Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги таъминот омборларида сақланаётган моддий-товар ресурслар ҳолатини ўрганди (фото)

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги таъминот омборларида сақланаётган моддий-товар ресурслар ҳолатини ўрганди (фото)

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» аъзолари таъминот омборларида сақланаётган моддий-товар ресурслар билан боғлиқ вазиятни ўрганиш мақсадида «Техник таъминлаш ва бутлаш» корхонасида бўлди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ жорий йилда углеводородлар захираларини ўстириш мақсадида олиб борилаётган геология-қидирув ишлари доирасида 50 та излов-қидирув қудуқларини ва табиий газ қазиб чиқаришни ошириш мақсадида 72 та эксплуатацион қудуқларини, умумий ҳисобда 122 та қудуқларни ўз маблағлари ҳисобидан бурғилашни режа қилган.

Янги нефть ва газ қудуқларини бурғилаш ишлари импорт асосида олиб келинадиган материал-техник ресурсларга узвий боғлиқ. «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан импорт материал-техник ресурслар таъминоти бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

2021 йилда бурғилаш ишларини узлуксиз олиб бориш ва шу билан бирга 2022 йил учун захира ҳажмини яратиш мақсадида жамият томонидан умумий суммаси 68,0 млн АҚШ доллари бўлган 19 та импорт шартномалар имзоланди, шундан 30,5 млн АҚШ доллари миқдорида шартномалар молиялаштирилди.

Таъкидлаш керакки, «Техник таъминлаш ва бутлаш» корхонасининг «Бухоро» омборхонаси жорий йил январь-апрель ойларида Россиянинг «ТМК», «ЧТПЗ» ва Украинанинг «Интерпайп» заводларидан 3664 тонна мустаҳкамлаш қувурларини қабул қилди ва 1866 тонна қувурлар объектларга чиқариб юборилди.

Ташриф давомида омбор ҳудуди катталиги ва ундан унумли фойдаланиш кераклиги ҳамда қувурлар учун қўшимча махсус сақлаш жойлари тайёрланиши лозимлиги таъкидланди.

Йил бошидан пандемия шароитида ишларни узлуксизлигини таъминлаш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раисининг бевосита ташаббуслари асосида бугунги кунгача 17,0 минг тоннадан ортиқ мустаҳкамлаш қувурлари, 110 дона PDC типидаги ва 135 дона шарошкали долоталар, 400 тоннадан ортиқ насос-компрессор қувурлари, 26 комплект қудуқ туби винтли двигателлари олиб келинди.

Олиб келинган ва шартноманинг молиялаштирилган қисми бўйича ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилиши мўлжалланган материал-техник ресурслар бугунги кунда бурғилашда бўлган ва йил якунигача режа қилинган жами қудуқлар учун етарли эканлиги муҳим аҳамиятга молик.

Жорий йилда нефть ва газ саноати қувурларини ишлаб чиқариш борасида дунёнинг етакчиларидан бири бўлган Россиянинг «ТМК» компанияси бош директори Игорь Валерьевич Коритко ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Раззоқович Абдуллаевларнинг учрашуви натижасида ушбу компания томонидан дунё бозоридан фарқли ўлароқ, арзон нархларда ҳар хил типдаги нефть ва газ саноати қувурларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилди.

Ушбу компания томонидан жами бўлиб 17,4 минг тоннадан ортиқ қувурлар сақлаш омборларига етказиб берилди, қувурларни ишлаб чиқариш ва юклаш ишлари тўхтовсиз амалга оширилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раҳбарлигидаги «Ишчи гуруҳ» сақлаш омборларидаги материал-техник ресурсларни сақлаш, ишлатиш ва уларнинг ҳисоботларини юритиш жараёнларининг жорий ҳолати билан танишиш учун омборларга ташриф буюрди.

Ташриф давомида ҳисоботларни юритишнинг электрон дастурий тизимини яратиш, сақлаш омборларида назоратни кучайтириш мақсадида IP кузатув камераларини ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди. Қувурлар ва бошқа материал-техник ресурсларни сақлаш тизимини назорат қилиш, ҳисоботини юритиш, ишлаб чиқариш объектларига тақсимлаш «Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари» МЧЖга зиммасига юклаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Акционерлик жамиятининг Бухгалтерия ва корпоратив муносабатлар, Харидлар департаментига ва Бурғилаш ишларини мувофиқлаштириш департаментларига қудуқларни бурғилашда фойдаланиладиган мустаҳкамлаш қувурларини ишлатиш юзасидан вазифаларни тақсимлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Ўрганиш давомида, жорий йилда тузилган импорт шартномалардаги товарлар камида 2 йил ишлаб-чиқаришни узлуксиз таъминлашга етиши таъкидланди ва айни шу сабаб омборхонадаги шароитларни бугундан бошлаб тубдан яхшилашга келишиб олинди.

Маълумот учун: 2021 йил «Ўзбекнефтгаз» АЖда қиймати 68 млн долларига тенг 18 та импорт шартномалар тузилган бўлиб, ушбу шартномалар орқали келтираладиган товар-моддий ресурсларни қабул қилиш ва сақлаш бўйича Республикамизнинг 4-ҳудудида, 6 та таъминот омборларида яъни, «Қарши», «Косон», «Бухоро», «Қоровулбозор», «Қўнғирот», «Фарғона» таъминот омборхоналари билан иш олиб борилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг