Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Ҳоким ва «адабий адвокат»лар...

Ҳоким ва «адабий адвокат»лар...

Фарғона вилояти ҳокимлиги

Фото: «Wikipedia.org»

Ушбу масалага Энг Юқоридан нуқта қўйилмаганча баҳс давом этаверса керак. Устига-устак, мавзу «қаҳрамони»нинг «ҳимоячилари» пайдо бўлаётгани баҳс-мунозара баттар кучайишига сабаб бўлмоқда.

Алқисса, гап яна Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақида. «Чегара билмас» бу амалдор оғзи шалоқлиги, демакки, маънавияти ҳаминқадарлиги билан аллақачон ижтимоий тармоқлар «юлдузи»га айланиб бўлди. Ақтўбе фожеаси сабаб ўтказилган мажлисдаги «оташин нутқи» унинг маънавий қиёфасини кўрсатиб бердики, шундан бери маҳаллий журналистлар «кўмаги»да юзига парда тортиш билан оворадай, гўё... Шунинг ўзи жаноб Ғаниевнинг «оёғи ердан узилган»ини кўрсатади, аслида. Мардлик қилиб, битта «узр» билан масалани совитиш мумкин бўлган вазиятда маҳаллий журналистлар «ёрдами»да ўзининг «халқпарвар раҳбар» эканини кўрсатишга тушгани ундаги кибрдан далолат. Айнан кибр одамнинг оёғини ердан узади. Ҳокимнинг талабчан ва серғайрат экани бор гап. Бироқ бу сифат одамларни (тошлоқликларни) ёппасига «ҳароми» деб ҳақорат қилишга имтиёз бермас? Узр-ку, шайтон ҳам олим бўлган, бироқ кибри сабаб лаънатга учраганини ёдга солсак, биров бизни айбситмас.

Ўтган вақт давомида ҳокимни ҳимоя қилиб уч нафар ҳамкасбимиз ижтимоий тармоқларда чиқиш қилди (вилоят ҳокимининг матбуот котиби бундан истисно, у ҳар қандай ҳолатда ҳам раҳбарини ҳимоя қилишга мажбур, бу унинг касб эмас, вазифаси тақозоси). Аввалига Гулбаҳор Саид Ғани деган қаламкаш андишанинг юзига тупуриб, «вилоят аҳолиси номидан» ҳокимдан «салкам фаришта» ясамоққа чиранди. Опахон «ҳимоя»га чоғланар экан, қалқон-у дубулғани ёддан чиқарган чоғи, «мурожаати»га нисбатан танқидий муносабатларни тармоқдан ўчиришга (бу андишасизликнинг иккинчи кўриниши) тушди. Сўнг айрим фуқароларнинг ҳоким номига ёзган «миннатдорчилик хатлари»ни эринмай тармоқдаги саҳифасига жойлаштиришга ўтди. Гулбаҳор Саид Ғани «кўзир» қилиб кўрсатишга уринаётган хатлари катта эҳтимол билан уюштирилгани ёки «ҳисобот учун» ёинки «бир кунга яраб қолар» дея ташлаб қўйилган қайсидир тортмадан чиққанини илғаш учун катта ақл талаб қилинмайди. Мазкур «миннатдорчилик хатлари» одамларнинг қалб амри билан битилган тақдирда ҳам уларнинг эълон қилиниши камтарликнинг оддий меъёрларига тўғри келмаса керак. Ахир амалдорнинг вазифаси, Юртбошимиз такрор-такрор талаб қилаётганидай, «одамларни рози қилиш» эмасми? «Ҳиммат»ни бундай шаклда кўрсатиш миннат ҳисобланмайдими? (Дарвоқе, ҳоким мусибатзадаларга кўрсатилган моддий ёрдамни ўша «оташин нутқи»да миннат қилганида «миннатдорчилик мактублари» эълон қилинишидан ажабланмасаям бўлади.)

Таниқли журналист Муҳаммаджон Обдидовнинг «Мен билган Ғаниев» мақоласидаги холисликка интилишни эътироф этмасак инсофдан бўлмас. Бироқ мазкур чиқиш провардида ҳоким фойдасига хизмат қилишиниям ёдда тутмоқ керак. Муҳаммаджон ҳожи ака – кўпни кўрган, бошидан не-не синовларни ўтказган зукко журналист: таъбир жоиз бўлса, тегирмонга тушса наинки бутун, керак бўлса — бир қўлида биринчи, иккисида — олий нав ун билан чиқади. Шу маънода ҳожи ака ушбу мақоласи орқали бир ўқ билан бир неча қуённи ургандай:

1.Таниқли журналист сифатида жим ўтирмади, қандай бўлмасин, воқеликка ўз нуқтаи назарини билдирди;

  1. «Бир ғаламис туфайли» ҳоким ва ўзининг «ўртасига тушган парда»ни йиртиб ташлаш имконияти пайдо бўлди. Ва имконият қўлдан бой берилмади.
  2. «...ҳоким Ш.Ғаниевнинг менинг ҳимоямга муҳтожлиги йўқ», деб таъкидласа-да, аслида амалдор айни пайтда қалам аҳли, хоссатан, Муҳаммаджон Обидовдай машҳур журналистнинг кўмагига ҳар қанчонгидан ҳам муҳтож. Айни эҳтиёж сабаб «Мен билган Ғаниев» қоғозга тушгани эҳтимоли катта.

«Мен билган Ғаниев»да ҳокимнинг оёғи етмаган маҳалла қолмагани, умуман, унинг раҳбарлик ва бошқа қатор инсоний сифатлари қаламга олинган. Аммо бу ҳақда шу кунларда, ҳоким «нутқи» кенг жамоатчиликнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётган бир паллада гапириш-ёзиш самимиятга соя солаверар экан-да.

Яна бир журналист, укамиз Давлатжон Полвоновнинг «ҳашарга қўшилиши» кутилмаган ҳолат бўлди мен учун. Унинг ҳиссиётларга тўла жумлалари ҳалиям хомлиги, содда-ю гўллиги, бунақанги «ўйин»ларда иштирок этмаганини, умуман, иштирок этиши номаъқул эканини кўрсатди. Ҳар ҳолда, Давлатжон Полвоновни талабалигидан бери биламан, илк амалиётини менинг раҳбарлигимда ўтаган, иқтидори ўшандаёқ кўпларнинг эътиборини тортганди. Ўзаро суҳбатларда «устоз» деб «куйдириши» учун ҳам айтгим келди: ука, бунақа чиқишлар билан ўзингизни шарманда қилманг, биз ҳам вақтида аҳмоқлигимиз боис шунақа мақолалар ёздик, унинг заҳри ҳамон танамиздан кетгани йўқ, афсус-у пушаймонликни айтманг... Бизнинг хатоларни такрорламанг, дейман-да...

...Алқисса, бир-бирига уланиб кетаётган воқеликлар, журналист Шуҳрат Шокиржонов айтганидек, «майнавозчилик»дан бошқа нарса эмасдай. Бу жараёнда қилар ишни қилган амалдор бир четда қолиб, журналистлар «биринчи план»га чиқиб қолаётгани кўнгилда баттар оғриқ қўзғатади.

 Иккинчидан, мамлакат раҳбари ҳар икки гапининг бирида «одамларни рози қилиш», «уларнинг ишончини кучайтириш» хусусида куйиб-пишаётган бир пайтда катта бир вилоят раҳбарининг ҳуқуқбузарлиги шундоғича қолиб кетиши:

  1. Унинг ўзи ва ундан «ранг олган» бошқа амалдорлар баттар қуюшқондан чиқиб кетишига замин яратади;
  2. Одамларда ҳукуматга, давлат раҳбариятига нисбатан ишончнинг синиши эҳтимолини пайдо қилади.

Ҳар икки ҳолат ҳам жамият учун хавфли эмасми?

Масаланинг энг оғриқли жиҳати шунда.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг