Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Мажбурий обуна — дарднинг иситмаси!

Мажбурий обуна — дарднинг иситмаси!

Фото: «Sputnik»

Очиғи, кайфиятим тушиб кетди. Кеча телеграмдаги бир гуруҳдан чиқиб кетдим: мажбурий обуна тўғрисидаги баҳс шахсиятга ўтиб кетди. Майли, баҳслашамиз, ярашамиз, дўстчиликда бўлаверади. Лекин мен яна айсбергнинг учи устида баҳс борганидан афсусдаман.

Мажбурий обуна ёмон! Унга қаршиман!

Лекин нега бизда ихтиёрий обуна йўқ? Нега ҳеч ким бу савол устида бош қотирмайди ҳам?

Мен анчадан бери ўйлайман ва икки асосий сабабни кўраман.

1-сабаб: ЦЕНЗУРА!

Эркин матбуот йўқ жойда, ихтиёрий обуна бўлмайди.

Тўғри, расман цензура йўқ, тақиқланган! Сўнгги йилларда матбуот эркинлиги йўлида кўп илгариладик. Ҳеч бир соҳа матбуотчалик очилмади, ўсмади, назаримда. Лекин барибир бу ихтиёрий обуна учун камлик қилади.

Эшитишимча, ҳалиям газеталарда «итог» деган нарсалар бор. Муҳаррирларнинг ички цензураси кучли. Газеталарда дадиллик йўқ. Босма нашрлар ва ТВ матбуот амалдорларининг ўта эҳтиёткор қўлларида.

Бу дарднинг иситмаси кутилмаганда ошкор бўлиб, айрим журналистлар «Кун.уз»гача арз қилиб боришди. Шахсийдан менга «бизнинг ҳам дардимизни ёз, бош муҳаррирларнинг тутуруқсиз буйруқларию цензурасидан безор бўлдик» деган арзномалар жуда кўп келади.

Матбуот сайтлар каби ўз чегараларини кенгайтириб бориши керак эди. Жуда суст кечяпти бу жараён.

Сўнгги йилларда халқ билан мулоқот, одамлар дардини тинглаш асосий ўринга чиқди. Матбуот бу борада энг илғор бўлиши керак эди, худди бир пайтлардагидек. Эсласангиз, 1980-90 йилларда одамлар газеталарга қоплаб хатлар ёзишган («Ёш куч»га, масалан). Бугун улар арзини «Кун.уз»га айтяпти. Бу матбуотнинг бой берган позициясидир.

Олайлик, ўша ариқ воқеаси сайтларда ёки хориж газеталари муқовасида эмас, ўзимизнинг газеталарда, масалан, «Халқ сўзи» муқовасида чиқсагина, биз одамларнинг газеталарни талашиб-тортишиб ўқишларидан умид қилсак бўлади.

Эркин ва дадил матбуот бўлгандагина, истеъдодли, қалами ўткир журналистлар соҳага қайтади.

2-сабаб: ЎҚИМАСЛИК!

Бу — эпидемия.

Сайтларни ўқишяпти-ку деяпсизми? Кўришди дегани бу ҳали ўқишди дегани эмас. Асосан сарлавҳалар ўқиляпти. Ўша мақолалар тагидаги шарҳларни кўрсангиз, бунга амин бўласиз.

«Тафаккур», «Маърифат» ё «Жамият» деган нашрлар адади нега тушиб кетади? «Жажжи академик»дек журналлар нега 1000 та нари-берисида чиқади? Ўша сайтлар қатори сифатли контент беряпти-ку.

(Уларни сотиб олиш керак, одамларда пул йўқ деманг. Интернет ҳам арзон эмас, гаджетлар ҳам. Уларни ҳар икки йилда янгилаб ҳам турамиз).

Ўқимайдиган авлодмиз, ўқимайдиган авлодни тарбиялаяпмиз. Шу холос!

Нега бизда сайтлар ва босма матбуот хориждагидек ўзаро аҳил яшай олмаяпти? Цензура ва маърифатсизликка қарши бирга курашиш ўрнига, нима учун бир-бири билан курашяпти?

Бири ижтимоий тармоқда ўтирадиганларни қовоқбош деб муқовасига карикатура чиқарса, бошқаси «энамнинг пенсиясини тинч қўй» деб матбуотни бутунлай ёпмоқчи.

Блогерлар ё сайтлар тазйиққа учраса, дод соладиган виртуал олам цензура остида эзилган матбуотни фақат томоша қилади. Ўз бошингга тушган қорни ўзинг кура дейди.

Соҳани ичдан биладиган матбуот журналистлари эса ўз муаммоларни ёзмайди (пропискадан бошқа), ўзининг ички цензурасини енголмайди ё шу ҳам бўлаверади қабилида яшаяпти. Яна «интернет –  аждар, бало» ва ҳоказо деб йиғлайди.

Ҳа, бу бизмиз!

Баъзилар «бунча шу босма нашрларга ёпишдинг, қоғоз бир восита, холос-ку» дейишади. Мен ундай ўйламайман.

Интернет анча афзалликларига қарамай, бир катта айби бор: фейклар уяси (айрим нашрлар интернетдан таржима босишга ўтволди, мен уларни матбуот ўрнида кўрмайман).

Фактчекинг деярли йўқ, ахборот тарқатиш масъулияти йўқ. Плагиатми, ёлғонми ― шарт таҳрирлайди ё ўчиради («ЎзА»нинг кечаги ишига ўхшаб). Скриншот олиб ҳаммага битталаб кўрсатиб юриш керак ёлғонни фош қилиш учун.

Қоғоз эса масъулият беради. Хатга тушдинг ― ўтга тушдинг. Фейклар камроқ.

Тўғри, бошқа тусдаги ёлғон кўп қоғозда. Аммо у ёлғоннинг сабаби масъулиятсизлик эмас!

Биз одамлар талашиб-тортишиб, навбат туриб сотиб олиб ўқийдиган матбуотга лойиқмиз!

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг