Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аёлларнинг интим расмини телеграмда алдаб олиб, «шантаж» қилган йигит қўлга олинди

Аёлларнинг интим расмини телеграмда алдаб олиб, «шантаж» қилган йигит қўлга олинди

2019 йилнинг 11 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди биносида кўрилган суд иши билан танишар экансиз, кўнглингиздан шундай ўйлар кечиши табиий. Айбланувчи ҳали ҳаётда яшашдан мақсадини тушуниб етмаган ўсмир эмас, аксинча, айни куч-қувватга тўлган, тоғни урса талқон қиладиган Хайрибек Шокиров (мақолада барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳақида шундай маълумотлар келтирилган:

...1982 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз. Оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истиқомат қилади. Муқаддам бир неча бор судланган...

Дарвоқе, унинг илк жинояти 19 ёшида жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан қайд этилган. Туман судининг 2001 йил 12 январдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисмининг «а», «в» бандлари, 277-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан, яъни, талончилик ва безорилик содир этганлиги учун 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қонунларимиз адолатли, уларда ҳар бир фуқаро манфаати ҳимоя қилиниши билан бирга, ишонч ва раҳмдиллик принципларига амал қилинади: ўша йилнинг 6 июлидаги ажрими билан суд қарори ўзгартирилиб, шартли ҳукм қилинган ва 2 йил синов муддати белгиланган. Ушбу синов муддати ҳам амнистия актига кўра бекор қилиниб, Хайрибек жазодан озод қилинган. Бу халқимизнинг ёш йигитга бераётган катта имконияти ва тўғри йўлга кириши учун ишончи эди. Афсуски, Х. Шокиров бу ишончни оқлай олмади. Орадан ярим йил ҳам ўтмасдан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Яшнобод туман суди яна талончилик (жуда кўп миқдорда) жиноятини содир этганлиги учун унга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Орадан 6 йил ўтиб, яъни 2011 йилнинг 26 ноябрида жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Зарафшон шаҳар суди ажрими билан ЖКнинг 73-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган 4 ой 5 кунидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинади.

Хайрибек ота-онаси ҳавас қилиб қўйган исмига амал қилиб, берилган имкониятлардан тўғри хулоса чиқариб, хайрли ишларга қўл урганида фирибгарлик ва товламачилик каби жиноятларни такрор содир қилиб, 2018 йилнинг 30 апрелида яна жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судининг қора курсисида ўтирмаган ва энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жарима ва 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини олмаган бўлар эди.

Ҳукм билан танишар экансиз, жиноятчи ҳали белгиланган жазо муддати тугамай яна жиноятга қўл урганига гувоҳ бўлиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

«Кўр ҳассасини бир марта йўқотади», «Тили куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади» каби мақолларнинг Хайрибекка умуман дахли йўқдек. Акс ҳолда жарима ва озодликни чеклаш жазоси тайинланганидан ярим йил ўтар-ўтмас, яна жиноятга қўл урмаган бўлар эди. Жиноят бўлганда ҳам... У ҳар гал жиноят турини ўзгартириб борарди: безорилик қилиб кўрди, ўғрилик қилиб кўрди, талончилик қилди ва ҳоказо... Энди масофадан туриб «севишиш» орқали моддий бойлик орттиришни режалаштирди.

У 2018 йилнинг сентябрь ойи бошларида «Одноклассники» ижтимоий тармоғи орқали Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи олий маълумотли ўқитувчи Гавҳар Азимова билан танишади. Суҳбат асносида уни компьютер устаси эканига, турмуш ўртоғи билан ажрашганига, яхши қиз учраса уйланмоқчилиги ва унинг расмларини кўриб ёқтириб қолганига ишонтиради.

Ёши 30 дан ошган бўлса ҳам ҳали турмушга чиқмаган қизнинг соддалигидан фойдаланиб, унинг туйғуларни жунбушга келтирадиган севги изҳорлари йўллаш ва уйига совчи юбориш мақсади қатъийлигига ишонтиришни уддалайди. Ҳар ҳолда бировнинг уйига бориб ўғирлик қилишдан кўра қиз боланинг қалбини ўғирлаш минг чандон осон туюлган бўлса ажабмас. Тез кунда совчилар жўнатишини, тўй тараддудини айтиб, қизни ширин орзулар оғушида маст қилишга эришганидан сўнг, унинг телефон рақамларини олишга муваффақ бўлади. Ўзининг профилига қўйган «хушсурат йигит»нинг расмини кўриб, «хушмуомала» ва «меҳрибон»лигини билиб, қизнинг ғойибона севиб қолганидан фойдаланган Хайрибек Гавҳарнинг телефон рақамига расмийлаштирилган телеграмм тармоғи орқали шахсий расмларини жўнатишини сўрайди. Албатта, ўзи кўрмаган, билмаган одамнинг бу илтимосини ҳар қандай қиз рад этиши табиий. Аммо Хайрибек ўз моддий манфаати йўлида «Бу суратларни кўраману ўчириб ташлайман», деб қасам ичади. Қасамни муқаддас билган Гавҳар унга ишонади ва илтимосини бажаради. Аммо «ошиқ» йигит бу билан кифояланмайди. Эртаси куни тонг чоғидан бошлаб, кетма-кет СМСлар ёзиб, дийдорга ошиқаётганини айтиб, соғинчларга «тўла» севги изҳорлари билан қизни эсанкиратиб қўяди. Кечга бориб эса қиздан ечинган ҳолатда суратга тушиб юборишини сўрайди. Қиз рози бўлмагач, расмларни бир марта кўриб ўчириб ташлашга ваъда беради.

Тинимсиз илтимослардан сўнг Гавҳар ички кийимда суратга тушиб юборади.

«Ғойибона ошиқ» ички кийимларини ҳам ечиб расмга тушиб юборишини, бир кўриб, дарҳол ўчириб ташлашини, ишонмаса онасининг расмини жўнатаётганини, шу онаси ҳаққи қасам ичишини айтади. Бу унинг онаси эмас, бегона аёлнинг расми эканлиги хаёлига ҳам келмаган қиз унинг талабини бажаради...

Ниятига етган «ошиқ» режасининг кейинги қисмига ўтади: ўша куни кечки соат 22 ларда яланғоч тушган суратларнинг нусхасини Гавҳарнинг ўзига юборади ва ушбу расмларни «Одноклассники»даги унинг ўғил бола дўстларига 100 АҚШ долларига сотмоқчилигини, бунинг устига унинг номига бир нечта профиллар очиб, шу расмларни жойлаштиришини, бундан ташқари, Гавҳарнинг таниш-билишларига ҳам жўнатишини айтганида шу ёшигача илк бор эркак зотига ишониб, «ғойибона» севиб қолган қизнинг қандай аҳволга тушганлиги фақат қизнинг ўзигагина маълум...

Бу шармандаликдан қутулиш учун қизнинг ялиниб-ёлворишлари гўёки Хайрибекнинг кўнглини «юмшатиб» юборади ва 100 АҚШ доллари берса, расмларни ўчириб ташлашга рози бўлади. Қиз оилавий аҳволи яхши эмаслигини, бунча пули йўқлигини қанча тушунтирса ҳам йигит «сўзи»дан қайтмайди. Иложсиз қиз қарз-қавола қилиб бўлсада, «ошиқ»нинг айтганини топиб беришга мажбур бўлади. Тошкентни яхши билмагани сабаб Чирчиққа келиб пулни олиб кетишини илтимос қилади. Хайрибек қиз яшайдиган шаҳарга бориш хавфли эканидан қўрқса-да, бу таклифига рози бўлишдан бошқа иложи қолмагач, иш билан борганда олиб кетишини айтади. Бу орада овозли хабарлар жўнатиб, расмларни тарқатиб юборишини айтиб таҳдид қилиб туради. Унинг овозли таҳдидлари ҳар доим беш дақиқа ўтар-ўтмас ўчиб кетаётганини билган Гавҳар бир кун асқотиши мумкинлигини тушуниб, айримларини телефон аппаратига ёзиб олишга улгуради...

«Масофадан севиш» орқали даромадга эга бўлиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилган устамон «Одноклассники» орқали яна овга чиқади. Албатта у ҳаёт зарбаларига учраган, турмушидан ажрашган ёки бахтини излаётган, меҳрга ташна, рисоладагидек инсон учраса турмуш қуриш ниятидаги хотин-қизларни излайди. Бир нафар фарзанди билан турмушидан ажрашган, ўрта махсус маълумотли, Олмалиқ шаҳрида яшовчи 34 яшар Хуррам Собирова унинг навбатдаги ўлжасига айланади.

Бу гал ҳам ҳаммаси Гавҳар билан бўлган муносабатлар шаклида давом этади. «Ошиқ» йигит ўзини Хитой давлатида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи тадбиркор сифатида таништиради. Шу тариқа ижтимоий тармоқ орқали «ишқий» муносабатлар бошланади. Яна севги изҳорлари, тинимсиз СМСлар... Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас Хитой давлатига «кетган ошиқ» бир ойдан сўнг келиб, уйига совчи жўнатиши ҳақидаги ваъдалар ва яна она номи билан ичилган қасамлар туфайли Хуррамни ишонтириб, унинг ҳам яланғоч ҳолатдаги суратларига эга бўлгач, мақсадга кўчади: «Бир таниш йигитингдан бу ишни қилишим учун 100 АҚШ доллари олганман. Расмларни олгач, яна 200 АҚШ доллари беради. Майли, сен 100 АҚШ доллари берсанг, пулини ўзига қайтариб бераман ва расмларингни ўчириб ташлайман. Аммо менинг хизмат ҳаққим 200 минг сўм».

Албатта, аёл киши учун ўз шаъни ва ор-номусидан қадрли нарсанинг ўзи йўқ. Хуррам талаб қилинган пул ва АҚШ долларини айтилган манзилга, яъни Тошкент шаҳрининг «Олмазор» метро бекати олдига олиб келади ва уни узоқдан кузатиб турган Х.Шокировнинг телефонда ёзган СМС топшириғига асосан елим пакетга ўраб, дарахт тагига ташлаб кетгач, афсус-надоматдан юраги ўртанса ҳам шармандаликдан қутулганига шукур қилади.

Икки ҳафтада шунча даромадга эга бўлган «ошиқ» жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран товламачилик қилиш мақсадида ижтимоий тармоқ орқали 1993 йилда Жиззах вилоятида туғилган Нодира Шодмонова билан танишиб, уни «севиб» қолганига ишонтиради...

Бу гал у Нодирани 300 АҚШ долларига «кийдиради». Аммо орадан 10 кун ўтиб бева аёлнинг ризқига яна чанг солиш йўлларини ўйлаб топади.

Нодирага Қозоғистон Республикасида унинг берган 300 АҚШ долларини алмаштираётган вақтда сохта бўлиб чиққанлиги учун калтаклаб, қўлини синдиришганини айтиб, исботи сифатида гипсланган қўл суратини жўнатади ва 300 АҚШ долларига тенг миқдордаги миллий пул беришини талаб қилади.

Нодира буларнинг барчаси ҳийла эканлигини билса ҳам ота-онасига яланғоч ҳолатда тушган суратларини жўнатишини айтгач, талаб қилинган 2 500 000 сўмни эски жойга ташлаб келишга рози бўлади. Аммо ота-онасидан 1 200 000 сўм пулни олиб айтилган жойга эмас, балки холаси айтганидай Ўзбекистон Республикаси ИИВга келади...

Уддабурон «ошиқ» Нодира билан бир вақтда яна бир қанча хотин-қизларни ҳам қармоғига илинтирган эдики, бу энди бошқа мавзу.

Х. Шокировга қилмишига яраша жазо тайинланди. Албатта, жиноятчи жазосини олиши муқаррар. Аммо кишини бошқа нарса мулоҳазага чорлайди: Эркак қаерда ва қандай шароитда бўлишидан қатьи назар, нозик хилқат эгаларига суянчиқ ва қалқон бўлиши керак эмасми?!

Танганинг икки томони бўлгани каби бу масаланинг ҳам иккинчи томони бор.

Турли вилоятларда истиқомат қилувчи, камида ўрта-махсус ва ҳатто олий маълумотли ўзбек қизларининг осонгина алданишига, бундай аянчли ва ҳатто шармандали аҳволга тушиб қолишларига сабаб нима? Танишганига бир ҳафта, икки ҳафта ва ҳатто икки кунгина бўлган бегона эркакка бу даражада беҳаё ҳолатдаги суратини жўнатган қизларнинг қилмишини қандай баҳолаш мумкин? Бунинг устига фириб қурбонига айланганлар 15-16 ёшли ўсмир қизлар эмас, 25-30 ёшдан ошган, оқу қорани таниган, турмуш зарбалари заҳрини тотганлар эканлиги кишини ажаблантиради.

Опа-сингилларимизга айтар сўзимиз: эҳтиёт бўлинг, ижтимоий тармоқлардаги қалб ўғриларининг тузоғига тушиб қолманг!

Илгизар СОБИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Чилонзор туман суди раиси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
«Adolat» мухбири

(«Adolat» газетаси,
2019 йил 10 май)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг