишни истаймиз. Ўзлари мустақил товар етказиб беришлари учун энг унумли йўлларни излашсин. Агар Россияда арзон бўлса, бошқа жойга сотишсин».

Бошқа бир мансабдорнинг келтирган важи эса унданда қаттиқроқ эди: «экспортчилар ишлаб топган валюталарининг аксарият қисмини хорижда қолдириб, бизга эса олаётган фойдаларининг фақат бир қисминигина кўрсатишларини истамаймиз».

Агар ўйлаб қаралса, иккала жавоб ҳам умуман танқидга бардош бера олмайди. Авваламбор, маҳсулот эгаси унга тўла эгалик қилади, олдингидагидек ҳозир валюта даромадини мажбурий сотиш йўқ, экспорт эса солиқлардан ҳоли, шу сабабли давлат экспортчилар маҳсулотларини қандай тасарруф қилаётгани, даромадини қай тарзда тақсимлаётгани билан иши бўлмаслиги керак.

Мантиқан ўйланса, қандай қилиб ва нима учун солиқ ва мажбурий сотишлар йўқ бўлиб турган шароитда оддий фермер ва ишлаб чиқарувчилар ўз пулларини яшириб юришлари керак? Умуман олганда эса, Болтиқбўйи давлатларидаги банклар билан боғлиқ можаролар ва бўлиб ўтган барча коррупцион жанжаллардан сўнг, шуниси аниқки, ҳамюртларимизнинг ўз маблағларини четда сақлашлари ватанимизда сақлашларидан анча ҳавотирли ҳамда қийинроқ бўлиб бормоқда.

Нархлар назоратини нима учун бекор қилмаслик керак, деган саволга мансабдорларимиз томонидан келтирилган важларнинг қанчалик суст эканлигига ортиқча тўхталиб, майдалашиб ўтирмасдан мисолимизга қайтсак.

Гилос етилганидан сўнг узоқ сақланмаслигини инобатга олсак, фермерлар ўтган йилги ҳосилларининг аксарият қисмини ички бозорда сотишганини тахмин қилиш мушкул эмас. Кўпчилик айнан чекловлар сабаб ҳосилини импорт учун 2$ дан олишга тайёр бўлган харидорларига сота олмади. Бундай харидорлар эса, дарҳақиқат, бор эди, охир оқибатда эса фермерлар маҳсулотни ички бозорда 5000-7000 сўмдан сотишга мажбур бўлишди (1$дан кам). Ҳосил мўл бўлгани ички бозорда деҳқонларимизга қарши ишлади.

Биз тармоғимизда ўтган йили мавсумида гилосни ўртача 5000-6000 сўмдан харид қилдик, бу эса сўнгги бир неча йил ичида рекорд даражада паст нарх эди.

Энди фермерларнинг зарарини бир ҳисоблаб кўринг-а...

Бозорни тан олмаслик мумкин, аммо бу билан бозор мавжуд бўлмайди, дегани эмас. Юзага келган вазият сабаб мамлакатда Кавказ мамлакатларидан сайёр олибсотарлар пайдо бўлди ва гилосни 0,5-0,8$дан сотиб олишди, маҳсулотни юк қилиб қўшни мамлакатларга қинғир йўллар билан, ва яна, гилосни карам остига беркитиб Қирғизистон ва Қозоғистонга олиб чиқишди, у ердан ҳужжат қилиб, Россияга олиб кетишди ва табиийки, у ерда анча баланд нархда сотишди, деҳқонларимиз ризқини кесишди. Минимал белгиланган нархлар деҳқон ва ишлаб чиқарувчиларни ҳеч қандай ҳимоя қила олмади.

Натижада эса, маҳаллий фермерларимизни ҳимоя қилиш ўрнига уларни олибсотарлар қармоғига чекловларимиз билан илинтириб бердик. Бундай эгри йўллар билан сотилган молнинг даромади эса бизга қайтиб келмаслиги энди аниқ.

Ўзимиз қазиган ўрага ўзимиз тушдик.

Ишончим комилки, ишлаб чиқарувчи ва фермерларимизнинг давлат «ҳимояси» ортидан кўрган жабрлари ҳақидаги ҳикоялари бунданда узунроқ.

Ўтган ёз охирида экспорт учун давлат томонидан нарх белгиланиши бекор қилинганида барчамизнинг елкамиздан тоғ ағдарилган эди, гўё. Гилос мавсуми қўлдан бой берилган бўлса-да, нималардир қутқариб қолиниб, одамга ўхшаб экспорт қилингани аниқ. Фаолиятим сабаб қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчилари билан тез-тез учрашиб тураман. Чинакам маънодаги заҳматкаш ушбу инсонлар янги мавсумга катта умид боғлаганлар.

Келинг, улар учун дуода бўлайлик, экспорт учун нарх назорати белгилаб, ўрнатиб умидларини яксон қилишмасин. Бу гал текстилчиларни ҳам қўшиб дуо қилинг, деб ёзади Зафар Ҳошимов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг