Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Uzbekistan Trade Info – Марказий Осиё ва Европа ўртасида савдо кўприги

Uzbekistan Trade Info – Марказий Осиё ва Европа ўртасида савдо кўприги

Тошкент шаҳридаги Hilton меҳмонхонасида «Ready4Trade Central Asia» лойиҳаси доирасида Uzbekistan Trade Info ахборот платформасининг расмий тақдимоти ҳамда уни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Тадбир давомида журналистлар учун пресс-конференция ташкил этилди ва платформа бўйича батафсил маълумот берилди.

Платформа мақсади
Платформа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилмоқда ва «Ready4Trade – Марказий Осиё» лойиҳаси доирасида ишга туширилди. Савдо алоқаларини кенгайтиришга қаратилган платформа Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби бешта давлатида минтақалараро ва халқаро савдони ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.
Яқин келажакда лойиҳа имкониятлари кенгайиб бориши натижасида Хитойдан Туркманистон портларига қадар бўлган рақамли савдо йўли юзага келиши кутилмоқда.

Тадбиркорга ёрдам
Бутун дунёда кичик ва ўрта бизнес учун энг катта муаммолардан бири — тадбиркорлар экспорт ва импорт масалаларида ҳар доим ҳам етарлича маълумотга эга бўлмасликларидир. Айнан шу муаммони бартараф этиш мақсадида Uzbekistan Trade Info платформасини ишлаб чиқилди.
Тадбиркорлар ушбу платформа орқали экспорт қилинаётган давлатда маҳсулотларга қўйиладиган талаблардан тортиб, чегарадан олиб ўтиш ва божхона тартибларигача ўрганиб чиқишлари мумкин бўлади. Платформа барча жараён шаффоф ва очиқ бўлишини таъминлаб беради.

Чегара билмас ҳамкорлик
Uzbekistan Trade Info платформасини ташкил этиш ишлари давомида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва UNCTAD/JST халқаро савдо маркази (ХСМ) фаол ҳамкорлик олиб борди. Бугунги тадбирда шунингдек Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари халқаро бозорларга чиқиши учун платформа томонидан очиб берилаётган имкониятлар муҳокама этилди.

Uzbekistan Trade Info трансчегаравий савдо билан боғлиқ маълумотларга бепул ва доимий киришни таъминлашга, тадбиркорлар учун вақт ва харажатларни қисқартириш ва савдони тартибга солишга, шунингдек савдо жараёнидаги тўсиқларни олиб ташлашга ёрдам беради.

Эътиборли томони, ушбу лойиҳа фақатгина ҳудудий аҳамият касб этиб қолмасдан, Марказий Осиёни Европа Иттифоқи, АҚШ, Яқин Шарқ ва бошқа минтақалар билан боғлашда муҳим ўрин тутиши кутилмоқда. Uzbekistan Trade Info платформаси ташкилотчилари яқин вақтлар давомида ушбу лойиҳага кўплаб манфаатдор давлатлар интеграция қилишига умид қилмоқдалар.

Истиқбол
Платформадаги маълумотлар давлат органлари ва хусусий сектор томонидан янгиланиб бориши кўзда тутилган.

«Uzbekistan Trade Info» трансчегаравий савдони осонлаштириш, мавжуд миллий онлайн хизматларни тўлдириш ва Ўзбекистон хусусий секторига халқаро савдонинг барча имкониятларидан фойдаланишда ёрдам беришнинг самарали воситаси бўлади.

Савдо-ахборот платформаси нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларининг электрон савдоси ва ташқи савдоси ўсишига ёрдам беради.

Ҳамкорлик
Ташкилотчилар томонидан таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукуматининг очиқ ва шаффоф сиёсати бўлмаганда муваффақиятга эришиш учун имкониятлар кескин пасайган бўлар эди. Ҳамкорлик борасида айниқса 2021-2022 йиллар муваффақиятли давр бўлди. Ўзбекистон томонидан барча 27 халқаро Конвенция талаблари тўлиқ бажарилмоқда ва Европа Иттифоқининг «GSP+» Преференциялар бош тизимининг бенефициар мақоми олинди. 

Натижада Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо алоқалари ҳам тобора кенгайиб боряпти. Ташкилотчиларнинг ғоясига кўра, «Uzbekistan Trade Info» яқин келажакда Шарқ ва Ғарб ўртасида савдо кўприги вазифасини бажаради.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг