Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«АрМИ – 2019». Ўзбекистонлик разведкачилар учинчи босқичдан сўнг етакчилар сафида бормоқда

«АрМИ  – 2019». Ўзбекистонлик разведкачилар учинчи босқичдан сўнг етакчилар сафида бормоқда

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Ҳиндистоннинг Ражастхон штати Жайсалмер шаҳри яқинидаги дала-ўқув майдонида бўлиб ўтаётган «Қўшин разведкаси аълочилари – 2019» мусобақасининг дастлабки учта босқичи – «Суқулиб кириш ва пистирма», «Механик-ҳайдовчилар мусобақаси», «Разведкачи сўқмоғи»нинг комплекс тўсиқларини енгиб ўтиш» бўйича баҳслари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди. 

Таъкидлаш лозимки, учинчи босқичдан сўнг Ўзбекистонлик разведкачилар юқори ўринлардан бирини эгаллаб турибди.

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Ўзбекистонлик разведкачилар жамоаси раҳбари подполковник Вячеслав Лакотанинг таъкидлашича, Ҳиндистон томони ушбу босқич учун 3 км дан ортиқроқ масофада махсус қийин тўсиқлар йўлагини тайёрлаган. Жумладан, 1,3 километрли биринчи айланани разведкачилар тўла жанговар экипировкада тезлик билан югуриб ўтишди, кейинги айланада эса 22 та тўсиқлар енгиб ўтилди.

Шунингдек, улар ўтган йилларда мусобақа бўлиб ўтган Новосибирск шаҳридаги дала-ўқув майдонида мавжуд бўлмаган – панжара (кечув), қўл зинаси, «W» шаклидаги девор, зинали баланд сим ёғоч, осма кўприк, балансирли орол бункер каби тўсиқлардан ўтиб, ташландиқ уйда қидирув вазифасини бажаришган.

– Жамоа юқори кўрсаткичларга ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, билим ва кўникмаларининг юксак даражада эканлиги, шунингдек, жамоадаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва жипслик, ғалаба қозонишга бўлган иштиёқ туфайли эришмоқда», – дейди подполковник Вячеслав Лакота.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги Халқаро армия ўйинлари доирасидаги «Қўшин разведкаси аълочилари» мусобақасида Ўзбекистонлик разведкачилар фахрли 3-ўринни (Россия Федерацияси ва Хитойдан кейин) эгаллашган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг