Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги муаммо муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги муаммо муҳокама қилинди

Дастлаб томонлар Қозоғистоннинг «Жибек-Жолы» чегара-божхона постида музокаралар олиб боришди, унда асосий эътибор шу кунларда ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пунктларида кузатилаётган юк автотранспорт воситаларининг тирбандлигига қаратилди.

Сайёр учрашувда Ўзбекистон Республикасидан Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илхом Мухторов ва Қозоғистон Республикасидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат даромадлари қўмитаси раиси ўринбосари Бакытжан Слямов, шунингдек, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов, иккала давлат чегара назорати раҳбарияти вакиллари иштирок этишди.

Айни вақтда юртимизда пишиқчилик мавсуми ҳам бошланган бўлиб, ноябрь ойига қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти кундан кунга ошади. Мазкур омиллар натижасида ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пунктларида шу кунларда жами ҳисобда мингга яқин юк автотранспорт воситаларининг тирбандлиги кузатилмоқда.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистонинг «Ғишткўприк», «Яллама», “Сирдарё» чегара божхона постлари, «Малик», «Оқ олтин» ўтказиш пунктлари, Қозоғистоннинг эса «Б.Конысбаев», «Атамекен» каби чегара божхона постларида ҳам бўлиб, мавжуд вазиятни жойида кўздан кечиришди, тирбандликда турган ҳайдовчилар билан яқиндан мулоқот қилишди.

Томонлар муаммони тезкорлик билан бартараф этишга қаратилган таклифларни атрофлича муҳокама қилишди.

Хусусан, Ўзбекистон томони асосан кундузги вақтда фаолият юритувчи «Малик» (Ўзбекистон) – «Сирдарё» (Қозоғистон) ўтказиш пунктини суткалик режимга ўтказиш, шунингдек, ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг фуқаролиги ва транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган давлатга доир чекловларни бекор қилиш таклифини илгари сурмоқда. Бунинг учун иккала давлат ўртасида 2001 йилда имзоланган келишувларга ўзгартиришлар киритиш лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган.

Шунингдек, «Яллама» (Ўзбекистон) – «Б.Конысбаев» (Қозоғистон)  чегара-божхона постлари орқали юк автотранспорт воситаларининг ўтказувчанлигини суткасига 700 тагача кенгайтириш таклифи ҳам илгари сурилди. Бунинг учун қўшимча куч ва воситалар, хусусан, илғор ахборот технологияларини кенг жалб этиш назарда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг