Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Оролнинг шўр сувини чучуклаштириш мумкинми?

Оролнинг шўр сувини чучуклаштириш мумкинми?

Фотоколлаж: «vmireinteresnogo.com»

Ўзбекистонда ўтказилаётган Орол денгизи муаммолари бўйича Халқаро форумда шўр сувларни чучуклаштириш масаласи кўриб чиқилади. Бу ҳақда Инновация вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Озарбайжон, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистондан 100 дан ошиқ делегат, жумладан сиёсатчилар, халқаро ва ҳудудий ташкилотлар вакиллари, олимлар 2018 йилнинг 16-18 октябрь кунлари Орол денгизи ҳавзасида мустаҳкам бошқарув ва ижтимоий барқарорликка эришиш учун инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш учун Самарқандга йиғиладилар.

Орол денгизининг қуриб қолгани жаҳондаги энг хавфли экологик фожиалардан бири ҳисобланади. Унинг оқибатлари атроф-муҳит даражасидан-да ташқарига чиққан, унинг таъсири мазкур ҳудудда ва унинг атрофида яшовчи миллионлаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатмоқда.

Одамлар туз ва чанг бўронларидан азият чекмоқдалар, биологик унумдорлик ва био хилма-хиллик пасаймоқда, экотизим ҳолати, сув таъминоти ёмонлашмоқда, одамларнинг саломатлиги соғлиғи хатар остида, иқлим ўзгарганлиги сабабли иқтисодий жиҳатдан йўқотишлар кузатилмоқда.

Марказий Осиёдаги мазкур муаммо бугунга кунга келиб халқаро мавқеда ҳал этилиши лозим бўлган масалага айланди, бунинг учун фожиа оқибатларини юмшатиш ҳамда Орол денгизи ҳавзасининг барқарор ривожланишини таъминлаш зарурати туғилди.

Орол денгизи муаммосидан азият чеккан давлатлардан бири Ўзбекистон эканлигини эътиборга олган ҳолда, илмий тадқиқотлар ва инновацион усуллар ёрдамида маҳаллий ва халқаро мутахассисларни жалб этиб, мазкур долзарб муаммони ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу муносабат билан ҳам Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Шўрхок тупроқли ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги халқаро маркази (ICBA), Самарқанд Давлат университети томонидан «Орол денгизи ҳавзасида мустаҳкам бошқарув ва ижтимоий барқарорликка эришиш учун инновацион ёндашувлар» Халқаро форуми ташкил этилди.

Уч кун давомида бўлиб ўтадиган тадбир Ислом тараққиёт банки (ИТБ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Қурғоқ ерларда тадқиқотлар ва таълим халқаро платформаси (IPDRE), АҚШнинг Халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID), БМТнинг Тараққиёт дастури томонидан молиялаштирилади.

Форум иштирокчилари ҳудудда яшовчи аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, аҳоли даромадини ошириш мақсадида инновацион ғоялар, илмий изланишлар, янги технологиялар ва сиёсий чораларни татбиқ этиш бўйича фикр алмашадилар, тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

Улар, шунингдек, сув ресурсларини комплекс бошқариш, сув ресурслари ҳақидаги маълумотлар билан алмашиниш, сув ва тупроқни шўрсизлантириш ва тозалаш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқадилар, бунда маҳаллий аҳолининг қурғоқ ерларда сув ресурсларини бошқаруви бўйича тажрибалари ва эҳтиёжлари эътиборга олиниши назарда тутилган.

ICBA бош директори, доктор Исмахан Элуафининг фикрича, орол денгизи ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли сув танқислигидан азият чекаётган экан, жумладан, ичишга ва қишлоқ хўжалиги ишларини юритишда муаммоларга дуч келаётган экан, сув ресурсларидан фойдаланишнинг ноанъанавий усулларидан, яъники шўрланган сувни чучуклаштириш усулларидан фойдаланиш потенциалига эътибор қаратиш зарур.

Ноанъанавий сув ресурсларидан фойдаланиш учун стратегик инвестициялар қилиниши ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан фойда келтириши аниқ. Бунинг натижасида аҳолининг озиқ-овқат билан таъминланиш даражаси яхшиланади, сув тежалади, одамларнинг даромади ошади, шу билан бир қаторда экотизимга зарар етказилмайди.

Исмахан Элуафи

Форум билан бир пайтнинг ўзида «Марказий Осиёда иқлим ўзгаришидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалик экинларини диверсификациялаш ва моделлаштириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш» деб номланган ўқув курслари ҳам ташкил этилади. Ўқув машғулотлари ICBA томонидан Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон олимлари ва мутахассислари учун ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг