Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекистон» меҳмонхонаси нархи яна арзонлашди

«Ўзбекистон» меҳмонхонаси нархи яна арзонлашди

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзбекистон» меҳмонхона комплексини сотиш бўйича ошкора танлов савдоларига таклиф этди.

«Оtel O`zbekiston» МЧЖ қўшма корхонаси устав капиталидаги давлат улуши ер ва унда жойлашган инфратузилма объектлари ҳамда «Ўзбекистон» меҳмонхона комплекси биносидан 99 йил давомида фойдаланиш (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) ҳуқуқи шаклида шакллантирилган.

Мазкур объект давлат улушининг бошланғич нархи 10 фоизга пасайтирилиб, 29,7 млн. АҚШ доллари этиб белгиланди.

Инвестиция мажбуриятларига кўра, мажмуани сотиб олган инвесторга икки йил ичида 100 миллиард сўм миқдорида сармоя киритиши, 10 йил давомида асосий фаолият тури яъни меҳмонхона хизмати кўрсатишни сақлаб қолган ҳолда ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаши ва бошқарувга энг илғор менежерларни жалб қилиши талаб этилади.

Тошкент шаҳрининг қоқ марказида жойлашган ушбу мажмуанинг умумий ер майдони 17.482 м2 ни ташкил этади. Бино 17 қаватдан иборат бўлиб, жами 315 та хонаси мавжуд. Улар 83 та бир кишилик (стандарт), 60 та 1 кишилик (яхшиланган), 59 та ярим люкс стандартдаги (иккита ётоқли), 105 та икки кишига мўлжалланган (twin) ҳамда 7 та люкс шунингдек 1 та (грандлюкс) хоналаридир.

Меҳмонхона мажмуасида 2 та 330 кв.м кенгликдаги анжуманлар зали ҳамда 2 та 2 020 кв.м кенгликдаги 550 ўринга мўлжалланган банкет заллари мавжуд. Шунингдек, минибар, ресторан, савдо ва валюта айирбошлаш шохобчалари, спорт хонаси, сауна, бассейн, автотураргоҳ, бепул интернет хизматлари кўрсатилади.    

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг