Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

18 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатлари охирги йилларда изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Турли даражада самарали мулоқотлар йўлга қўйилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил якунларига кўра 45 фоизга ортди. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Таълим, маданият ва туризм соҳасидаги алмашинувлар кенгаймоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Петер Сийярто қабул учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг тилакларини етказди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий, жумладан, Европа Иттифоқи билан мулоқот форматидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Венгриянинг етакчи компаниялари илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, банк, транспорт соҳаларига оид дастуларни амалга ошириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг