Интернетда битирувчи кадрлар ҳақидаги саҳифа ишга туширилди
Ўзбекистон иқтисодиётини кўтаришда кадрларга бўлган реал эҳтиёжни ўрганиш ва унинг натижаси асосида кадрларни мақсадли тайёрлаш муҳим роль ўйнайди. Бугунги кунда бирорта маҳаллий бошқарув органлари ёки идора ва ташкилотлар жорий йилда қайси соҳада қанча ёш мутахассис тайёрланаётганлиги ва уларнинг қанчаси қайси шаҳарларда қандай ОТМларни ва қандай мутахассисликларни тамомлаётганлиги ҳақида аниқроқ маълумотга эга эмас.
Ушбу муаммонинг ечими сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Узлуксиз таълим сифати мониторинги бош бошқармаси томонидан юртимизда кадрлар тайёрлаш мониторингига бағишланган янги интернет саҳифа ишга туширилди.
Давлат инспекциясининг ушбу интернет саҳифасида Олий таълим муассасаларининг 2017-2018 ўқув йилидаги битирувчилари тўғрисидаги статистик маълумотлар жойлаштирилган бўлиб, ундан иш берувчилар, тадбиркорлар, турли давлат бошқаруви органлари, таълим муассасалари ва умуман кенг жамоатчилик фойдаланишлари мумкин. Бу маълумотлар ҳар бир вилоят ёки туман ҳокими, турли идора ва ташкилотлар, қолаверса кенг жамоатчилик учун керакли мутахассисликлар бўйича кадрларни қидириб топишда қулайлик яратилишига ва пировард натижада битирувчиларнинг иш билан таъминланишини тезлашишига хизмат қилиши мумкин.
Айни вақтда Давлат инспекциясида касб-ҳунар таълим тизими битирувчилари тўғрисидаги маълумотларни ҳам тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари ушбу саҳифа мутахассислари келгусида кадрларга бўлган реал эҳтиёжни ҳам ўрганиб, кенг жамоатчиликка қулай бўлган шаклда ёритиб боришни режалаштирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter