Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: Ўзбекистонда илк бор Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан JetA-1-SSF газ турбинали двигателлар учун ярим синтетик авиаёқилғи ишлаб чиқарилди

«Ўзбекнефтгаз»: Ўзбекистонда илк бор Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан JetA-1-SSF газ турбинали двигателлар учун ярим синтетик авиаёқилғи ишлаб чиқарилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан нефть маҳсулотлари ва углеводород хом-ашёси импорт ўрнини босиш, мамлакатимизда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» аъзолари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Импорт ўрнини босадиган, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ёқилғи мустақиллигига эриш бўйича берилган топшириқлар ҳамда белгиланган вазифалар ижроси ҳолатини ўрганиш учун Бошқарув раиси ва «Ишчи гуруҳ» аъзолари Бухоро нефт қайта ишлаш заводи (Бухоро НҚИЗ)ишлаб чиқариш майдонларида бўлди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раисининг Бухоро НҚИЗга ишчи ташрифи доирасида корхона мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди, унда GTL синтетик керосинини жалб қилиш орқали JetA-1-SSF (Джет А-1) авиация ёқилғисини ишлаб чиқаришга доир муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда синтетик ёқилғини қабул қилиш учун барча инфратузилма тайёр бўлгани, уни Джет А-1 авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш бўйича тайёр маҳсулот даражасига етказиш бўйича тўлиқ дастур ишлаб чиқилгани ҳамда амалга оширилган ишлар ҳисоботи берилди.

Ўз навбатида, Бухоро НҚИЗда синтетик керосинни қабул қилиш ва сақлашга мўлжалланган ҳар бирининг ҳажми 5000 метр куб бўлган иккита сиғим қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Лойиҳа, шунингдек, заводнинг анъанавий Джет A-1 авиаёқилғиси билан аралаштириш ва Джет A-1 (JetA-1)-SSF газ турбинали двигателлари учун ярим синтетик авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш учун Бухоро НҚИЗга GTL синтетик керосинини етказиб беришни кўзда тутади.

Мазкур лойиҳани илк босқичидан бошлаб, Бухоро НҚИЗ мутахассислари Джет A-1 авиация ёқилғисининг сифат кўрсаткичларини бузмасдан, ўрнатилган меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида анъанавий керосин билан оптимал нисбатни аниқлаш учун шунга ўхшаш GTL заводларида ишлаб чиқарилган синтетик керосин намуналари билан доимий равишда лаборатория тадқиқотларини олиб боришди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси бошчилигида лойиҳани амалга ошириш жараёнида Бухоро НҚИЗ раҳбарияти ва мутахассислари томонидан заводнинг ишлаб чиқариш цехлари ва таҳлилхоналарида «Uzbekistan GTL» заводи учун мутахассислар тайёрлаш, уларни уй-жой, озиқ-овқат, иш билан таъминлаш ва ўқитиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди.

Ярим синтетик (Жет А-1 SSF) ёқилғисининг халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида, Бухоро НҚИЗ мутахассислари томонидан, тегишли вазирлик, идоралар ва назорат органлари билан келишилди ҳамда O‘z DSt 1117:2007 «Жет A-1 газ турбинали двигателлари учун авиация ёқилғиси техник шартлар» Давлат стандартига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Натижада, 2022 йилнинг 15 сентябрь куни Бухоро НҚИЗга 511 тонналик синтетик компонентнинг биринчи партиясини олинди. Жорий йилнинг 17 сентябрида эса, Бухоро НҚИЗ, «Uzbekistan GTL» ва «SGS» компания вакиллари иштирокида заводга синтетик керосин қабул қилинди.

Шундан сўнг, O‘z DSt 1117: 2007га 5-сонли ўзгартириш талабларига мувофиқ қуйиш ишлари амалга оширилиб, Бухоро НҚИЗнинг анъанавий керосин билан 50% га 50% миқдорида  аралаштирилди. 18 сентябрда ярим синтетик авиация ёқилғининг тажриба-синов партиясига паспорт бериш амалга оширилди. Паспорт бериш натижалари ярим синтетик авиация ёқилғисининг O‘z DSt 1117: 2007 стандарти талабларига тўлиқ мувофиқлигини кўрсатди.

2022 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаштириш тизимида янги маҳсулот – Джет A-1 (Jet A-1)-SSF газ турбинали двигателлари учун авиация ёқилғиси сертификатланди ва мувофиқлик сертификати олинди.

Жорий йил 21 сентябр куни Транспорт вазири ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси бошличигида Транспорт вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Uzbekistan Airways» АЖ, «Ўзавиация» Агентлиги, «Uzbekistan GTL» МЧЖ ва «Бухоро НҚИЗ» МЧЖ раҳбар ва масъул ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида, "Uzbekistan GTL" синтетик керосинини жалб қилган ҳолда, Бухоро НҚИЗда ярим синтетик Жет A-1 (Jet A-1)-SSF авиакеросинини ишлаб чиқариш ва ҳаво кемаларида қўллаш масалалари муҳокама қилиниб, ушбу турдаги авиаёқилғини қўллашни бошлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

2022 йил 23 сентябрь куни «Boeing» компанияси «Uzbekistan GTL» заводида ишлаб чиқарилган «GTL» керосинни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида тайёрланадиган анъанавий «Jet A-1» авиа ёқилғиси билан аралаштириш компоненти сифатида ишлатиш имконияти юзасидан юборилган сўровга ижобий хулоса берди ва расман тасдиқлади.

25 сентябрь куни эса  Франциянинг «Airbus» авиакомпанияси авиация ёқилғиси соҳасидаги техник талабларни тартибга солувчи «ASTM7566» халқаро стандартларига асосланиб, худди шундай тасдиқнома юборди.

Шу билан бирга, Швейцариянинг мустақил экспертиза, назорат, синов ва сертификатлаштириш билан шуғулланувчи «SGS» компанияси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган «GTL Jet A-1» ярим синтетик авиаёқилғиси сифати халқаро стандартларга мувофиқлигини тасдиқлади. Бу эса, авиация учун ёқилғи сифатида фойдаланиш имконини беради. 

Бугунги кунда, Бухоро НҚИЗ да юқоридаги механизмлар асосида, халқаро стандарт талабларига тўла мос келадиган маҳсулот ишлаб чиқарилиб, биржа савдолари орқали дастлабки 1020 тонна Жет A-1 (Jet A-1)-SSF русумли авиа ёқилғиси «Uzbekistan Airways» компаниясига реализация қилинди.

Республикамизда ушбу маҳсулот ишлаб чиқарилишининг йўлга қўйилганлиги, нафақат ички истеъмолчилар, балки дунёнинг бошқа давлатларидан келадиган ҳаво кемалари эҳтиёжини қондирилишида, туризм салоҳиятини ошишида, шу билан биргаликда, валюта маблағларини иқтисод қилинишида ҳамда импорт ўрнини босувчи асосий омил сифатида хизмат қилади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг