Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Беҳаё материаллар» жойлаштиргани қайд этилган лойиҳа «18+» грифи остида фаолиятини давом эттириши мумкин

«Беҳаё материаллар» жойлаштиргани қайд этилган лойиҳа «18+» грифи остида фаолиятини давом эттириши мумкин

Скриншот

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди қошидаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши онлайн форматда бўлиб ўтди. Бу ҳақда фонднинг расмий телеграм каналида маълум қилинди.

Қайд этилишича, йиғилишда NemolchiUz лойиҳаси билан юзага келган ҳолат ҳам муҳокама қилинди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўтказилган мониторингда «Не молчи» лойиҳаси сайтида миллий менталитетимизга ёт бўлган ҳамда фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган беҳаё материаллар жойлаштирилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлган маълумотларни олиб ташлаш тавсия этилган ҳолда хабарнома киритилган.

Мазкур вазият кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилингани, хорижий ОАВлар ҳамда жамоат арбоблари ҳам ўз муносабатини билдириб ўтганини инобатга олиб, ушбу масала Жамоатчилик кенгаши йиғилишининг кун тартибида кўрилган.

Ҳолат юзасидан Жамоатчилик кенгашининг барча аъзолари ўз муносабатларини билдиришди. Жумладан, ахборот маконида қонунга хилоф маълумотларнинг тарқалмаслигини назорат қилиш ва олдини олиш давлат органининг асосий вазифаларидан бири эканлиги, аммо маълум бир материални «миллий менталитетимизга ёт» дея баҳолаш учун аниқ мезонлар белгиланмагани, бу эса амалиётда мониторинг қилувчи томоннинг шахсий қарашларига боғлиқ бўлиб қолиши мумкинлиги, қадриятлар сўзда эмас, амалда бўлиши кераклиги, бугунги ахборот технологиялари ва интернет замонида болалар тарбиясига салбий таъсир қилувчи материаллар билан курашишга оид муносабатларни ҳам қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш кераклигини таъкидлашган.

Шунингдек, муҳокама жараёнида келгусида АОКА қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан бу каби тақдимномаларни киритишда мамлакатдаги сиёсат, сўз эркинлиги устуворлигидан келиб чиққан ҳолда ёндашиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакиллари билан ҳамкорликни янада кучайтириши мақсадга мувофиқлиги алоҳида қайд этишган.

Ҳозирги ҳолатда Жамоатчилик кенгаши аъзолари деярли бир овоздан «Не молчи» лойиҳаси муаллифи Ирина Матвиенкони қўллаб-қувватлашларини ҳамда жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишни мақсад қилиб қўйган ушбу лойиҳани «18+» грифи остида фаолият олиб бориши тарафдори эканликларини таъкидлашган.

«Кенгаш аъзоларининг ҳар бири ушбу нашрни ҳимоя қилиб чиқди. Сўз эркинлиги шаклланётган бугунги кунда бундай муаммолар доим адолатли ечим топиши керак. Умид қиламизки, мазкур масала NemolchiUz фойдасига ҳал бўлади» – дея қайд этди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов.

«Хулоса ўрнида, ахборот маконининг барча иштирокчилари қонунларга қатъий риоя этишлар лозимлигини таъкидлаган ҳолда, АОКА ва «Не молчи» лойиҳасини ҳозирги мураккаб шароитда масалани конструктив, яъни ўзаро мулоқот йўли билан ҳал қилишга, барча тушунмовчиликларга барҳам бериб, ҳамкорликда ишлашга чақирамиз. Умид қиламизки, мазкур масала NemolchiUz фойдасига ҳал бўлади», –дейилади жамоат фонди хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг