Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Расул Кушербаев: Кечаги ишлар бўйича икки оғиз

Расул Кушербаев: Кечаги ишлар бўйича икки оғиз

Фото: Xabar.uz

Тошкент шаҳар бош экологи Фарҳод Деҳқонов кеча тунда қўйиб юборилиб, оиласи бағрига қайтди. У Чилонзор ва Учтепа туманларидаги дарахткушлик иши ортидан ҳибсга олинганди. Дарахткесарларга қарши курашадиган орган раҳбари ҳибсга олиниши жамоатчиликни ларзага келтирган. Айниқса, бу экология тизимидаги ходимларга шаштни сўндирадиган даражада қаттиқ зарба бўлганди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ёзди.

«Биламизки, она табиатни асраш, дарахтларни сақлаб қолиш борасидаги ишлар давлат сиёсатининг ажралмас бўлагига айланиб бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан дарахт кесишга қарши муддатсиз мораторий эълон қилинди, «Яшил макон» дастури йўлга қўйилди.

Демак қанча қийин бўлмасин давлатнинг бу борадаги позицияси қатъий ва ўзгармас: мораторий талабларига риоя қилиниши шарт. Ва биз буни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Бироқ кечаги Чилонзор ва Учтепадаги дарахткушлик воқеаси бу талабни амалга ошириш қанчалар қийин эканлигини яна бир бор кўрсатди. Айниқса, жамоатчилик билан баб-баравар экологик қонунчилик ижросини ҳам назорат қилиши керак бўлган прокуратуранинг ишга ёндашуви дастлаб хавотирли туюлди. Шаҳар экология бошлиғини ҳибсга олиб, жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган прокуратура якунида ўзи уни озод қилди. Саволлар кўп бўлса-да ҳар қалай прокуратуранинг якунида қилган ҳаракати ўз ўрнидаги тўғри ва асосли қарор бўлди, деб ҳисоблаймиз.

Чунки, жамоатчилик ҳам экология ходимлари ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган мораторий талабларига риоя этилиши тарафдори.

Умид қиламизки, бундай тушунмовчилик бошқа қайтарилмайди.

Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтиш даркор. Мендаги маълумотлар бўйича кечаги зиддият Президент Админстрациясининг аралашуви билан ўз ўрнига тушган.

Президент Админстрациясининг жамоатчилик билан ишлашдаги янги услуби ва жамоат билан ҳамфикр ҳолда иш ташкил этаётгани шахсан мени қувонтирмоқда, янги ишонч ва ғайрат бермоқда.

Биз бундай ёндашувни қўллаб-қувватлаймиз ва бундан буён ҳам давлат раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилаётган талабларни амалга оширишда фаол жамоатчилик назоратини олиб боришда давом этамиз», деди депутат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг