Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳон банки инсониятни яширин хатардан огоҳ этди. Афсуски, бу огоҳлантириш Ўзбекистонга ҳам дахлдор

Жаҳон банки инсониятни яширин хатардан огоҳ этди. Афсуски, бу огоҳлантириш Ўзбекистонга ҳам дахлдор

Фото: «newsbeezer.com»

Сайёрамизда сув манбаларининг ифлосланиши билан боғлиқ яширин хавф-хатар тобора кучайиб бормоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки томонидан тайёрланган «Номаълум сифат: кўринмас сув инқирози» ҳисоботида сўз боради.

Қайд этилишича, сув манбаларининг ифлосланиши табиат ва экотизимга таъсир этибгина қолмай, дунё иқтисодий тараққиётини ҳам секинлаштирмоқда. Дунё бўйича 80 фоиз оқова сув табиатга тозаланмаган ҳолда чиқарилмоқда. Ушбу кўрсаткич айрим ривожланаётган мамлакатда 95 фоизга етади. Сув тозалаш тизимини ислоҳ этиш учун эса жуда катта миқдорда сармоя талаб этилади.

«Тоза сув иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан бири саналади. Сув сифатининг ёмонлашуви иқтисодий тараққиётни тушовлайди, аҳоли саломатлигини издан чиқаради, озиқ-овқат ишлаб чиқариш кўрсаткичини пасайтириб, мамлакатларни қашшоқликка олиб боради», – дейди Жаҳон банки етакчиси Дэвид Малпасс.

Вақт ўтган сайин уммон сувининг ифлосланиши ҳам тобора хатарли тус олмоқда. Тадқиқотларга кўра, 1950-йиллардан буён инсоният 8,3 миллиард тонна пластик буюмлар ишлаб чиқарган бўлиб, уларнинг қарийб 91 фоизи қайта ишланмаган. Ҳар йили фақатгина соҳилбўйи ҳудудлардан океанга 4,8 миллион тоннадан 12,7 миллион тоннагача пластик чиқинди ташланмоқда.

Табиатни муҳофаза қилиш мутахассисларининг хавотир ила қайд этишича, океанга тушган пластик чиқиндилар йўқ бўлиши учун минг йиллар керак бўлади.

«Номаълум сифат: кўринмас сув инқирози» ҳисоботи муаллифлари янги илмий методлар воситасида ичимлик сувига бактериялар, кимёвий моддалар кучли таъсир кўрсатиб, обиҳаётни заҳарга айлантираётганини исботладилар.

Бу қарангки, сув муаммоси нафақат ривожланаётган, балки мутараққий мамлакатларга ҳам тааллуқлидир.

Ҳисоботга кўра, қишлоқ хўжалигида қўлланаётган кимёвий моддалар, хусусан, азот сув таркибининг бузилиши ва ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Бу эса болаларнинг ақлий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сув ифлосланиши, табиийки, ҳосилдорликни-да камайтираётир. Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳар йили сув шўрланиши туфайли бой берилган ҳосилга 170 миллион кишини (дейлик, бутун бошли Бангладеш аҳолисини) тўйдириш мумкин бўлади.

Жаҳон банки ҳисоботида сайёрамиз давлатларига вазиятни яхшилаш учун экологик дастур ва стандартлар ишлаб чиқиш, сув ифлосланиши даражасини мунтазам мониторинг қилиш, бу борада самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш, тозалаш тизимини ислоҳ этиш каби тавсиялар берилган. Шу билан бирга, аҳолига сув сифати ҳақида аниқ ва ишончли маълумот бериш муҳимлиги эслатилган.

Сув тақчиллиги ва ифлосланиши Ўзбекистон учун ҳам долзарб муаммо саналади. Расмий маълумотларга кўра, охирги 40-50 йилда мамлакатимизда саноат ва қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланиши чучук ерости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Сув иншоотларининг рухсатсиз қурилиши ва сувни назоратсиз олиш оқибатида конлардаги захиралар 35 фоизга қисқарди, айрим ҳудудларда эса захиралар тугади.

Мамлакатимизда сув манбалари сатҳи ифлосланиши ҳозирги суръатда давом этса, яқин ўн йилларда ерости чучук суви манбаларининг ярмидан кўпини йўқотиш хавфи мавжуд.

2040 йилга бориб, сайёрамизнинг 33 давлати сувнинг ўта танқислиги муаммоси билан тўқнашади, деб ҳисоблайди Дунё ресурслари институти (World Resources Institute). Ушбу рўйхатда Ўзбекистон ҳам 29-ўринда қайд этилган.

Мутахассислар бот-бот таъкидлаётганидек, юртимизда ҳам зудлик билан сувдан оқилона фойдаланиш тизимини жорий этиш лозим.

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг