Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Паспортимдан ноқонуний фойдаланди» каби хабарларга расмий муносабат берилди

«Паспортимдан ноқонуний фойдаланди» каби хабарларга расмий муносабат берилди

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда айрим ҳамюртларимизнинг OneID — ягона идентификация тизимидан фойдаланиш билан боғлиқ техник муаммолар ва тушунмовчиликларга дуч келаётгани ҳақидаги хабарларга гувоҳ бўляпмиз.

Улар орасида тизимдан авторизациядан ўтиш жараёнида «Паспорт сериямдан ноқонуний фойдаланиб, бошқа шахслар рўйхатдан ўтиб олибди» деган хулоса билдираётганлар ҳам йўқ эмас.

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ахборот хизмати мазкур ҳолатга қуйидагича муносабат билдирди.

OneID – ягона идентификация тизими, давлат идораларининг кўплаб ахборот тизимлари, веб-сайтлари ва порталларига кириш, my.gov.uz – электрон давлат хизматларидан фойдаланишда ягона идентификация тизими ҳисобланади.

Бироқ фуқароларимизнинг аввалроқ «Соғлом турмуш тарзи» платформасидан фойдаланишга шошилиши, кейинроқ эса «Тонировка» учун ўзгалар кўмагида рухсатнома олиш (шунга ўхшаш ҳолатлар)да шахсга доир маълумотларини бегоналар қўлига топшириши туфайли бугунга келиб тизимдан қайта рўйхатдан ўтиш ва тизимга кириш билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда.

Сизнинг номингиздан бегоналар иш юритишини хоҳламасангиз, шахсга доир маълумотларингизни ҳеч кимга берманг. OneID дан шахсан ўзингиз рўйхатдан ўтишга шошилинг ва унга ўз телефон рақамингизни бириктириб қўйинг, — дейилади муносабатда.

Эслатишича, Ягона идентификация тизимидан (OneID) рўйхатдан ўтганлар аввалги логин ва паролларидан фойдаланишлари, уни ёддан чиқарганлар тиклаш фунциясини қўллашлари мумкин.

Тизимдан фойдаланишда бирор муаммо ёки савол юзага келганида техник қўллаб-қувватлаш бўлимига мурожаат қилиш мумкин (тел: +998-55501-3609).

Маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги тавсиялар берилган:

  1. Ўз номингизга битта рақам олинг ва фақат ўшандан фойдаланинг.
  2. Рақамингизга келган СМС кодларни ҳеч кимга берманг, айтманг ва кўрсатманг.
  3. One ID дан рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз, буни асло кечиктирманг (шундагина бошқа одамлар сизнинг номингиздан рўйхатдан ўтолмайди) Унга ўз рақамингизни бириктириб қўйинг.
  4. Албатта, Электрон рақамли имзо олинг ва уни ишончли жойда сақланг.
  5. Электрон рақамли имзо паролини ҳеч кимга берманг.
  6. OneID тизимидаги аккаунтингизни электрон рақамли имзоингиз билан тасдиқлаб қўйинг. шунда Ягона порталнинг мобил иловасида электрон рақамли имзо талаб этиладиган ҳужжатлардан ҳам бемалол фойдалана оласиз.
  7. Шахсни тасдиқловчи паспортингиздан нусха олишларига асло йўл қўйманг.

«Азиз юртдошлар, сўнгги йилларда интернет орқали бўлаётган кибержиноятлар сони ортаётгани ва минглаб одамлар фирибгарлар тузоғига илинаётганини ҳисобга олиб, фуқароларимизни яна бир бор огоҳликка чақирамиз», — дейилади муносабат якунида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг