Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Дадажон, сиз тинч ётинг. Мен уларга яхши қараяпман»...

«Дадажон, сиз тинч ётинг. Мен уларга яхши қараяпман»...

Фото: «Xabar.uz»

Зуҳрахон навбатчиликни топшириб, уйига отланар экан соатига қаради: 9.00. Тўққизу ўттиздаги рейсга улгуриши зарур. Зинапоялардан югургилаб тушиб борар экан, ҳарбий либосдаги йигитга кўзи тушди. «Бунчалар барваста, кўркам бўлмаса» хаёлидан ўтдию кўзларини олиб қочди. Нигоҳи бунчалар ўктам. Қайси бахти кулган қизнинг ёри экан бу! Ҳамон чопиб борарди, чақириб қолсайди, чақириб қолсайди. Қани юрагининг дукур-дукури босилса. Ўша он йигитнинг хаёлидан ҳам, қандай нафосатли, қай йигитни бахтга чулғаркин бу дилбар қиз, деган фикр айланарди.

— Навбатчилик яхши ўтдими? — аясининг овозидан ҳушига келган қиз уйга етиб келганини англади. Хаёлидан ўтганларини волидаи меҳрибони билиб оладигандек қизариб кетди.

— Тобинг қочдими? — хавотирга тўла овоз билан қўлларини қизининг пешонасига қўйди.

— Йўғе, соппа-соғман.

Нонушта ҳам қилмай уй юмушларига урина кетган қиз минг хаёлда ўртанарди. Йигитлар ҳақида сира ўйламасдим. Нима бўлди менга? Бир кўришда-а. Э Худойим, ўзинг кечир. Мен уни унутдим...

Шу билан қалби ором топди. Одатдаги кунлар бошланди. Лекин ҳаёт деганлари қизиқ экан. Ишхонада бир вақт «Ҳамшира Зуҳрахон, сизга келишибди», дея чорлашганда чиқиб лол қолди. Не кўз билан кўрсинки: худди ўша йигит! Тим қора кўзлар унга термулиб турибди! Ўткир нигоҳга тоб беролмай кўзларини олиб қочди.

— Кечирасиз. Сизга бошқа бўлимдаги Зуҳрахон керакдир?

— Йўқ, йўқ, айнан ўзингиз кераксиз, — деди йигит шошиб.

— Лекин... Мен сизни танимайман, хайр. — Қиз ўзини дарҳол ичкари олди. Йигит бўлса, танимасангиз, энди танишамизда, деганча қолаверди.

Ол-а, жуда ғалати бўлдику, жон деб турибсанку, таъна қиларди қиз ўзига. Бунақа мантиқсиз ноз-фироққа бало бормиди-я. Йигит ҳамон йўлакда уни кутиб турганини сезса-да, иш куни якунлангач, зинапоялардан юрмай, лифтда тушиб қишлоғига йўл олди. Чиндан ҳам уни кўрмаслиги керак. У жудаям кўркам, келишган, бунақалар куйдиргич бўлади дейдилар. Бу қилмишидан ўртанса-да қалбининг қаеридадир умид учқунлари чақнаб-чақнаб қўярди: келади!

Таассуфларким, орадан бир-икки ой ўтса ҳам йигитдан дарак бўлавермади. Ўзига умидвор кўз тиккан йигитларнинг бирортасини ҳам унга ўхшата олмасди: У бошқача, бутунлай бошқача! Бу орада Зуҳрахондан сўрамай унаштириб қўйишди.

— Суфондан совчилар яна келишди. Сени унаштириб қўйдик, — деди онаизори. — Яхши оила экан. Машҳур Нишонбой ўқитувчининг ўғлига. У ҳам дўхтир экан.

— Вой, аяжон! — Хитоби ваҳимали чиқиб, ўзи ҳам бирдан чўчиб тушди-да, нима дейишини билмай, ахир бир-биримизни кўрмаган, танимаган бўлсак қандай қилиб тегиб кетавериш мумкин?..

— Ийе, сени кўрибди, ёқибсан. Тамом-вассалом — фотиҳадан қайтмайдилар.

Қизгина кўнглигини «жиз» эттирган йигитга қиё боқмай қандай хатога йўл қўйганини ўйлаб, эзилиб юрган кунлар яна, ҳамшира Зуҳрахон, сизга келишди, қараворинг, дейишди. Бўлим эшигини очдию юраги гупиллаб ура кетди. Формаси ўзига ярашган ўша хушсурат ҳарбий йигит! Боқишлари... қанчалар виқорли, самимий... Э воҳ, энди кеч, жуда кеч.

Эшик юзига тарақлаб ёпилишини ички туйғу ила ҳис этган йигит — Тўхтанг, эшикни ёпманг, — деди шошиб. — Мени эшитинг. Мен суфонликман, исмим Қаҳрамон.

Қиз ажабланди. Суфонлик бўлсанг, менга нима, демоққа оғиз жуфтладию фикридан қайтди.

— Суфоннинг ярми бизнинг қариндошимиз. Лекин сизни энди кўриб турибман.

— Эҳтимол, биз ҳам сизга қариндошдирмиз. Яхшилаб қаранг-чи.

— Сиздақа қариндошимиз йўқ .

Ҳув ўшандагидай гўёки йигитга мутлақо бефарқдек бўлимга равона бўлди. Аммо бу гал қизнинг росмана аччиғи келди. Дилини ёндирган ҳайқириқни тилига чиқиб кетишига бир баҳя қолди: «Нимага кеч келдингиз? Нимага? Мен сизни кутгандим. Жуда кутгандим».

Ишдан чиқиб шоҳбекат томон елиб борар экан ғамбода юрагига қил сиғмасди. Шу пайт кутилмаганда ёнида у пайдо бўлди.

— Зуҳрахон, илтимос, яна қочиб қолманг. Мен сизни яхши кўраман. Сизга уйланаман.

— Афсуски, кечикдингиз. Мени... мени унаштириб қўйишди суфонлик Бахтиёр деган болага. Энди мени излаб келаверманг.

Йигитнинг юзига табассум югурди: — Бахтиёр эмас, Қаҳрамон деган болага денг. Ўша бола мен бўламан. Ахир сиз арсифлик Саидраҳмон аканинг қизи Зуҳрахонмисиз?

Қизнинг кўзлари порлаб, юзлари қип-қизариб кетди. Ҳайратомуз бахт!

— А?.. Ростданми? — Қиз энди қувончини яширолмасди. — Демак, исмингизни менга нотўғри айтишибди-да, — дея лоларанг яноқларини кафтлари билан яширганча ўзини «Фарғона—Арсиф» автобусига урди.

Тўй куни белгиланди.

Узукка кўз қўйгандек бир-бирларига ярашиб турган келин-куёвдан кўз узолмай қолдилар. Бу оламда бахту иқболда уларга тенг келадиган жуфтлик йўқ эди, гўё. Катталар ҳавасланиб дуога қўл очардилар:

— Туф, туф, кўз тегмасин! Кўрганларингиз тўй бўлсин, насибаларингиз мўл бўлсин. Ой бахтли, олтин тахтли бўлинглар...

Тақдирда бошқа битиклар борлигини, жунун ёшлик фароғати атиги беш йил эканлигини улар қайдан ҳам билишсин...

Зуҳрахон Қаҳрамонни ишга кузатиш онларини жуда яхши кўрарди. Ана, у формасини олиб киймоққа чоғланиб, пагонини ўпиб-ўпиб қўйди. Бўлмасам-чи, пагон ҳам она Ватан тимсоли. Ҳамма ҳарбийлар ҳам шундаймикан-а. Ҳар ҳолда унинг жуфти ҳалоли шундай инсон — ҳарбийлиги, Ватан ҳимоячиси эканлиги билан чексиз фахрланади. Зуҳрахон ҳам Қаҳрамонжон ҳақида сўраб қолишса, у киши ҳарбий шифокор, ҳозир чегарада хизматда, деганда дилида ифтихор туйғулари жўш уради. Олислаб кетганда «Қаерда бўлсам-да, ёдимдасиз, ёнимдасиз. Онажонимизни асранг, авайланг», дея шеърий мактублар ёзади. Улар Янги йил байрамини айрича хуррамлик билан кутишарди. Ҳарбий ҳар сония ҳарбийда. Беш дақиқа ўн иккида ошиқиб-тошиқиб кириб келар, «улгурдим-а, улгурдим-а. Қандай соз!» дея онажонисининг бағрига отилар, қизалоғи Зайнурани эркалаб суярди. Йўлларига интизор азиз инсонлари борлигидан бағоят масрур эди.

Ачанисо она ҳам шодумон фарзандларига тўймай термулар, улар узоқ йиллар шундай меҳру муҳаббат оғушида яшайдилар деб ишонар, тилидан шукр каломи тушмасди. 2000 йилнинг баҳорида Қаҳрамонжон картошка экишга тутинган палла она кўпдан айтолмай юрганларини боласига тўкиб солди:

— Эртага яна Тошкентга қайтасанми?

— Ҳа, буважон, хизматчилик.

— Болажоним, шу ерда дўхтирлигингни қилиб юраверсанг ҳам бўларкану...

— Буважон, сиз қайғурманг. Ҳаммаси яхши бўлади. Келаси йил ер олиб боғ қиламиз. Захирага чиққач, фермер бўлиб ёнингизда юравераман. Боғимизга шафтоли, олхўри экамиз. Шундай боғ бўлсинки, ҳамма «Ўҳ-ҳў, бу Қаҳрамонжоннинг боғи-ку! Боғмисан боғ бўлибди-да», дейишсин.

— Барака топ, болажоним. Муроду мақсадингга ет. Аллоҳнинг паноҳида бўл. — Онаизорнинг кўзларида шукроналик, қувонч ёшлари тўла эди...

— Сиз фақат ташвиш қилманг, кўп ўзингизни уринтирманга, хўпми, хўп денг, буважон.

...Лекин Қаҳрамонжон ўзини эҳтиёт қилмади, қилолмади. Жонини Ватан учун фидо қилди. 2000 йил 4 августда Сурхондарёнинг Сариосиё тоғларида хизмат бурчини бажараётганда жангарилар ўқидан ҳалок бўлди. У ўзи эккан «бошини еб қилган» картошкаларни кўролмади.

Ёдгорой туғилди. Зайнурахон отасига ичика-ичика катта бўлди. У мурғак қалби билан отаси қайтиб келмаслигини сезарди. Илк марта уни зиёратга олиб боришганда эндигина еттига қадам қўйган гўдак «Дадажон, сиз тинч ётинг. Мен уларга яхши қараяпман» деб катталарни ҳайрон-ҳайрон қолдирганди. Ёдгорой бўлса тили чиқиши билан дадасининг суратига қараб «Дадажон, қачон келасиз? Мен сизни жуда соғиндим. Менинг қўлимдан етаклаб боғчага олиб боринг», дея дилларни вайрон қиларди. У мактабга борадиган кунлар яқинлашган сари юраклар пўкилларди.

— Аяжон, унга ўзимиз айтайлик, — деди Зайнурахон бир куни. — Бировлардан эшитгандан кўра.

Сўнг Ёдгоройга ётиғи билан аччиқ ҳақиқатни айтишди. Қизалоқ бўлар-бўлмасга кўз ёши қиладиган одат чиқарса керак, деган шубҳада эдилар. Йўқ, бир-икки ҳафта тушкунликдан чиқолмай юрдию ўзини ўнглаб олди. Ҳатто бир куни «Ҳамма ҳам бир кун ўлади. Лекин бизнинг дадамиз Ватан учун жонини қурбон қилди» деса бўладими... Кўз ёшларни тўхтатиб бўлмади. Қизалоқ уларнинг кўз ёшарини артар, Ачанисо онанинг кўз ёшларини артиб, сиз йиғламанг, сиз йиғласангиз дадам хафа бўлади, ўзингиз шундай дегансиз-ку, дерди. Ҳа, Ачанисо онанинг набира қизалоқлари тенгқурларидан анча тез улғайишди.

Оқила қизалоқ ҳар кун мактабга йўл оларкан, дадажон, мен мактабга кетдим, яхши қолинг, дерди. Мактабдан келиб яна салом беради: «Дадажон, мен бешта беш баҳо олдим. Муқаддас опам, отангга раҳмат, деб китоблар, дафтарлар берди...»

Раҳматли Ачанисо она Ёдгоройнинг ана шу фазилатларини бир кулиб, бир йиғлаб ҳикоя қилиб берарди. Шу суҳбатларга ҳам мана неча йиллар бўлибди. Онаизор Зайнурахонни яхши жойга унаштирилган куни боқий дунёга сафар қилибди. Бувилари ва аялари тарбиясида Зайнурахон билан Ёдгорой ҳамма ҳавас қиладиган фарзандлар бўлиб фазлу камолга етдилар. Мен бу оилани яхши биламан. Кўп марта ёзганман. Мени оила ҳаётидаги ўзгаришлар жуда қувонтиради. Зайнурахон Марғилон тиббиёт касб-ҳунар коллежида ўқиди, энг намунали оилага келин бўлиб тушди. Ҳозир Салоҳиддинжон билан икки фарзандни катта қилишяпти. Янаям қувончлиси, у бултур Фарғона давлат университети биология факултетига, 2019 йили Ёдгорой Андижон тиббиёт институти даволаш факултетига имтиҳонсиз қаубл қилинди. Зуҳрахоннинг севинчи ичига сиғмайди:

— Президентимизга мингдан-минг раҳмат. Бизга бўлаётган ғамхўрликларнинг хадди-ҳисоби йўқ. Уммухалқ байрамларида, Ватан ҳимоячилари кунида, Мустақиллик байрамида нафақат ҳарбийлар, балки жуда кўп ташкилотлардан қадам ранжида қилиб иззат-икром кўрсатиб кетишади. Улар сон-саноқсиз. Аввалги йили менга «Матонатли аёл» фахрий унвонини ва телевизор топшириш маросимида вилоят ҳокими «Ҳақиқий мукаррама аёл, буюк онасиз! Сиз ҳар қанча бўлсин эҳтиромларга муносибсиз. Матонатингизга тасанно!» деган сонияларда қалбимдан кечганларини айтиб адо этолмайман. Бу сўзлар, ишонинг, менга энг катта мукофот, энг қудратли далда бўлди. Демак, мени тушунадилар, Қаҳрамон Мадолимовни асло унутмайдилар...

Зуҳрахон Дилнурахон ва Судависжон набиралари туғилгандан буён ёқимли ташвишлар ичида қолган. Ўғил неварани кўрганлар «Бобосининг қуюб қўйгандек ўзи-я. Кичкина Қаҳрамон!» дейишганда жудолик алами бироз нари кетади. Айтганча, Қаҳрамонжоннинг орзусини Ачанисо она бошчилигида ака-укалари амалга оширишди.

Қаҳрамон тасаввур қилгандек ажойиб боғ барпо бўлган. Бу боққа ҳам ўн саккиз йилча бўлиб қолди. Ана, Қаҳрамонжоннинг боғи. Қандай чиройли, қандай гўзал! Сиз баҳорда келинг, чаппар уриб гуллаган дарахтлардан, ёзда келинг, ширин-шакар мевалардан баҳри дилингиз яшнаб-яйраб кетади. Эл қалбида яшаётган Қаҳрамондан шундай болтомар боғлар қолган.

...20 январ Қаҳрамонжоннинг туғилган куни. У оқлик, поклик рамзи бўлган қорни, қор ёғаётган дамларни жуда-жуда хуш кўрарди...

Ҳафиза Саляҳова,
«Хаbаr»нинг Фарғона вилоятидаги мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг