Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Озарбайжонга қишлоқ хўжалиги техникалари экспорти ҳажмини оширади

Ўзбекистон Озарбайжонга қишлоқ хўжалиги техникалари экспорти ҳажмини оширади

Фото: «Ўзагротехсаноатхолдинг» матбуот хизмати

Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси бугун, 5 февраль куни «Ўзагротехсаноатхолдинг»да бўлиб, унинг таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди. Бу ҳақда акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарда 2018 йилда жами 11 минг 570 дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилди.

Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида 7 турдаги трактор, 2 турдаги пахта териш машинаси, юк ташишга ихтисослашган тиркамалар ишлаб чиқарилмоқда. Завод ўтган йилда 900 миллиард сўмликдан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаларини деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб берди. Шунингдек, корхона фаолияти Германия, Италия, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар ҳисобига янада яхшиланди. Ҳозирги кунда жамият тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган техникаларни 30-40 фоизгача маҳаллийлаштириш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.

Фото: «Ўзагротехсаноатхолдинг» матбуот хизмати

Тадбирда Озарбайжон делегацияси билан «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ ўртасида қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш юзасидан музокара ўтказилди. 2018 йилда акциядорлик жамияти томонидан Озарбайжонга 70 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари экспорт қилинган эди. Жорий йилда Озарбайжонда ўтадиган агрокўргазмаларда юртимизда ишлаб чиқарилган техникалар ҳам намойиш этилади. Бу экспорт ҳажмини янада оширишга туртки беради.

– Учрашувда озарбайжонлик мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик, – дейди «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Мухтор Каримов. – Ишлаб чиқаришда замонавий хориж тажрибасини татбиқ этиш, чет эллик ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиш орқали тизим корхоналарида маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш асосий вазифамиздир. Бу каби музокаралар биз ишлаб чиқараётган қишлоқ хўжалиги техникаларининг ички ва ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллашига замин яратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг