Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Болалар невропатологи: карантинда аламингизни болалардан олманг — уларни неврозга гирифтор қиласиз

Болалар невропатологи: карантинда аламингизни болалардан олманг — уларни неврозга гирифтор қиласиз

 3-4 ёшли Нигина тинимсиз тирноқларини кемиради, дугонамнинг 10 ёшли қизи эса киприк ва сочларини юлиб қўймайди. Бир қўшнимнинг ўғли 7 йилдан бери ўрнини ҳўллаб қўяди. Эрта тили чиққан ва равон гапириб ҳаммани ўзига қаратган Шерзоджон эса кутилмаганда дудуқланиб гапирадиган бўлиб қолди. Мана, болада невроз ривожланаётгани нималарда аён бўлади?..

Мазкур мавзуда болалар невропатологи Севара Раупова билан суҳбатлашдик.

– Айтинг-чи, неврознинг ёш билан боғлиқ кўриниши қандай ривожланади?

– Болалик давридаги невроз ёшга нисбатан ҳар хил кўринишда кечиши мумкин. Масалан, кичик ёшдагиларда, яъни 3-4 ёшдаги болаларда мононевроз ҳолати кўп учрайди. Бунга уйқу бузилиши, иштаҳа йўқолиши, логоневроз – дудуқланиш, қўрқиб қолиш ёки қандайдир ихтиёрсиз ҳаракатлар киради: тирноқ кемириш, кўзни пирпиратиш, оёғини қимирлатиб ўтириш ва бошқалар. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ота-она фарзандини «ёмон ҳулқи» учун тергайди, ҳатто, уриб-туртиб назорат қилишга уринади, лекин ҳеч бири ёрдам бермайди. Ана шунда яхшилаб ўйлаб кўриш керак, балки, бу невроздир?!

«Ёмон ҳулқ»га қуйидаги белгилар хос:

бола сабабсиз тез-тез инжиқланади;

ён-атрофида қандайдир ўзгариш бўлса, бундан таъсирланади: ўткир овозлар асабига тегади, янги ноқулай кийим ва ўзгарган об-ҳаво ҳам ёқмайди;

одамлар кўп тўпланадиган жойларда қолгиси келмай йиғлайверади;

болани ҳар хил қўрқувлар таъқиб қилаётгандек туюлаверади;

битта жойда жим ўтиролмайди; тез чалғийди, ўйинлардан дарров зерикади;

ихтиёрсиз ҳаракатлар қилади: тирноғини кемиради, юзини тирнайди, сочини, киприкларини юлади, томоғини қириб-қириб қўяди, кўзларини пирпиратади ва ҳоказо.

Каттароқ болаларда, тиббиёт тили билан айтганда, тизимли невроз кўп кузатилади. У организмнинг умумий таъсирланиши, яъни бош мия асаб тизимининг умумий реакцияси билан намоён бўлади. Буни балоғат ёшига етган болаларнинг умуман гапга қулоқ солмаслиги, асабийлашиб, бир пастда йиғлаши, жаҳли чиқиб бақириб кетиши мисолида кўришимиз мумкин. Одатда бунақа болаларни тез-тез бош оғриғи безовта қилиб туради.

Қайсидир ҳолатларда неврозни организм ҳимояси деб ҳам билишимиз мумкинми?

– Ҳар қандай невроз замирида бирор сабаб ётади. Буни организмнинг ҳимояси ёки стрессга реакцияси деб ҳам тушуниш мумкин. Кўпинча ота-оналар «Болам асабий бўлиб қолди, тинчлантирувчи дори ёзиб беринг, дўхтир», дея мурожаат қилишади. Шундай вазиятларда мен уларга: «Хўп, тинчлантирувчи дори ёзиб бердим, уни болангиз 1-2 ой қабул ҳам қилди. Лекин сиз неврозга олиб келувчи сабабни топиб, уни оила муҳитидан йўқотмас экансиз, болангиз тўлиқ тузалмайди», деб тушунтиришга ҳаракат қиламан. Кейин савол-жавоб қилиб, анамнез йиғишни бошлайман. Одатда уларнинг оилавий муҳитида албатта муаммо чиқади. Камида укаси дунёга келиб, унга эътибор ажратилмай қўйилгани ойдинлашади. Ёки нотўлиқ, яъни ота-она ажрашган, шунингдек, кўп жанжаллашадиган оилалар ҳам шулар сирасига киради.

Шу ўринда неврознинг жисмоний касалликларга хос аломатлари ҳам борлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз:

тез-тез бош ёки қорин оғриғи безовта қилади;

бола доимий йўталади ва безовталик ҳаяжонланган вақтда кучаяди;

ҳожатга етиб боришга улгурмайди (3 ёшдан ошганда), пешоб тутиб туролмаслик (энурез);

яхши еб-ичмаслик;

безовталаниб ухлаш;

қўрқув ва ҳоказолар.

Оилада неврозга старт берилди, компьютер ўйинлари эса уни ривожлантиради. Бу фикрни қанчалик асосли деб биласиз?

– Буни бугунги куннинг долзарб масаласи десак ҳам бўлади. Ҳозирги пайтда компьютер, турли гаджетлар боланинг энг яқин дўстига айланяпти. Лекин аслида бундай бўлмаслиги керак. Биласиз, мен болалар шифохонасида ишлайман ва иш юзасидан, айниқса, эрталабки текширувга кирганимдаёқ оналарнинг ўз телефонига тикилиб ётганига, болаларнинг планшет ўйнаб ўтирганига гувоҳ бўламан. Демоқчи бўлганим, бу ерда онани чалғитадиган ишлар йўқ. Яъни овқат пишириш, уй тозалаш ёки тирикчилик ташвиши деганларидек… У деярли бутун вақтини фарзандига ажратса бўлади. Бироқ, минг афсуски, бунинг аксини кузатамиз. Хўш, қани ўзаро мулоқот, қани ўзаро муносабат?! Айнан шу тариқа нафақат оила аъзолари, балки она билан бола ҳам бир-биридан узоқлашиб кетаверади. Натижада оиладан меҳр-эътибор кўрмаган фарзандлар ширин сўзларга учиб (айниқса, қизлар), йўлидан адашадилар. Она эса қачон, қаерда хатога йўл қўйганини англолмай кўксига уриб қолаверади. Ота-она билан фарзанд ўртасидаги узилиш аслида секин-аста ривожланиб борувчи жараён. Яъни борган сари ингичкалашиб, кейин бирдан узилади ва алоқа йўқолади…

– Неврозни бошдан кечираётган болага қандай ёрдам бериш мумкин?

– Мен бир нарсани таъкидлашдан сира чарчамайман. Буни мижозларим ҳам яхши билишади. Бола парваришида, аввало, атроф-муҳит, оила деб аталмиш қўрғоннинг тинчлигини таъминлаш зарур. Шундай қилингки, бола ота-онада ўз дўстини топсин. Нима учун биз шифокорлар кўпроқ оналарни асосий ўринга қўямиз, чунки оталар асосан ишда бўлишади ва фарзандларига кам вақт ажратишади. Лекин оила бахти тўкислиги, болалар тарбияси мукаммаллигида ота ўрни ҳам жуда муҳим. Демак, улар ҳам фарзандларига албатта вақт ажратишлари шарт. Иккинчи ўринда стрессга олиб келган сабабни йўқотиш зарур. Бундан ташқари, болага кўпроқ вақт ажратиб, у билан бирга бўлиш, тоза ҳавода сайр қилиш, сув муолажаларини ўтказиш ҳам айни муддао.

– Билишимизча, невроз ҳатто ибратли оилалар фарзандида ҳам учрар экан. Масалан, қаттиқ қўрқув сабаб…

– Тўғри, ибратли оилаларда ҳам неврозни орттириб олган болаларни учратиб турамиз. Лекин улардаги невроз қисқа вақт ичида ўтиб кетади. Чунки бундай оилаларда она эътиборли бўлади, боласида муаммо борлигини вақтида сезиб, мутахассисга мурожаат этади. Шунингдек, ўзи ҳам фарзандига ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қилади, бор эътиборини унга қаратади. Қарабсизки, жараён тез орада ортга қайтади.

– Невроз қайси даврларда кўпроқ кузатилади?

– Бу ўринда боланинг ривожланиш даври билан боғлиқ бир неча босқичларни айтиб ўтиш мумкин. Уни биз критик давр деймиз. Биринчиси – 2-3 ёш, иккинчиси – 6-7 ёш, учинчиси – 12-13 ёш, кейингиси – 16-17 ёш. Шу даврларда болаларнинг стрессга таъсирчанлиги юқорироқ бўлади ва невроз ҳолатига олиб келиш хавфи ҳам ортади.

– Невроз бошланиб, болани мутахассис кўригига олиб бориш вақти етганини нимадан англаш мумкин?

– Она эътиборли бўлса, фарзандида невроз бошланганини албатта пайқайди ва дарров мутахассисга мурожаат қилади. Бу ерда мақсад қанақадир дори-дармон ёздириш бўлмаслиги керак. Агар аёл ўқимишли, ўз устида ишлайдиган она бўлса, тиббий адабиётларни титкилаб, ўқиб-ўрганиб ўзи ҳам боласини ушбу ҳолатдан олиб чиқиб кетиши мумкин. Неврознинг зўрайганлик аломати – болада уйқу бузилиши, тез-тез касалга чалиниш билан намоён бўлади. Ҳаммамизга маълум, барча касалликлар асабдан дейилади. Стрессга учраган танада иммунитет пасайиб, одам турли хасталикларга мойил бўлиб қолади, жумладан, болалар ҳам шундай. Яна иштаҳа бузилиб, озишни бошлайди, инжиқланади ва ҳоказо.

Шу кунгача қабулимда бўлган бемор болаларнинг 60 фоизига невроз ташхисини қўйса бўлади (ҳар хил турини). Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, невроз – бу функционал ҳолат. Яъни бош мияда зарарланиш бўлмайди. Агар вақтида чора кўрилса ва бартараф этилса, ўтиб кетади.

– Айни кунларда мазкур касаллик билан боғлиқ вазият қандай? Яъни кучайганми ёки ота-оналар уйда кўпроқ бўлаётгани учун камайганми?..

– Мен бугунги карантин даврида, ҳар биримиз учун синовли дамларда неврознинг янада кучайиб бораётганидан жуда афсусдаман. Ота-оналарнинг асосий шикоятлари ҳам айнан невроздан бўляпти. Тўғри, буни тушуниш мумкин. Айни кунларда нафақат болалар, балки катталарга ҳам қийин. Лекин биз келажагимиз давомчилари учун яшаётганимизни, ҳаёт уларсиз қизиқ эмаслигини унутмаслигимиз даркор. Кўп ҳолатларда кўрамиз, эшитамиз, ота-она карантинда зерикканидан, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиролмаганидан асабийлашяпти ва ўз жаҳлини болага сочяпти. Бу – нотўғри. Бундай ўйлаб қарасак, болаларнинг ғайрати бизникидан анча кўпроқ, улар энергиясини қаерга сарфлашни билмаяпти, кўчага чиқа олмаяпти. Боғчадан, ўқув марказлари, спорт тўгаракларидан қолиб кетяпти. Демак, биз уларни ҳадеб тергайвермай, аксинча, юзага келган камчиликлар ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилишимиз зарур.

Масалан, оилавий ўйинлар ташкиллаштириш мумкин. Ёдимда бор, болалигимда ота-она билан оилавий лото ўйнардик. Ўзим эса болаларим билан бирга монополия ўйнаб турардик. Замона зайли билан ҳозирда стол устида ўйналадиган ўйинларнинг тури жуда кўп. Бундан ташқари, кичикроқ ёшдаги болалар билан қанақадир спорт шаклидаги ўйинларни ташкиллаштирса бўлади. Ҳатто уй юмушларини ҳам ўйин шаклида олиб бориш мумкин. Мисол учун, оддий овқат тайёрлаш жараёнини ҳам. Фақат эринмаслик керак. Агар айни пайтда фарзандларингизни сиз ота-оналар қўллаб-қувватламасангиз, унда ким ёрдам беради. Ахир уларнинг сиздан бошқа суянадиган, ишонадиган одами йўқ-ку?!

– Агар ота-оналар, юртдошларимизга алоҳида мурожаатингиз ёки маслаҳатларингиз бўлса, марҳамат…

– Раҳмат. Аввало, фурсатдан фойдаланиб, барча ота-оналарга айтадиганим, фарзандларингиздан муҳаббатингизни, вақтингизни, эътиборингизни аяманг! Улар хотирасида болалик олтин даврдек муҳрланиб қолсин. Бу эса албатта сиз ота-оналар қўлидадир.

Биласизми, бизнинг ўзбек оилаларида: болани туғдим, едирдим-ичирдим, кийдирдим бўлди, деган қараш бор. Аслида энг қийини болани шахс сифатида катта қилишдир. Мисол учун, менга яҳудийларнинг бола тарбия қилиш асослари жуда ёқади. Улар фарзанд кўрганидан бошлаб, унинг миясига: сен энг ақлли боласан, сен энг чиройли боласан, сен энг соғлом боласан, сенинг ҳамма ишинг ўхшайди ва сен ҳаммасининг уддасидан чиқасан, деган фикрларни сингдиришади. Қаранг, қандай гўзал ёндашув. Бизда эса бунинг аксига кўп гувоҳ бўламиз. Мабодо сиз фарзандингизни доимий уришаверсангиз, «Уни қилма, бунга тегма, жувонмарг бўлгур, анави қўшнининг боласи яхши, сен нега бунақасан, фалончининг ўғли ёки қизи сендан минг марта ақлли» деб катта қилсангиз, ундан иродали шахс чиқмаслиги тайин. Бироқ барчамиз болажонларимиз, келажагимиз эгалари билан фахрланишни, уларнинг юқори чўққиларни забт этишини хоҳлаймиз. Шундай экан, истагимиз рўёби учун ҳам ҳозир, айни дақиқаларданоқ бола тарбиясига тўғри ёндашайлик, улардан меҳримизни, эътиборимизни асло аямайлик!

– Берган маълумотларингиз ва тавсияларингиз учун катта раҳмат!

Ш.ИСРОИЛОВА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг