Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ажойиб тадбир. Миллий банк янги йилни нишонлашдан воз кечиб, болажонларга совға улашди

Ажойиб тадбир. Миллий банк янги йилни нишонлашдан воз кечиб, болажонларга совға улашди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки акциядорлик жамияти байрам тадбири ўтказишдан воз кечиб, болаларга хурсандчилик улашишга қарор қилди. Бу ҳақда Ўзмиллийбанк ахборот хизмати томонидан хабар берилди.

«Жорий 2020 йил барчамиз учун осон кечмади. Коронавирус пандемияси дунёдаги иқтисодий жараёнларга ўз таъсирини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан Ҳукуматимиз томонидан коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари, маҳаллий бюджетлар ва бошқа соҳаларни қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилди.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам кўрсатиш мақсадида «Саховат ва кўмак» жамғармасининг ташкил этилиши мана шундай тадбирлардан бири саналади. Жамғарма давлат ва жамоат ташкилотларининг, ҳар бир ўзбекистонликнинг ихтиёрий ва беғараз ёрдам пуллари билан тўлдирилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки АЖ ҳам «Саховат ва кўмак» ташаббусида фаол иштирок этди, олдинроқ банк ходимлари ихтиёрий равишда ўз иш ҳақининг бир қисмини — умумий миқдорда 965,0 миллион сўм маблағни Жамғарма ҳисобига ўтказиб беришди.

Ушбу касалликка қарши курашда ҳар бир юртдошимизнинг қўшаётган ҳиссаси бебаҳодир. Халқимиз раҳм-шавқат, меҳр-оқибат, сахийлик ва улуғворлик каби инсоний фазилатларни кўрсатиб, умумий мақсад йўлида бирлашди. Пандемияга қарши курашда ҳар қандай хайрли иш, ҳоҳ у ўз қўшнисига ёрдам бўлсин, ёки бутун бир қишлоққа кўрсатилган кўмак бўлсин, жуда муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки акциядорлик жамияти давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳамиша фаол иштирок этиб келмоқда.

“Ўзмиллийбанк” АЖ Бошқаруви 2020 йил 5 декабрда ўтказилган йиғилишида бир қатор масалаларни муҳокама қилиб янги 2021 йилга бағишланган байрам корпоратив тадбирини ўтказишдан воз кечиб, бу мақсадга режалаштирилган маблағларни ҳам хайрия, аниқроғи Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги “Дўстлик” ва “Новкент” маҳаллаларида жойлашган мактаб, мактабгача таълим масканлари, 2 та спорт зали ва 2 та қишлоқ врачлик пунктини реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ишларига йўналтиришга қарор қилди. Банк томонидан ушбу объектлар қурилишига жами бўлиб 4,6 млрд. сўм маблағ беғараз ёрдам сифатида ажратилди.

Ушбу тадбир хайрия фаолиятига қўшилган биринчи ҳисса эмас. Мамлакатимизда бунёдкорлик, жумладан таълим даражасини ошириш йўлидаги ишлар ҳали давом этади. «Куч ишончда» шиори остида ўз фаолиятини юритаётган банк бундан кейин ҳам инсонларнинг турмуш сифатини яхшилаш ва уларнинг фаровонлигини оширишда ўзининг хайрли ишлари билан ёрдам беради», — дейилади Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан берилган баёнотда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг