Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оролбўйида жўхори, қовун ва лавлаги етиштириш мумкинми?

Оролбўйида жўхори, қовун ва лавлаги етиштириш мумкинми?

Фото: Оролбўйи Халқаро инновация маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи Халқаро инновация маркази томонидан «Xabar.uz»га маълум қилинишича, Мўйноқда ўсимликларни синаш бўйича тадқиқотлар амалга оширилмоқда. 23 май куни инновация маркази ходимлари Мўйноқ илмий-ишлаб чиқариш участкасида ўсимликларни ­ капсулалаш технологиясини қўллаган ҳолда етиштириш бўйича тажриба ишларини бошладилар.

Бугунги кунда марказга тегишли 20,3 га ер майдонинг 18,7 фоизи қайта ишлаб, экишга тайёрлаб қўйилган. Узоқ йиллар давомида умуман ишлов берилмаган, деҳқончиликка яроқсиз ҳолдаги бу ерларни юлғунлардан тозалаш, ерларни чопиш, ўғитлаш, агромелиоратив тадбирларни ўтказиш марказ ходимларидан чинакам фидойиликни талаб қилди.Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинган ерга ишлов берувчи транспорт воситалари, асбоб-ускуналар Оролбўйи ҳудудини боққа айлантиришга бел боғлаган мутахассисларнинг тадқиқотларини амалда синашларига хизмат қилмоқда.

Амалий тадқиқотлар билан шуғулланувчи мазкур марказ Орол денгизи фожиаси оқибатида зарар кўрган ҳудудларнинг ўсимлик дунёсини бойитиш мақсадида мавжуд иқлимга ва шароитларга мос келадиган экинларни ва тегишли технологияларни аниқлаш, синаш ва тажрибадан ўтказиш билан шуғулланмоқда. Шўрланган, сув тақчиллиги ва қурғоқчилик шароитида марказга ажратилган ерларнинг 13.2 гектар майдонига 12 турдаги чўл ўсимликлари, 23 хил манзарали дарахтлар, ёғли экинлар (кунгабоқар, жўхори ва кунжут), озуқабоп ўсимликлар (квиноя, амаранта ва расторопша), полиз экинлари (ковун, лавлаги) экилди.Айни кунларда биринчи ниҳоллар бўй кўтариб, биринчи натижалар кўзга ташланмоқда.

– Капсулалашга асосланган янги технологиямиз сув ва меҳнат ресурсларини тежаган қаратилган, ­– дейди Халқаро инновацон марказнинг Ўсимликлар биотехнологияси ва физиологияси лабораторияси мудири Олим Асаматдинов. – Экинларга ижобий таъсир кўрсатиш билан бир қаторда тупроқ шўрланишини камайтиради, унинг биофаоллигини оширади, кимёвий ва физик хусусиятларини яхшилайди.

Уруғларни капсулалаш мақсадида ўзига нам тортувчи гидрогеллардан фойдаланилади, бу ўз навбатида чўл ҳудудларида ўсимликлар униб чиқиши ва етилишининг ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали бўлишини таъминлайди. NPK элементлари ва намни ушлаб турувчи гидрогеллар билан капсулалаш натижасида уруғларнинг униб чиқиш даражаси 100 фоизни ташкил этиб, ниҳолларнинг ўсиши ва ўзини тутиб кетиш суръатлари ошади, керакли озуқалар билан таъминланади, зараркунандалар ва баргларнинг тўкилиш жараёнларидан ҳимоялайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг