Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коронавирус сабаб олий ва ўрта махсус таълим муассаларида эҳтиёт чоралари кучайтирилмоқда

Коронавирус сабаб олий ва ўрта махсус таълим муассаларида эҳтиёт чоралари кучайтирилмоқда

Дунё бўйлаб 92 минг нафардан зиёд инсон коронавирус билан касалланган, шундан вафот этганлар 3100 нафардан ошган. Шу вақтгача 48 минг нафардан ошиқ киши ушбу касалликдан бутунлай соғайган. Хасталанганларнинг аксарияти, яъни 80 мингдан зиёди Хитойга тўғри келади. Ушбу вируснинг дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани боис, уни юртимизда тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатъий назорат чоралари кўрилмоқда.

Ана шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги юртимиздаги олий ўқув юртлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида профилактик чора ва назоратни кучайтириш, тегишли санитария тадбирларини амалга ошириш орқали мураббий ва талаба-ўқувчилар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Олий ва ўрта махсус касб - ҳунар таълим вазирлиги билан ҳам қўшма қарор қабул қилди.

Унга кўра, ўқитувчи ва талабаларни ўқиш, малака ошириш ва тажриба алмашуви бўйича алоҳида кўрсатма бўлмагунча хорижга, айниқса, коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатларга чиқишларини чегаралаш, барча халқаро тадбирлар, олимпиадалар ва шу каби бошқа тадбирларни ҳам ўтказмаслик ва уларда қатнашиш учун чет мамлакатларга бормаслик ҳамда Ўзбекистонга келаётган чет эллик талаба ва ўқитувчиларнинг вақтинчалик киришини чегаралаш чораларини қатъий кўриш вазифалари белгиланди.

Шунингдек, мазкур ҳужжат билан таълим муассасаларида талабаларнинг ҳар кунлик тана ҳароратини ўлчаш, кунлик кузатувларни олиб бориш, ўткир респиратор инфекция касаллиги белгилари аниқланганларни тиббий пунктга олиб бориш, талаба ва ўқувчиларнинг шахсий гигиена қоидаларига амал қилишларини мунтазам назорат қилиш, аудиториялар, талабалар турар жойлари ва бошқа хоналарда кунлик дезинфекция тадбирларини мунтазам ўтказиш, танаффус вақтларида барча хоналарни шамоллатиш каби профилактик тадбирларни қатъий амалга ошириш кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш учун шароит яратиш, талаба ва ўқувчиларга қўлларини кунига бир неча маротаба совунлаб ювишини тавсия қилиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекциясининг олдини олиш бўйича тайёрланган тарқатма материалларни барча талабаларга етказиш каби вазифалар ҳам акс этган. Бундан ташқари, санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва дезинфекция тадбирларини бажарилиши бўйича ҳар бир таълим муассасанинг раҳбари шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг