Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Энди автотранспортлар ва улардаги фуқаролар чегарада 30 дақиқадан ортиқ қолиб кетмайди

Энди автотранспортлар ва улардаги фуқаролар чегарада 30 дақиқадан ортиқ қолиб кетмайди

Фото:«Xabar.uz»

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди. 

Низомга мувофиқ, Давлат чегараси орқали ўтадиган барча шахслар, транспорт воситалари ва товарлар чегара, божхона, санитария-карантин, шунингдек, фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлса, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказилади.

Ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида давлат назорати органлари томонидан ўтказиш пунктида ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг назорат тартиб-таомиллардан ўтказилиши «Ягона дарча» божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади.

Низомда ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг бўлиш вақти аниқ белгиланди.

Яъни, автотранспортнинг ўтказиш пунктида бўлиш вақти унинг тури ва ўтказиш пунктининг техник ҳолатига қараб қуйидаги муддатдан ортиқ бўлмаслиги керак:
- енгил автотранспорт воситалари – 15 дақиқа;
- юк автотранспорт воситалари – 30 дақиқа.

Бунда, автотранспортнинг ҳар бир давлат назорати органлари томонидан тегишли тартиб-таомиллардан ўтказилиши вақти Ўзбекистонга киришда қуйидагича белгиланган:

- санитария-карантин назорати (ҳайдовчи санитария назоратидан ўтказилади) – 3 дақиқа;
- чегара назорати (Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқни берувчи ҳужжатлар мавжудлиги ва паспорт текширилади) – 4 дақиқа;
- божхона назорати (ҳайдовчи, товарлар ва автотранспорт воситаси божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади) – 15 дақиқа;
- фитосанитария назорати (олиб ўтилаётган товар фитосанитария назорати объекти бўлса, фитосанитария назоратидан ўтказилади) – 4 дақиқа;
- ветеринария назорати (олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти бўлса, ветеринария назоратидан ўтказилади) – 4 дақиқа.

Низомда, шунингдек, қайси ҳолларда назорат тартиб-таомилидан ўтиш вақти белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.

Жумладан, ўтказиш пунктида фаолият олиб борувчи давлат назорати органлари қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаганида назоратдан ўтиш вақти белгиланган муддатдан ортиқ бўлиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг