Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нотиқлик санъати академияси ғолибларни тақдирлади

Нотиқлик санъати академияси ғолибларни тақдирлади

Фото: «Xabar.uz»

Нимаики нарса эҳтиёж сифатида қўйилмас экан, у ўткинчи ва кўчкинчидир. Шунинг учун ҳам Даниел Дефо ўз қаҳрамони Робинзон Крузо тилидан «Эҳтиёж кишини буюк кашфиётчига айлантиради», — деган ҳикматни келтиради. Демак, ҳар қандай қонун ва қарорлар ҳам ижтимоий эҳтиёж ва зарурий ҳодиса сифатида юзага келади.

Давлат тилимизга эътибор онқадар юқори эмаслиги, уни амалда қўлланилиши борасидаги оқсашлар, мулоқот ва муомала жараёнидаги айрим нохуш ҳолатлар, ноқисликлар сезилаётгани ҳам рост.

Жорий йилнинг 4 октябрида Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганинининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ва бу муҳим сана муносабати билан она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириш белгиланган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури қабул қилинган эди.

Айтиш жоизки, тилимизга давлат мақоми берилган ўтган 30 йиллик давр мобайнида тил байрами илк бора шу қадар юксак даражада, катта эҳтиром ва обрў билан ўтказилмоқда. Токи, давлат тили – сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқни бирлаштирувчи қудратли восита бўлиб, давлатнинг чинакам рамзи саналади.

Сайёрамизда аҳоли 7111 та тилда мулоқот олиб борар экан, улар орасида қўшни давлатлар билан қўшиб ҳисоблаганимизда 40 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида сўзлашиши қалбимизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди. Она тилимизда сўзлашувчилар сони кўплигига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири эканлиги, аниқроғи, оғзаки ва ёзма нутқ маданияти тўла шаклланган тиллар орасида экани ҳам бизни чексиз қувонтиради.

Охирги йилларда ўзбек тили тобора кўпроқ мамлакатлар олий ўқув юртларида ўрганилмоқда. Бугун жон тилимиз фақат Ўзбекистоннинг давлат тили бўлибгина қолмай, қўшни Афғонистоннинг ҳам расмий тилларидан бири ҳисобланади. Унинг шимолидаги саккизта вилоят аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади.

Расмий маълумотларга кўра, қўшни Қирғизистоннинг 15 фоиз, Тожикистоннинг 13 фоиз, Туркманистоннинг 6 фоиз, Қозоғистоннинг 4 фоиз аҳолиси ўзбек тилида гаплашади. Бундан ташқари, Россия, Туркия, АҚШ, Хитой, Эрон, Швеция, Латвия, Украина ва Мўғулистон сингари мамлакатларда ҳам ўн минглаб миллатдошларимиз истиқомат қилади.

Шу билан бирга глобаллашув шароитида миллий тилларга ташқи босимларнинг ортиб бораётгани ҳам ҳақиқатдир. Ҳар икки ҳафтада Ер юзида битта тил умуман йўқолиб кетаётгани ҳам барчамизни ташвишга солмай қўймайди.    

Шу муносабат билан 19 октябрда Республика Маҳалла кенгашида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерацияси ва «Нотиқлик санъати академияси» нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда узоқ йиллардан буён ёшларни она тилимизга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўзбек тилини халқаро майдонда тарғиб қилиш ишига, унинг тараққиётига улкан қўшаётган ва жонбозлик кўрсатаётган, юксак нотиқлик маҳорати билан давлатимизнинг барча соҳалардаги сиёсатини халқимиз орасида кенг ва фаол тарзда етказиб бераётган бир гуруҳ жамоат арбоблари, таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, теле ва радио журналистларни жамоатчилик томонидан кенг тарзда тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, шу вақтда қадар тақдирлаш ва мукофотлаш маросимларида нодавлат-нотижорат ташкилотлари алоҳида ташаббус билан чиқмас ва фаоллиги кузатилмас эди. Эндиликда уларда ҳам ислоҳотлар жараёнларига, жамиятдаги энг оғриқли ва ўткир масалалар бўйича ташаббускорлик руҳи қарор топганини тасдиқлайди. «НОТИҚЛИК САНЪАТИ АКАДЕМИЯСИ» таълим муассасаси ана шу хайрли, маърифий ҳаракатга бош қўшгани, она тилимиз, нутқий маҳорат бўйича эътиборга молик бўлган фидойи ва фаол ватандошларимизни номинациялар бўйича рағбатлантиришга жазм этгани олқишланарлидир.

Тадбирда Акмал Саидов, Расул Кушербаев, Шерзод Қудратхўжаев, Қодир Маҳсумов (марҳум), Нуриддин Ҳаликназаров, Бобоқул Тошев, Саодат Боймирзаева, Феруза Муҳиддинова, Аваз Охун, Нажот Нур, Жаҳонгир Саримсоқов, Хушнудбек Худойбердиев, Нуриддин Норматов, Хосият Рустамова каби давлат ва жамоат арбоблари, депутатлар, ҳуқуқшунос, журналистлар, сўз усталари, нотиқлар, интернет блогерлар, диний соҳа мутасаддилари йил давомида ўзбек тилини тарғиб этиш ва она тилида қатор таъсирлик чиқишлари бўйича турли номинацияларга лойиқ кўрилди.

Фото: «Xabar.uz»

Нотиқлик санъатининг ривожланиши таълим тизимида, ижтимоий-сиёсий жараёнда, бошқарув механизми ва раҳбарлик фаолиятида айрим муаммоларнинг ечимига замин ҳозирлайди. Шундай экан, тилга, нутққа эътибор қилиш зарурияти доимий равишда кун тартибига чиқиши аниқ. Мулоқот ва муомала жараёни тилни билишгина эмас, тилда нафас олиш, тилда яшаш заруриятини ифода этади. Чунки, сўз маъноси, гап мазмунини билмасдан қилинган ҳаракатлар турли англашилмовчиликларни келтириб чиқаради.

Фото: «Xabar.uz»

«Нотиқлик санъати академияси» таълим муассасаси раҳбари Раҳимбой Жуманиёзовнинг фидойилиги ва фаоллиги, тилимиз рутбаси ҳақида куюниши миллатнинг руҳи бўлган давлат тилига бўлган меҳру муҳаббат билан боғлиқ. Унинг айтишича, ўзи раҳбарлик қилаётган нотиқликни ўргатишга қаратилган таълим муассасаси ҳар йили тарғибот ва ташвиқот йўсинида нутқий маҳоратдан фойдаланиб халқ манфаати ва эҳтиёжларига хизмат қилишда жонбозлик кўрсатган воизларни рағбатлантириб боришни режа қилганини эътироф этди.

Жумладан, у ўз нутқида нотиқлик санъати академиясининг кейинги режалари хусусида тўхталиб, шуларни таъкидлаб ўтди:

— Давлат тилига муносабат тарзида ва унинг ижтимоий нуфузини оширишга қаратилган қарорнинг Президентимиз томонидан қабул қилиниши катта аҳамиятга молик бўлди. «Жўшқин Гужарат – 2019 йил» ва Туркий тилли давлатлар Кенгаши саммитларидаги кўп минг  сонли хорижий, жумладан ҳинд бизнес доиралари иштирокидаги чиқишларида равон ва содда, тушунарли тарзда, асосийси ўзбек тилида нутқ қилишлари халқимизни тўлқинлантириб юборди. Гап шундаки, бу орқали сайловчиларнинг эътиборини янада кўпроқ тортиш мумкин бўлади. Зероки, равон тилли нутқ сайловчиларнинг қалбига энг яқин йўл деганидир.

Шунинг учун ҳам таълим муассасамизда  «Президент нутқларини ўрганиш ва тарғиб қилиш маркази»ни ташкил этишни режага киритмоқдамиз. Токи, муҳтарам Президентимизнинг нутқларида илгари сурилган ғоя ва мулоҳазаларни кенг жамоатчилик оммасига содда, равон ва очиқ-ойдин етказиш мақсадга мувофиқдир. Тўғри, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маъруза ва нутқлари, табриклари, мурожаатномалари, интервьюлари, селектор йиғилишлари, аҳоли билан учрашувларини кузатиб, тадқиқ қилиб борадиган  спичрайтер хизмати маъқул, аммо у халқнинг ўзгараётган тафаккури ва ҳаёт тарзининг тилдаги ифодасини тадқиқ қилиш ва илмий асосланган ёндашувларни ишлаб чиқишига имконияти етмаслиги ҳам аён ҳақиқат. шу аснода хорижий етакчиларнинг чиқишлари ҳам атрофлича ўрганиб борилади. Шу маънода ўрганишлар асносида туғилган муҳим фикр ва мулоҳазалар, ифодали хулосалар Президент Администрацияси раҳбарига доимий равишда тақдим этиб борилади.

Шуни унутмаслик керакки, тил масаласи мавсумий мавзу эмас. Биз унга ҳар дамда, ҳар қадамда эҳтиёж сезамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг