Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Ўзбекистонга 131 тонна озиқ-овқат кўмаги етказиб берди

АҚШ Ўзбекистонга 131 тонна озиқ-овқат кўмаги етказиб берди

АҚШ Ўзбекистонга қиймати 410 минг долларга тенг бўлган 131 тонна озиқ-овқат ёрдами етказиб берди. Қўшма Штатлар Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали келтирилган юк тўйимли сабзавотлар ва дуккаклилар аралашмасидан иборат. Хайрия кўмаги соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя муассасалари ва ёрдамга муҳтож оилаларга тарқатилади.

АҚШ элчихонаси хабарига кўра, Ўзбекистонга келтирилган ушбу гуманитар ёрдам Вашингтоннинг соғлиқни сақлаш соҳасига киритган 122 миллион доллардан зиёд узоқ муддатли сармоясининг давомидир. Сўнгги 20 йил мобайнида кўрсатилган умумий ёрдам қиймати 1 миллиард доллардан ошган.

«Биз биргаликда мамлакат бўйлаб муҳтожларга озиқ-овқат ёрдами тарқатилишининг 13-босқичини амалга татбиқ этмоқдамиз. Бу озиқ-овқат таъминоти Ўзбекистонда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг амалдаги тизимини мустаҳкамлайди», – дейди USAIDнинг мамлакатимиздаги миссияси директори Микаэла Мередит.

Мазкур ёрдам 98 та соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасасига тарқатилади. Шу тариқа хайрия лойиҳаси юртимиздаги 35 минг нафар ёрдамга муҳтож фуқаролар, хусусан, сил хасталигига чалинган беморлар, меҳрибонлик уйлари, кексалар ва ногирон болаларни парваришлаш муассасаларини қамрайди.

2010 йилдан буён USAIDнинг озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонга қиймати 4 миллион доллардан ортиқ 1425 тонна озиқ-овқат ёрдами етказилган. Беғараз ёрдам сифатида ажратилган озиқ-овқат маҳсулотлари Американинг нотижорат ташкилоти – «Resource and Policy Exchange» томонидан «Соғлом авлод учун» хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда тарқатилади.

Аввалроқ АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги билан имзоланган таълим тизимини ривожлантиришга кўмак грант шартномасига (DOAG) қўшимча 5,35 миллион доллар ажратгани хабар қилинган эди.

Жорий йил сентябрь ойида эса USAID Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ёшларнинг ишга жойлашиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган 10 миллион долларлик дастурни (YES) ишга туширган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг