Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ташқи қарз: ўзни ва ўзгаларни алдашга не ҳожат?

Ташқи қарз: ўзни ва ўзгаларни алдашга не ҳожат?

Фото: «Yandex»

Мамлакатимизнинг, жумладан, молиявий мустақиллигига гўё бефарқ бўлмаётган айримлар шу кеча-кундузда «Ўзбекистон бой табиий захираларига эга бўла туриб, унинг ташқи қарзга бўлган эҳтиёжини қандай тушуниш мумкин?» деган ва кўриб турганингиздек, «тушунмовчилик» характерига эга бўлган саволни ҳам кун тартибига қўяётирлар. Бунга нима деймиз? «Отасига раҳмат! Тўғри саволни кўтаришаяпти!» дейликми? Ёки «оч қорним — тинч қулоғим» тарзида иш тутиб, осонгина «таслим» бўламизми? Балки, ҳар нарсага қизиқувчан ва билишга интилувчан оддий халқимизга ҳаёт объектив реаллигини айтишдан бош тортишимиз керакдир?...

Бошқаларни билмадим-у, лекин юқоридаги «вариант»ларда иш тутиш — табиатимга зид. Туққанимга ёқмаса ҳам, доимо тўғрисини айтишни одат қилганман. Шунинг учун бу сафар ҳам борини — бор, йўғини — йўқ демоқчиман.

«Ташқи қарзга бўлган эҳтиёж» ва «бой табиий заҳиралар» ўртасида ўзаро вобасталик бўлиши керакми? Сиртдан қараганда, Сизга шундай бўлиши керакдек туюлмаяптими? Фақат Сиз эмас, балки бошқалар ҳам худди шундай ўйлаши мумкин. Ҳақиқатан ҳам, «бой табиий заҳиралар»га эга бўлсак, ташқи қарзга не эҳтиёж? Ўша эҳтиёжларимизни «бой табиий заҳиралар» ҳисобидан қондирсак, бунинг нимаси ёмон? Шундайликка шундай бўлиши мумкинку-я, бироқ...

Қурғур ана шу «бироқ» яна ҳамма нарсанинг «белига тепади»-қўяди-да. Қуйида ана шу «бироқ»ларнинг айримлари хусусида тўхталамиз.

Пул билан боғлиқ бўлган масалалар шунчалик мураккаб, қалтис, нафис ва шунчалик «ғалати»-«ажойиб»ки, бу нарса қарзни, шу жумладан, ташқи қарзни ҳам четлаб ўтмаган. Бу, энг аввало, шунда намоён бўладики, бутун дунё-и-оламда «бой табиий заҳиралар»га эга бўлиб турган бирор-бир давлат ҳали-ҳамон бирор марта ҳам «Ўзимники ўзимга етади. Мен ташқаридан қарз олмайман!» демаган. Тарихга бир назар солинг: дунё давлатлари орасида бундай «мард» — бўлмаган. Ҳозир ҳам — йўқ. Келажакда ҳам — бўлмайди. Нега? Бунинг сабаби — жуда оддий: у ёки бу эҳтиёжни қарз ва шу жумладан, ташқи қарз ҳисобига қондириш шу нарсани мамлакат ичкарисида бўлган «бой табиий заҳиралар»дан фойдаланиш ҳисобига қондиришдан доим арзонга тушади. Бунинг устига, вақтдан ҳам ютамиз. Ҳолбуки, вақт — бу ҳам пул. У, кези келганда, энг қиммат пул тарзида баҳоланиши ҳам мумкин.

Шундай экан, Ўзбекистон заминида Менделеев даврий тизимидаги барча элементлар бор бўлса ҳам, бу ҳали ташқи қарзнинг ўрнига ўшалардан фойдаланиш мумкинлигини англатмайди. Зеро, уларнинг «аааанча»си ер қаърида «яшириниб» ётибди. Аввало, уларни қидириб топиб, ишлов бериш керак. Бунинг устига, «Ташқаридан қарз олишнинг ўрнига мана мендан фойдаланинг!» деб фойдаланишга тайёр турган қазилма бойликларимиз ҳам — бармоқ билан санарли даражада. Шунингдек, улардан фойдаланиш ўз-ўзидан содир бўлмайди. Улар ҳам «отни калласидек» маблағларнинг харж қилинишини тақозо этади.

Бунинг устига, ҳар бир мамлакатнинг «бой табиий заҳиралар»и «бугун еб кетиш»га мўлжалланмаган. Улардан келажак авлод ҳам — умидвор.

Шу ўринда, «Юқори иқтисодий қудратга эга бўлган дунё мамлакатлари бугунги кунда бу масалада қандай иш тутаётган эканлар?» деган саволнинг жавобини топиш ва ундан тегишли мантиқий хулосани чиқариш ҳам принципиал аҳамиятга эга. Қарабсизсизки, «қурмағур»ларнинг барчаси ўзларининг табиий заҳираларини «босиб» ётганлиги маълум бўлади. Масалан, АҚШни олиб қаранг. Бу давлат шу пайтгача бирор марта ҳам «Ўзимизда ҳам нефть конлари бор. Улардан фойдаланайлик. Қувайтдан ёки Амирликлардан нефть олишимизга не ҳожат?» демади-я? Дунё сиёсий харитасига бир қаранг: Қувайт қаерда-ю, АҚШ қаерда? Ҳатто ўртадаги минглаб километр йўллар ҳам инобатга олинмаяпти...

Қарабсизки, у ёқдан қарасангиз ҳам, бу ёқдан қарасангиз ҳам «муаммо» табиий заҳиралар ва ташқи қарзга бўлган эҳтиёж ўртасида ўзаро вобасталик бўлиши мумкин эмаслиги фойдасига ҳал бўлмоқда. Шундай экан, ўзни ва ўзгаларни алдашга не ҳожат?...

Тоҳир МАЛИКОВ

иқтисод фанлари доктори, профессор

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг