Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ташқи қарз: референдум?!

Ташқи қарз: референдум?!

Фото: «Pravo-leed.ru»

Ташқи қарз масаласида «ташвишланаётган» юртдошларимиз навбатдаги «эътироз» ёки «савол»ларидан бири «Қарзлар олинишдан аввал нима учун халқ муҳокамасига қўйилмайди?» кўриниши ёки мазмунига эга. Назаримда, бу тарзда «муаммо»ни кун тартибига қўяётганларни, бир томондан, қўллаб-қувватламасак — бўлмайди. Зеро, улар бу ўринда «Етти ўлчаб, бир кес»нинг «куч»ини кўрсатишаяпти. Ташқи қарз масаласида, ҳатто, бунинг ҳам камлик қилиши мумкинлиги, бу ўринда фақат етти ўлчаб, бир кесиш эмас, балки етмиш ўлчаб, бир кесиш зарурлигини қайд этмоқдалар. Шунингдек, «Кенгашли тўй — тарқамас» ҳам уларнинг назарларидан четда қолмаяпти. Хўш, буларнинг нимаси ёмон? Ёмонликка ёмон эмаску-я, лекин...

Энди ана шу «лекин»и устида сал батафсилроқ тўхталайлик. Бунинг учун, бизнингча, ҳозирча қуйидагиларга эътибор беришнинг ўзи етарли:

  1. Аввало, умуман қарз тўғрисида «овоза» қилиб гапиришнинг ўзи, ўзбекона айтганда, сал «анақа»роқ эмасми? Қарз билан боғлиқ бўлган муаммоларни ўзбекларда ота-она у ёқда турсин, ҳатто, ака-укага билдирмасдан «ҳал» қилмаётирми? Айрим ҳолларда, қарз олганимиздан ўнг кўзимиз хабар топиб қолса, ундан чап кўзимиз бехабар қолмаяптими? Буни, жуда ошиб борса, оиладан четга чиқармасликка жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилмаяпмизми? Айтинг-чи, у ёки бу оиланинг қарз олиш ёки олмаслик масаласи, ҳатто, «маҳалла»да муҳокама қилинганлигига ким гувоҳ?...
  2. Аслида, қарз олиш масаласида бутун дунёда ҳам «хўрозлар бир хил қичқиради». У ердаги мамлакатларнинг бирортаси ҳозиргача бирор марта ҳам четдан қарз олиш ёки олмаслик масаласини умумхалқ муҳокамасига олиб чиқмаган. Шунинг учун ҳам бу масалада ўзимни «хавф»га қўйиб бўлса-да, янада кескинроқ бўлган фикрни, содда қилиб, очиқ-ойдин айтай: четдан давлат қарзини олиш «Давлат» акага тегишли; хафа бўлманг-у, бу «Халқ» акаларнинг вазифасига кирмайди;
  3. Қарз олиш ёки олмаслик масаласини умумхалқ доирасида муҳокама қилиш ўз-ўзидан содир бўлмайди. У ҳеч бўлмаганда, маълум бир вақтнинг сарфланишини тақозо этади. Вақт эса бу пул демакдир. Бунинг устига, вақт оддий пул эмас, балки қиммат турадиган пул. Шунингдек, умумхалқ муҳокамаси жараёнини «отни калласидек» маблағни сарфламасдан амалга оширишнинг иложи йўқ. Шундай экан, ўзимиз қарз олишга «зор» бўлиб турган бир пайтда ортиқча ўринсиз харажатларга не ҳожат?...
  4. Бу масалани умумхалқ муҳокамасига олиб чиқиб, унга референдум тусини бериш, узр, бу — ҳар бир давлатнинг (унга тегишли бўлган арбобларнинг) ожизлигидан нишона. Ўзини ҳурмат қилган ҳеч бир давлат — бу ишни қилмагай! Қилмаган ва қилмаяпти ҳам. У ҳолда, нега уни Ўзбекистонимизга раво кўришимиз керак?...
  5. Бунинг устига, ташқи қарз олиш масаласини референдум ўтказиш йўли билан ҳал қилиш қарз олувчи давлатга нисбатан ишончни, маълум маънода, пасайтиради. Бу эса, ўз навбатида, тегишли қарорнинг қабул қилинишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Яъни референдум натижасида халқ «қарз олайлик»ка рози бўлишига қарамасдан, ташқи қарз ажратилмаслиги мумкин;
  6. Мустақиллигимизнинг деярли 30 йили давомида масалани ҳал қилишнинг «референдум варианти»дан фақат бир марта (Президентлик ваколатини узайтириш ёки узайтирмаслик масаласида) фойдаландик, холос. Нима қиламиз: ҳар сафар хориждан қарз олишдан олдин референдум ўтказамизми? Бундай тарзда иш тутишнинг қанчалик оқилона ёки аксинча эканлиги олдиндан маълум эмасми?
  7. Дунё амалиётида кенг халқ оммасини жалб қилиб, референдум ўтказиш йўли билан ҳал қилиниши лозим бўлган бор-йўғи бир неча масала бор, холос. Масалан, Конституцияга ўзгартириш киритиш, мамлакат Президенти ваколатини узайтириш ва ҳ.к.лар шулар жумласидандир. Бу масалалар қаерда-ю, қарз олиш масаласи қаерда? Нима дедингиз?
  8. Ва, ниҳоят, менга ишонаверинг: бутун умримни «пул илми»ни эгаллашга бахшида этганман. Шу кунларда ҳам шундай «ташвиш» билан — бандман. Уларга асосланиб, қуйидаги фикрларни айтишга ҳақлиман, деб ўйлайман: ташқи қарз масаласида мамлакат миқёсида умумхалқ манфаатларини кўзлаб, оқилона ва халқпарвар қарорни қабул қилиш борасида Ўзбекистон мустақиллик йилларида ҳеч қачон ҳозирги кундагидек кучли «команда»га эга бўлмаган; бунга бевосита дахлдор бўлган бўлган «юқори ташкилот»лар (Марказий банкда — М.Нурмуратов, Молия вазирлигида — Т.Ишметов ва Иқтисодий тараққиёт... вазирлигида — Ж.Қўчқоров) барчасининг «боши»да «случайный» одамлар эмас, балки ўз ишининг ҳақиқий «қассоб»лари «ўтирибди»; уларнинг ҳар бири (албатта, Президентимиз раҳбарлигида) ташқи давлат қарзига нисбатан «референдум ўтказиш» орқали қабул қилиниши мумкин бўлган яккаю ягона тўғри қарорни референдумсиз ўз вақтида қабул қилиш салоҳиятига эга. Шу боис, асло хавотирга тушмасдан, хотирингиз жам бўлсин.

Р.S. Охирги банддаги фикрларимдан огоҳ бўлиб, илтимос, мени лаганбардорлик ёки хушомадгўйликда айбламанг; минг шукур, ҳаётим давомида шундай «кўчага кириш» менга бирор марта ҳам насиб этмади; доим борини — бор, йўғини — йўқ, дейишни одат қилиб яшаяпман ва бундан хурсандман. Шу боис, бу сафар ҳам шундай қилдим. Узр, тарки одат — амри маҳол.

Тоҳир МАЛИКОВ
иқтисод фанлари доктори, профессор

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг