Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Нуран уз» — чўл ўрнидаги боғ тарихи

«Нуран уз» — чўл ўрнидаги боғ тарихи

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бир бор экан, бир йўқ экан» — эртаклар одатда шунақа бошланади. Аммо «Нуран уз» эртаги умуман ҳеч нарса йўқ жойдан бошланди. Уч ой олдин бу ерлар шунчаки яйдоқ чўл эди. Нари борса 800 метр наридаги божхонанинг у-бу нарсалари турарди. Ҳозир эса 235 гектарлик росмана боғ қад ростлаган. Орадан уч ой ўтди, ҳолос.

Икки ой олдинги ҳолат

Анъанавий деҳқончилик билан иш олиб борилганда балки бунақа натижага эришиш учун 3 йил етмаган бўларди. Аммо замонавий технология, томчилаб суғориш ва салгина уддабуронлик натижасида чўл ўрнига боғ, боғ орасига эса қовун-тарвуз экилди ва гектаридан 80-100 тонна ҳосил олинмоқда. Яна икки йилда Испаниядан келтириб экилган ўрик, гилос ва узум кўчатлари ҳам ҳосилга киради.

«Аввалига бизга ишонганлар кўп бўлмади. Ерни текислаш, ҳайдаш, тайёрлаш, замонавий технологиялар ва томчилаб суғориш тизимини ўрнатиш учун гектарига 18 минг доллар сарфладик.

Натижада уч ойда тарвуз ҳосилини сотишни бошладик», — дейди корхона таъсисчиларидан бўлган Нурали Абдуллаев.

Ҳозир бу ерлар 1983 йилда фойдаланишдан чиқарилгани ва чўлга айланганига ишониш қийин. «Нуран уз» МЧЖ таъсисчилари Анвар Қодиров ва Нурали Абдуллаев ўз маблағлари эвазига 235 гектар адирлик ер майдонларини ўзлаштириб, 202 гектарга ўрик, 21 гектарга гилос ва 12 гектарга узум экишди ва томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди.

Ҳаво ҳароратини аниқлаб туриш учун ўрнатилган метеостанция. 

Эътиборли томони, ўзлаштирилган ерда ҳамма иш инновацион усулда амалга оширилади. Ерда намлик камайган вақтда махсус чиплар сигнал юборади ва томчилаб суғориш тизими ишга тушади. Об-ҳаво исиб кетиши эса махсус метеостанция ёрдамида аниқланади ва бу ҳолатда ҳам суғориш тизими ишга тушади.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев «Нуран уз» МЧЖ томонидан амалга оширилган ишлар билан танишди. «Давлат раҳбарига сиз қилган ишлардан нималар ёқди?» дея савол берди журналистлар. «Ғоя. Бизнинг ғоямиз ёқди», — деган жавоб бўлди.

Ғояни амалга оширишнинг ўзи бўлмаган, албатта. Барчаси инновация ва илмга асосланиб олиб борилди. Иш бошлашдан олдин «Нуран уз» таъсисчилари Наманган вилоятида тўртта жойдан тупроқ намуналарини олиб, Францияга юборишди. У ердаги лабораторияда намуналар текширилиб, айнан шу жойлар деҳқончилик қилиш учун тавсия қилинди. Натижа эса, кўп куттирмади.

Президент ташрифидан сўнг МЧЖга яна қўшимча 10 та артезиан қудуғи ўрнатиб бериладиган бўлди ва субсидиялар ажратилди. Демак ишонч билан шуни айтиш мумкинки, «Нуран уз» эртаги давом этади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг