Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳоким ва ёшлар» учрашуви «сценарийлашган томоша» бўлмади

«Ҳоким ва ёшлар» учрашуви «сценарийлашган томоша» бўлмади

Фото: «Xabar.uz»

Бухоро туманидаги 1280 ўринли спорт мажмуаси манежида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 27 декабрда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган учрашувда вилоятдаги тадбиркор ёшлар, спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган йигит-қизлар, корхона-ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшлар, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ҳамда муаммо ва таклифлари бор ёшлар иштирок этди.

Вилоят раҳбари Ўктам Барноев учрашувда ёшларни расмиятчиликдан холи бўлиб, уларни очиқ ва ошкора мулоқот қилишга чақирди.

Фото: «Xabar.uz»

Бугунги кунда тез ўзгариб бораётган ахборот технологиялари асри инсониятнинг босма нашрга бўлган талабига нисбатан уларнинг ижтимоий тармоқлар, сайтлар ва каналларга бўлган эҳтиёжини оширмоқда. Босма нашрлар обунасини ташкил этишдаги муаммолар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши муассислигидаги «Бухоро ёшлари» газетасини ҳам четлаб ўтмади. Мазкур ёшлар нашри 2020 йил учун 700 га яқин обуначиларига эга бўлган. Бу, албатта, нашрнинг кейинги фаолияти қўллаб-қувватланишга эҳтиёжманд эканлигини кўрсатади.

Жамиятнинг ўткир талабларидан огоҳ бўлиб, давр ёшларининг иқтидорини юзага чиқаришда, муаммо ва ташвишларини бартараф этишда, уларнинг истеъдод ва иқтидори, фаолиятини ёритиш, тарғиб этишда босма нашрнинг ўз ўрни, салоҳияти бор. «Бухоро ёшлари» газетаси бизга, барчамизга керак нашр. Қўллаб-қувватлаймиз! — деди вилоят ҳокими Бухоро давлат университети талабаси Вазира Саидованинг ёшлар нашри ададини кўтариш ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича билдирган таклифига.

Шунингдек, вилоят раҳбари журналистика соҳасига қизиқиши баланд ёшларнинг медиа-марказ яратиш, янгича талқиндаги теле ва радиоканал очиш хусусидаги таклифларига муносабат билдирди. Шу ернинг ўзида креатив қарор қабул қилинди. Бу Бухорода вилоят ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича «Ёшлар жамғармаси»ини ташкил этиш заруратидир. Бу ташаббус ҳам талайгина мурожаатларни жойида ҳал қилиш имконини беради, албатта.

Фото: «Xabar.uz»

Вобкентлик Феруза Жалилова Вобкент ахборот-ресурс марказининг эътиборга муҳтожлиги, уни капитал таъмирлаш ташаббуси билан чиқди. Бу масалани ҳал қилишда амалий ечим топишда кўмак сўради.

Қоракўл туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактаби ёшлар етакчиси Ҳулкар Хўжақулова туманда ёшлар маркази йўқлиги, ҳатто, туман ёшлар ташкилоти жойлашган бино ҳам бугунги кунда эътиборга муҳтожлиги хусусида тўхталди.

Бухоро туманилик ижтимоий ҳимояга муҳтож Яраш Мухторов имконияти чекланган ўртасида турли спорт мусобақаларини ўтказиш, БухДУ талабаси Шаҳбоз Бафоев ракетамодель бўйича техник ўқув маркази базасини очиш таклифини берди.

Фото: «Xabar.uz»

Бухоро Олимпия заҳиралари спорт мактаб-интернатининг бир гуруҳ ўқувчилари яқингача коллеж мақомида фаолият юритиб келган таълим даргоҳи асосан якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилгани сабабидан унда футбол майдони йўқлиги, шу муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам сўрашди. Вилоят архитектура ва қурилиш мутасаддиларига мурожаатни тезда ўрганиш ва мактаб-интернати орқасидаги нообод ердан алоҳида стадион ва бошқа спорт турлари учун майдон барпо этиш талаби қўйилди.

Учрашувда ёшлар ўзларининг келажак режалари, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини ишлаб чиқиш бўйича берилган элликка яқин мурожаат ва таклифлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Жойида ҳал қилиш имкони бўлган оғзаки мурожаатлар қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган масалаларни ҳал этиш юзасидан вилоят ҳокими ўринбосарлари ва тегишли ташкилот раҳбарларига уларнинг ечимига доир кўрсатмалар берилди.

Вилоят ҳокими Ўктам Барноевга кўра, Бухорода орттирилган бюджет маблағлари ҳисобидан «Ёшлар жамғармаси» тузилади. Жорий 2020 йилдан бошлаб, вилоятда мавжуд Олийгоҳ талабалари учун 1 миллион миқдорида «Вилоят ҳокими стипендияси» жорий этилади. Президент томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ва шунингдек, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ривожлантиришга қаратилган энг яхши лойиҳалар учун эса 5 миллион миқдорида мукофот пуллари ажратилади.

Маълумот учун: вилоятда 2019 йилда 54 та нодавлат ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 496 та оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилган. 52 та умумий ўрта таълим мактаби янгидан қуриб, фойдаланишга топширилган. Уларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 48 миллиард сўм моддий-техник база киритилган. Қоракўл туманида Халқаро математика мактаби ташкил қилинган.

Жорий йилда эса Бухоро шаҳрида замон талабига жавоб берадиган «Президент мактаби» барпо этилади. Бухоро шаҳрида Мухтор Ашрафий санъат мактаби ҳамда Президент мактаби ташкил этилиб, фойдаланишга топширилади.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг