Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дарёнинг икки қирғоғидагилар

Дарёнинг икки қирғоғидагилар

Бугун, 28 май куни Тошкентдаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида «ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида республика конференцияси ўтказилди.

Унда қатор масалалар, жумладан, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигини тубдан такомиллаштириш ҳамда матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси ҳақида гап борди.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири конференция иштирокчилари, шунингдек, ушбу ўзгаришларга дахлдор мутахассис ва журналистлар фикри билан қизиқди:


Беруний Алимов,
блогер, таржимон, собиқ дипломат,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD:

Ҳатто вазирликларнинг ҳам ахборот хизматлари талабга жавоб бермайди

Бугунги конференциянинг менга ёққан жиҳати — у дарёнинг икки тарафидаги одамларни учраштирди. Унинг бир қирғоғида журналистлар бўлса, иккинчисида ахборот хизматлари вакиллари юрарди. Кўтарилаётган масала, ўйлайманки, уларни бирлаштиради, ўзаро алоқалари самарасини оширади.

Мен учун яна бир янгилик: Журналистларнинг касб этикаси кодекси ишлаб чиқилаётгани бўлди. Бу ҳақда экспертлар маълумот беришди. Одатда кўп мақтанамиз, бизда 10дан зиёд ОАВ қонунчилиги бор деб, лекин кодекс бундан кучлироқ бўлиши керак. Чунки уни журналистларнинг ўзлари ишлаб чиқишади, экспертлар эмас. Шунинг учун хорижда қонунларга нисбатан кодекс кучлироқ ҳисобланади. Биз шу пайтгача нега уни қабул қилмадик, гапнинг очиғи, тушуна олмайман. Бугун конференция баҳонасида билдимки, кодекс қабул қилиниши арафасида экан.

Конференция ишига юқори баҳо берган бўлардим. Чунки унда натижалардан кўра, муаммолар ҳақида кўпроқ гапирилди. Ўзим ҳам бир қанча идора ва ташкилотларда матбуот хизматида ишлаганман. Шунинг учун гапларим кимгадир ёқар, кимгадир ёқмас: аммо ҳозирда ҳатто аксарият вазирликларнинг ҳам ахборот хизматлари талабга жавоб бермайди. Вилоятларнику айтмаса ҳам бўлади. Айрим вилоят ҳокимликлари сайтига кунига 70-80та одам киради, холос. Шунақа сайт, шунақа ахборот хизмати керакми ҳозир? Шунинг учун бу масала тубдан қайта кўриб чиқилаётгани қувонарли ҳол.


Ҳусниддин Бердиев,
«Оила даврасида» газетаси бош муҳаррири:

Ахборот хизматлари иши фақат пресс-релиз тайёрлаш эмас

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўтказилган «ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзуидаги республика конференциясида иштирок этиб бир қатор фикрлар хаёлимдан ўтди.

Аввало, конференцияда қайд этилганидек, бугун миллий қонунчилигимизда оммавий ахборот воситалари фаолияти билан боғлиқ камчиликлар, қатор бўшлиқлар борлиги кундай равшан. Оммавий ахборот воситаларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан тортиб, муассислар билан муносабатлар, муассис мажбуриятлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан журналистнинг ахборот олишига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик масаласигача – кўплаб меъёрларни аниқлаштириш зурур.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, бунинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида кўтарилаётган масалалар кўплаб журналистларни, оммавий ахборот воситалари ходимларини хурсанд қилган бўлса керак. Боиси биз йиллар давомида оддий бир материал (танқидий у ёқда турсин) тайёрлаш мақсадида бир ташкилотдан маълумот олишда катта тўсиқларга учраб келдик. Расмий хат жўнатиш, хат эса канцеляриядан – тегишли раҳбарга, раҳбардан – ўринбосарга, ўринбосардан – ижрочига тушишини, кейин эса ижрочи тайёрлаган ҳисобот шаклидаги бир маълумот (шунда ҳам умумий гаплардан нарига ўтилмаган) яна шу йўналишда раҳбаргача бориб, унинг тасдиғидан ўтгандан сўнггина почта орқали бизга келиши каби узундан-узун жараён кўпчилик ҳамкасбларимизга яхши таниш. Сўнгги йилларда давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил ҳаётга татбиқ этила бошлангач давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг матбуот билан ишлаш услубида ҳам анча-мунча ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Бироқ ҳали ҳам бу йўналишда долзарб бўлиб турган масалалар талайгина.

Аввало, ахборот хизматлари нафақат ўз ташкилоти ҳақида пресс-релиз ёки бошқа маълумот тайёрлаб матбуотга узатиш, балки ушбу ташкилот имижи учун ҳам масъул эканлигини англаб етиши зарур. Мисол учун, газета ёки интернет нашрда бирор бир ташкилот фаолияти ҳақида танқидий материал чиқса, биринчи навбатда бу материални ким ёзган, нега ёзган каби саволларни суриштириш ўрнига, ўша материалга тезкор муносабат билдирилса, айтилган камчиликларни тўғрилаш борасида қандай ишлар бошлангани айтилса, бу биринчи галда ўша ташкилотнинг обрўси ошишига хизмат қилмайдими? Албатта, бунинг учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолиятини кафолатлайдиган меъёрий ҳужжатлар керак бўлади. Шунинг учун ҳам бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигини тубдан такомиллаштириш ҳамда матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Конференция давомида шунга амин бўлдим: ошкоралик ва демократик тамойилларни оммавий ахборот воситаларида чинакамига татбиқ этиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак экан. Бу давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг ахборот хизматлари фаолиятига, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қанчалик ҳимояланганига, ўз навбатида, оммавий ахборот воситалари ходимларининг билими, савияси ва салоҳиятига бевосита боғлиқ. Хурсанд қиладиган томони мана шу долзарб вазифалар ечими сари қадам қўйилаётганидир.


Баҳриддин Шайвалиев,
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Ахборот хизмати бош мутахассиси:

Ахборот хизматлари иши қийинлашиб бораверади

Ҳозирда кенг муҳокама қилинаётган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида айтиш мумкин бўлса, матбуот котибларининг неча йиллик «оғриқли нуқта»лари ўз ечимини топган.

Бугун исталган давлат бошқарув органи ўз йўналишида жамият ҳаётига оид ҳар қандай муҳим қарорни жамоатчилик фикрини инобатга олмасдан қабул қилолмайди. Оммада ташкилотга нисбатан ижобий фикрини уйғотиш учун эса ахборот хизмати тер тўкиши керак.

Қолаверса, бугунги ўзбек ахборот маконида янги тенденциялар шаклланмоқда, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви, хабар узатишдаги ўзига хос пойга ахборот хизматларини ишлашга мажбур қилмоқда. Жарангдор сарлавҳалар қўйиш ва номаълум манбаларга таяниб бирровлик сенсацион ахборот узатиш одат тусига кирган бир пайтда, матбуот котибига ҳавас қилиб бўлмайди.

Ахборотлашаётган жамият ахборот хизматлари олдига янги вазифалар қўяётган паллада уларга муносиб шароит яратиб бериш адолатдан бўлади. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ахборот хизматлари ишини тўлақонли ташкил этишга ёрдам беради.

Энди ОАВнинг барча тури билан бирдек ҳамкорлик қилиш, уларнинг сўровига ўз вақтида жавоб бериш, интернет ва ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш, эълон қилинаётган хабарларга тезкор муносабат билдириш матбуот котиби ташаббуси эмас, балки унинг кундалик вазифасига айланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг