Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент ҳокимлар ва инвестиция вазирлигига муҳим вазифа топширди

Президент ҳокимлар ва инвестиция вазирлигига муҳим вазифа топширди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент ўтказаётган йиғилишда қуритилган мевани экспорт қилиш учун 27 хил турдаги таҳлил қилинадиган лаборатория талаб этилиши, лекин бирорта ҳам бундай лаборатория йўқлиги, тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига олиб кириш учун зарур бўлган 61 та лаборатория таҳлилининг 16 таси бизда йўлга қўйилмагани танқид қилинди.

Энг муҳими, тадбиркор бу муаммолардан маҳсулотини Европага олиб боргандан кейин хабар топаяпти. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тадбиркорлар билан ишлаш, ўқитиш, мулоқотни йўлга қўймагани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан ушбу идоралар раҳбарлари олдига 20 мингта ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан ишлаб, йил якунига қадар Европага экспорт қилувчи корхоналар сонини 2 мингтага кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Уларга бир ой муддатда қайси стандартни жорий қилиш, қайси лабораторияни янгилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Вилоят ҳокимларига ҳам ўз ҳудудида экспортчилар сонини ошириш ва янги лабораториялар очиш бўйича дастур қабул қилиш топширилди.

Инвестиция вазирлигига:

- халқаро сертификация талабларининг ичига кириб, қайси лабораторияни модернизациялаш ва қайси стандартни ўзгартириш каби масалаларни ҳал қилиш;

- йил якунигача текстиль, электротехника, агро ва озиқ-овқат саноати бўйича 27 та халқаро кўргазмада иштирок этиб, камида 100 тадан экспортчиларни Европа бозорига олиб чиқиш топширилди.

Техник тартибга солиш агентлиги йил якунига қадар халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сонини 3 баравар ошириб, 1 минг 200 тага етказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Ушбу корхоналарда Европанинг 1,5 мингта стандартлари жорий этилади. Бу орқали, ҳар бир корхона халқаро лаборатория хулосалари учун 1 миллиард сўм иқтисод қилиб, экспортга кетадиган вақти 3 ҳафтагача қисқаради.

Бундан ташқари, агентликка 121 та лаборатория хулосаларини халқаро стандартларга мослаштириб, камида 100 та давлатда тан олинишини таъминлаш топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг