Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Адлия вазирлиги фуқароларни огоҳлантирди

Адлия вазирлиги фуқароларни огоҳлантирди

Фото:«Xabar.uz»

Сўнгги йилларда, асосан куз-қиш мавсуми бошланишида аҳоли орасида, айниқса туманларда махсус-формали кийим-бош кийиб юрган (ёки шу кийимга жуда ўхшаш кийимдаги) шахслар ўзларини «давлат ёнғин назорати органи ходими» («пожарный»)  сифатида таништириб, фуқаролардан йиллик 20 000-40 000 сўм атрофида мажбурий тарзда (солиқ ёки коммунал тўлов сифатида) ноқонуний йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Мазкур масалалар бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганилганда, ушбу ҳаракатлар турли хил шаклда ташкил этилган, асосан номида «ёнғин», «олов», «қарши кураш», «хавфсизлик», «ҳимоя» каби сўзлардан иборат бўлган ва ёнғиннинг олдини олиш акс этган турли хил рамзлар туширилган муҳр-штамплардан фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириб келинаётганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат бўйича Адлия вазирлиги айрим шахслар томонидан ўзларини «давлат ёнғин назорати органлари ходими» сифатида таништирган ҳолда ёлғон маълумотлар асосида фуқаролардан мажбурий тўлов тўланишини талаб этиши ноқонунийлигини маълум қилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, фуқаролар мажбурий тарзда қуйидаги коммунал хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб бориши лозим:

1.Совуқ сув таъминоти;

2.Иссиқ сув таъминоти (кўп қаватли уйларда);

3. Электр таъминоти;

4.Газ таъминоти;

5.Иссиқлик таъминоти (кўп қаватли уйларда);

6.Канализация (истеъмолчи уланган бўлса);

Шу ўринда такроран маълум қилинадики, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ бирон бир тўлаб борилиши шарт бўлган коммунал тўлов ёки солиқ қонунчиликда мавжуд эмас.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2091-моддасига кўра формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш учун жавобгарлик белгиланганлигини эслатамиз.

Адлия вазирлиги,
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг