Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлат хизматлари агентлиги Озарбайжон билан муҳим ҳужжатни имзолади

Давлат хизматлари агентлиги Озарбайжон билан муҳим ҳужжатни имзолади

Тошкентда «Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати ва Ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ўртасида Ўзбекистон Республикасида Давлат хизматлари марказларини ривожлантириш бўйича ўзаро англашув Мeморандуми»ни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Бу ҳақда ташкилотнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди. 

Белгиланган ўзаро ҳамкорлик асосий вазифалари ичида:

-марказ ходимларининг малакасини ошириш, хизматлар кўрсатиш жараёни ва бошқатегишли йўналишлар бўйича тренингларни ташкил этиш;

-«ASAN service» марказларида марказ ва маъмурият ходимлари учун Озарбайжон ва Ўзбекистонда амалиёт/тажриба алмашиш учун ўқув ташрифларини ташкил этиш;

-давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги долзарб муаммолар ва уларни бартараф этишнинг концепциялари ва самарали бошқарув механизмлари бўйича қўшма конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш;

-мобил «ASAN xidmat» соҳасида маслаҳат бериш;

-давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида Ўзбекистон имкониятларини ўрганиш ҳамда «Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш» номинациясида БМТ ва ASAN ISESCO мукофотларини олиш учун лойиҳалар ишлаб чиқиш;

- ва бошқалар.

Маълумот учун: Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиши биланоқ соҳага оид илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, ижобий халқаро амалиётларни маҳаллий шароитларга мослаштириш ва жорий қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

«ASAN» хизмат марказларининг тажрибаси дунёда энг илғорлар сафига киради. Шу боис, давлат хизматлари соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг илк қадамлари 2017 йил декабрида қўйилган эди.

Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг тез суръатларда ривожланиши озарбайжонлик ҳамкасблар томонидан юқори баҳоланди. Жорий йилнинг январь ойида Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати ва ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги аппарати бошлиғи Азад Джафарли бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Хизмат сафари давомида Озарбайжон томони Ўзбекистон давлат хизматлари миллий тизимини ташкил этиш тажрибаси, Давлат хизматлари марказлари фаолияти, аҳоли билан ишлаш тизими билан танишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг