Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Машшоқ кўпайса, қашшоқ кўпаяди(ми?)

Машшоқ кўпайса, қашшоқ кўпаяди(ми?)

Фото: «Facebook»

Дарҳақиқат, халқимиз орасида шунақа мақол юради: «Машшоқ кўпайса, қашшоқ кўпаяди». Негадир   менга моддий қашшоқлик эмас, балки маънавий қашшоқлик бўлиб туюлаверади.

Ҳар ҳолда бугунги кунимиз шуни исботлаяпти.

Ёшларимиз тарбиясиз, маънавиятсиз бўлиб кетаяпти деймиз у, аслида бунга сабаб бўлаётган нарсага кўз юмамиз. Аслида уларнинг бузилишига ўзимиз сабабчимиз.

Қандай қилиб дейсизми? Ҳозир тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Ўзини санъаткор деб, аслида маънавиятсизликка тарғиб қилаётганларни эъзозлаб даврани тўрисига олиб чиқаётган, фарзандимизни таълимига кўзимиз қиймаган пулни, мана шу санъаткорларнинг устидан сочаётган ҳам ўзимиз.

Атрофга қаранг, ҳамма томонда артистлар: телевизорда, радиода, газетада, тўйда, келин-саломда, рекламада, ҳакамликда (жюри), тадбирларда… Маслаҳат берадиганлар ҳам, муҳокама қиладиганлар ҳам, кийинишни, ҳаттоки овқат пиширишни ўргатадиганлар ҳам артистлар…

Биз уларни ўзимизга эталон қилиб олмадикми?!

Энди айтинг, фарзандларимиз бадани очиқ, оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган, гап-сўзининг тайини бўлмаган шу чала артистлару, санъаткорларга эргашмай кимга эргашсин, кимга ҳавас қилсин?!

Фарзандларингизга қаранг, улар ҳам санъаткорлар каби ҳаётини ўйин-кулгу қилиб юбормадими?

Бир неча йил олдин «Камолот» деган ташкилотнинг оммавий маданиятга қарши бир тадбирида қатнашган эдим. Раҳбарлар чиқиб ўшанда оммавий маданиятни роса ёмонлашган, унинг салбий оқибатлари ҳақида ёшларни огоҳлантиришган эди.

Энг ачинарлиси, тадбир сўнггида мусиқий танаффус эълон қилишган ва саҳнага айнан оммавий маданиятни тарғиб қиладиган, тор шим, бели очиқ, футболкасига номаъқул сўзлар ёзилган хонанда чиқиб, ҳамманинг «кўнглини олган» эди. Санъаткорлар шу даражада жамиятни эгаллаб олишдики, улар қамраб олмаган соҳа деярли қолмаган эди.

Бугун ҳатто диний соҳага ҳам суқилиб кираётганларни кўриб, анграйиб қоляпмиз. (Кусто ҳайратда!) Албатта, бундай бўлишига ҳукуматимизнинг олиб бораётган ислоҳотлари, санъат вакилларига яратилаётган шароитларнинг ҳам ўрни беқиёсдир. Мамлакатимизда мусиқа мактаблари сони 304 тага етибди. Уларда жами 50 минг 500 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Бу – 33 миллионли халққа йилига 5-6 минг санъаткор етишиб чиқади дегани. Умуман ўқимай шоу бизнесга кириб келаётганларни ҳисобламаганда.

Ушбу рақамларни диний соҳа мутахассислари билан солиштириб, кўзимга ёш келди. Бутун бошли Бухорийлар, Термизийлар, Мотурудий, Насафийлар юртида бор-йўғи 11 та диний таълим олиш маскани бор. Уларда кўпи билан 1500 нафар талаба ўқийди. Энг дахшатлиси, бу даргоҳларга фақат 18 ёшдан ўқишга кириш мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юртимизда 34 та санъаткорга 1та диний соҳа вакили тўғри келаётган экан. Бошқа соҳаларни солиштирмадим.

Юртимиз келажаги санъаткорлар қўлида шекилли.

Қудратуллоҳ Аҳмад
Манба: Azon.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг