Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Марказ брифинг тафсилотлари ёритилишига муносабат билдирди

Марказ брифинг тафсилотлари ёритилишига муносабат билдирди

Фото:«Xabar.uz»

Шу йил 6 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан брифинг ўтказилди. Ушбу тадбир тафсилотларини ёритган журналистлар ва блогерларга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирамиз.

Одатда, брифинг ўтказилганда мавзу юзасидан баёнот тақдим этилиб, журналистлар томонидан саволлар берилмайди ёки саноқли саволгагина имконият яратилади. Шунга қарамай, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов брифинг давомида журналистлар ва блогерларнинг ҳатто тадбир мавзусига кирмайдиган кўплаб саволларига ҳам жавоб берди.

Иштирокчиларнинг ҳар бирига имконият яратиш мақсадида изма-из саволлар ёғдирган айрим фаол ҳамкасбларимизга танбеҳ беришга ҳам тўғри келди. Ишчан ва қизғин руҳда ўтадиган тадбирларга хос бўлган бундай ҳолатдан ранжиган ҳамкасбларимиздан узр сўраймиз.

Шу билан бирга, блогер Фаррух Абсаттаров 6-7 август кунлари Интернет тармоғида (FayzbogUz) тарқатган хабарларда А.Саидовнинг брифингдаги сўзлари нотўғри талқин қилинганини маълум қиламиз.

Афсуски, xabar.uz сайти ҳам 6 августда эълон қилинган «Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бош ҳимоячиси рўмол ҳақидаги саволга жавоб бермади» номли хабарида А.Саидовнинг жавобини чуқур таҳлил қилмаган.

Бундан ташқари ушбу матнга А.Саидовнинг эски, яъни бошқа тадбирда туширилган сурати илова қилинган. Бу ҳолатни манипуляция билан боғлиқ ҳаракат, деб баҳолаш мумкин.

Брифингда видео ва фото тасвирга олиш, аудиоёзувларни амалга ошириш учун барча шароитлар муҳайё этилди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларига брифинг жараёнлари тасвирланган сифатли фотолавҳаларни тарқатди.

Аслида, А.Саидов блогер Ф.Абсаттаровнинг рўмолга доир саволига атрофлича жавоб берганди. Блогернинг кейинги 2-3-4-саволлари ўша жавобдан ажратиб олинган жумлалардан иборат бўлиб қолди.

Блогер ўзини терговчи каби тутгани, суҳбатдошига ҳурматсизлик кўрсатгани туфайли, шунингдек, бошқа журналист ва блогерларга савол имкониятини бериш нуқтаи назаридан, А.Саидов блогернинг биринчи саволидаёқ жавоб берилган сўроқларига қайта тўхталмаслигини билдирди.

Шу муносабат билан ҳамкасбларимиздан Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси талабларига, жумладан, «Ҳаққонийлик, холислик, адолат, фикрлар хилма-хиллиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистон журналистлари фаолиятининг асосий қоидаси ҳисобланади» деган принципига амал қилишларини сўраймиз.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

ТАҲРИРИЯТДАН: Акмал Саидовнинг кейинги пайтлардаги чиқиши жамоатчиликнинг алоҳида эътиборига тушаётгани бор гап. Шу йилнинг 6 август куни ўтган тадбирдаги чиқиши ҳам бундан истисно бўлмайди. Бу галги тадбир, юқоридаги муносабатда қайд этилганидек, «ишчан ва қизғин руҳда» ўтиши табиий эди. Зеро, йиллар давомида инсон ҳуқуқларига доир оғриқли саволлар йиғилиб қолган, уларга чорак асрдан буён мазкур миллий марказга раҳбарлик қилиб келаётган муҳтарам академикдан очиқ, холис ва босиқ оҳангда жавоб кутилиши турган гап. Бир нарсани унутмаслик керак: саволига тўғри ва ҳаққоний жавоб олмаган журналист бироз ҳиссиётга берилиши ажабланарли эмас. Бу нафақат журналистларга, балки барча инсонга хос хусусият. Медиа майдонининг ўзига яраша муҳити ва талаби бор, қонун ва одоб меъёридан чиқилмаса бўлгани. Силлиқ гаплар билан вазиятдан чиқиш замони ўтган. Оммавий ахборот воситалари ходимлари қаршисига чиқаётган арбоблар шуни унутишмаса, ортиқча баҳсга ҳожат қолмайди.

Бошқа гапимиз йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг