Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ОАВ масаласида Ғаниевнинг омади чопмади, чопмади-да...

ОАВ масаласида Ғаниевнинг омади чопмади, чопмади-да...

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фарғона вилоятининг маълум ва машҳур ҳокими Шуҳрат Ғаниев жамоатчилик тасаввурида қандай инсон сифатида гавдаланиб қолганига ортиқча изоҳ шарт эмас. Йўқса, «оғзи полвонлиги» билан кўп ва хўп эътиборга тушган ҳоким имиджини кўтариш учун унинг матбуот хизмати озмунча «риёзат» чекаётгани йўқ.

Ўтган йили пойтахтдан бир гуруҳ тажрибали журналистлар таклиф қилинганди Фарғонага. Учрашувлар, давра суҳбатлари ўтаказилди, уларда яхши-яхши гаплар айтилди. Шунга қарамай, айни сафар «тўн кийдирди» (ҳоким пойтахтдан келган устоз журналистларнинг елкасига тўп ёпиб, алоҳида ҳурмат кўрсатганди) маросими билан ёдда қолди, холос.  Шундан кейин ҳам Шуҳрат Мадаминович неча марта можаролар марказида қолиб, ижтимоий тармоқ юлдузига айланмади, дейсиз...

Ҳоким буванинг калласини мўлжаллаб отилган тошлар саллани чувалатишгагина яраб, синовлардан мағрур ва музаффар чиқаётганига қарамай, унинг ҳар қадами оммавий ахборот воситалари ходимларининг эътиборида, денг. Эътибордан четда қолаётган ҳолатларни вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «баҳоли кудурат» ёдга солиб турибди.

Узоққа бормайлик. Бир неча кун бурун қатор сайтларда Шуҳрат Ғаниевнинг томорқадан мўл ҳосил олиш сирлари, бу борада шахсий тажрибасига оид хабарлар ёйилди. Бироқ шундаям бир ишкал чиқасами?!

Хабарларга илова қилинган ҳокимнинг томорқада кетмон чопиб турган сурати озмунча муҳокама бўлгани йўқ. Аввалига жамоатчилик кетмон тутган ҳоким оҳорли оқ кўйлак ва қора шимда эканига эътибор қаратди. Сўнг унинг атрофида дафтар-ручка тутиб турган «аъёнлари» диққатни жалб этди. Кўп ўтмай айни «аъёнлар» суратдан «йўқолиб» қолди ва сурат монтаж қилингани маълум бўлиб, бунинг учун давлатга қарашли ахборот агентлиги масъули жамоатчиликдан расман узр сўради ҳатто.

Куни кеча эса Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят раҳбари Бувайда туманида бўлиб, фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган майдонларида меҳнат қилаётган кам таъминланган оила вакиллари ва битирувчи ёшлар билан суҳбатлашгани ҳақида хабар берди. Ташриф баланд пардаларда таъриф-тавсиф этилган хабарда Шуҳрат Мадаминович Иномовлар оила аъзолари билан мулоқот чоғида Хожиакбарнинг (Иномовлар оиласининг кенжаси) дадил-дангал жавобларидан завқланиб, уни шартта бағрига босганига алоҳида урғу берилади. 

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Нима дейсизки, шундан ҳам битта муаммо тайёр-да?! Ҳокимнинг ушбу хатти-ҳаракати карантин қоидаларига зид эканини таъкидлаган таниқли сайт Ўзбекистон Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабековнинг нафақат карантин зонадан келганлар, балки бошқа инсонлар билан ҳам қўл бериб, қучоқлашиб, бош уриштириб ва ўпишиб кўришиш мумкин эмаслигини ҳақидаги гапларини эслатади. 

Қўшимчасига коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари ортиб бораётган пайтда ССВ карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, яъни қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, жамоат жойларида тўпланмаслик, айниқса, заруратсиз кўчага чиқмаслик ва бошқа шу каби қоидаларга қатъий амал қилиш лозимлигини ҳам ёдга солади.

Хуллас, вилоят ҳокимининг томорқа-ю далаларда юргани «Оқ куйлак, қора шимда – учрашув бор пешинда» қўшиғини ёдга солса, унинг айрим хатти-ҳаракатлари Бобур Мирзонинг «ҳар ишники қилдим – хатолиғ бўлди» сатрини эслатгани-эслатган...

Шуҳрат Мадаминовичнинг оммавий ахборот воситалари масаласида ҳеч омади чопмади, чопмади-да. Ҳатто ким-ким Муҳаммаджон Обидовдай журналистни ўзига матбуот котиби қилиб тайинлаган бўлса ҳам...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг