Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наманганда шифокорни урган ака-укага суд жазо тайинланди

Наманганда шифокорни урган ака-укага суд жазо тайинланди

Жорий йилнинг 28 июль куни Наманган шаҳридаги 10-сонли оилавий поликлиникада ўз навбатчилигини ўтаётган шифокорнинг ташхисдан норози бўлиб, уни аёвсиз дўппослаб, жиддий тан жароҳати етказган ака-укалар бўйича хабар берилганди.

Тиббиёт ходимига тажовуз қилган фуқароларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми  «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Ўтган вақт мобайнида жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Унда ака-ука қилмишларидан пушаймон эканликлари ва шифокордан кечирим сўраганликларини билдиришди.

— Ака-укалар бу хатти-ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этишган. Ушбу жиноий ҳаракатлар уларнинг айбига иқрорликларидан ташқари, суд мажлисида иштирок этган гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга оид тиббий экспертиза хулосаси ҳамда жиноят ишидаги бошқа далиллар йиғиндиси билан тасдиғини топди, — дейди Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси Нодирбек Раимқулов.

Суд укани Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Судланувчи акага эса 360 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида унинг қамоқда сақланган бир куни мажбурий жамоат ишлари жазосининг 4 соатига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан 144 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси қолдирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг