Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Отамнинг сўнгги нигоҳи...

Отамнинг сўнгги нигоҳи...

Бошқаларни билмадиму, лекин менинг умрим тошқин дарёга ўхшайди. Доим шошиб юраман. Ёки табиатим шундаймикан? Коллежга директор бўлганимга бир йил бўлмаган, янги коллежнинг қурилиши битмаган, давомат ҳар қандай долли ғулли раҳбарнинг ҳам дарду дунёсини остин устун қиладиган даврлар эди. 2008 йилнинг 17 май куни эрталаб коллежимиз ёнидаги мактабда 9-синф битирувчилари билан коллеж мутасаддиларининг учрашувига шошилаётгандим.

Учрашувда жўшқин маърузалар қилиб битирувчиларни ўзим раҳбарлик қилаётган касб-ҳунар коллежига жалб этишим зарур. Коллеж билан уйимиз ораси эса нақд йигирма чақирим чиқарди. Турмуш ўртоғим машинани ўт олдириши билан ёнига ўтириб олдим.

– Мени коллежимиз ёнидаги фалон мактабга элтиб қўймасангиз бўлмайди, кечикаяпман!!!

Йўлимиз ота ҳовлим жойлашган кўчадан ўтарди. Шошилинч кетаётганимизда кўчада отам турганини кўриб бетоқат бўлдим. Тинчликмикан, нега башанг кийиниб чиқиб турибдийиканлар? Мени бирор ерга олиб бориб қўйинглар, демаса эди. Ҳаёлимдан ўтган ўйдан асабларим таранглашди. Отам гўёки биз кўрмай ўтиб кетадигандек шошиб қўл силкидилар. Машина отамнинг ёнида тўхтади.

– Ассалому алайкум, раис?! Тинчликми бундай? – турмуш ўртоғим отамга раис, деб мурожаат қиларди.

– Туман марказидаги касалхонага кетаётгандим. Олмасам бўлмайдиган тиббий муолажаларим бор. Кундузи ётиб даволанишга қарор қилдим. Йўлларинг ўнг бўлса, мени ташлаб қўйсангиз... – отам куёвни сизлаб мурожаат қиларди. Отам куёвни чинакам пир, деб биларди.

– Яхши, йўлимиз ўнг бўлмаса ҳам сиз учун ўнг қиламиз, – дедию менга олд ўриндиқни бўшатиб беришимга ишора қилди, илкис машинадан тушиб орқа ўриндиққа ўтдим. Телефоним бетоқат жиринглар, гоҳ мактаб директори, гоҳ ўринбосарларим тинмай телефон қилишар, мактабда мени кутишаётганини билдириб ҳокимлик вакиллари ҳам тинмай телефонимга сим қоқишарди. Бир зум ҳам бўшамай телефон қўнғироқларига жавоб бера-жавоб бера орқа ўриндиққа ўтдим. Машина ўз ўрнидан жилди. Навбатдаги телефон қўнғироғига жавоб берганимдан сўнг отам гап қотдилар:

– Қизим шу зорманда телефон қўнғироқларининг ҳаммасига жавоб беришинг шартми? Бундай ўзингни эҳтиёт қилсанг-чи.

 – Шарт, шарт, жавоб бермаслик мумкинмас!!! – кескин жавоб бердим.

– Эҳ болама, қулоқларинг бир зум тинмайди. Қачон қарама, телефонда гаплашасан, ахир бунинг ўзига яраша зарари бор-ку, болам...

Отам негадир одатдагидан бошқача оҳангда сўзлади. Сўзларида аллақандай, синиқлик, тушунарсиз мунг бордек туюлди. Бу орада машинамиз Шўрчи тумани, Тўла маҳалласи ҳудудидаги шундоққина М-41 магистрал йўл биқинида жойлашган коллеж олдидан ўтаётганди.

– Эҳҳей, бунчалар ҳашаматли коллежлар қурилдия, қизим,сен ишлаётган коллеж ҳам шундай ҳашаматлими? Коллежингни  кўриш менга насиб қилармикан?

Отамнинг сўзлари эриш туюлди. Кўп ишни тиндираётган раҳбар қиёфасида типирчилаб соатга қарадим: отамни касалхонага ташлаб қўядиган бўлсак мен кечикаман. Демак, туман марказига тушиб қолишим керак. Мен ишлайдиган коллеж жойлашган Олатемир маҳалласига қатнайдиган киракашларнинг машинасига ўтириш... машинага йўловчи тўлишини кутиш... бетоқатлигимни отамдан яшириб ўтирмадим.

— Ээээ  ота, менинг коллежим бу коллеждан икки карра ҳашаматли. Лекин бугун яхшигина кеч қолдим. Мени бир эмас, икки эмас, нақд учта мактабнинг битирувчи ўқувчилари кутиб ўтирибди.

Отам жим қолдилар. Олд ўриндиқда кетаётганликлари учун юзларини кўрмадим. Афтидан кечикишимга сабабчи бўлганликлари учун хижолатда ўтирардилар.

– Омадингни берсин қизим, – деди тўсатдан.

Эшитмаганликка олдим. Туман марказидан Олатемир маҳалласига қатновчи таксилар турадиган жойга келиб машинадан шиддат билан тушдим. Хайр-маъзурни насия қилиб олдинга интилдим. Шу пайт отам ортимдан чақирдилар.

– Райҳон!!!

Шарт ортимга ўгирилдим. Шошаётганим, вақтимнинг камлиги юз-кўзларимдаги малолланишдан яққол сезилиб турарди.

– Ҳа ота, чақирдингизми?!!

– Йўқ, ўзим, боравер, қизим Худо омадингни берсин! Отам  бу гапни гўёки: «Алвидо болам, бу сўнги учрашувимиз», дегандек оҳангда айтди. Ўзим билиб-билмай юрагимни нимадир куйдиргандек бўлди. Шу тобда отамнинг нигоҳи бутун вужудимни тешиб ўтгандек бўлди. Отамнинг нигоҳларида дийдоримни бир кўриб қол, кейин армон қилма, болам, деган маъно бор эди. Отамнинг нигоҳлари бояги кескин шаштим ва ғайратимни сўндирадиган даражада сирли ва синоатли бўлса-да, аҳамият бермадим.

Машина қўзғолди. Мен ҳам бир сўз айтмадим. Терс бурилдим-да, кетдим.

Учта мактабдан келган 200 га яқин 9-синф битирувчилари билан учрашувимиз кўнгилдагидек ўтди. Табиийки, учрашувда телефоним овозсиз режимга қўйилган эди. Учрашувда авваллари туймаган аллақандай ғашлик мени тарк этмади. Учрашув тугаши билан телефонимни ёқдим. Телефонимни ёқишим билан қўнғироқлар кела бошлади.

— Қандай одамсан, нега телефонга жавоб бермайсан, касалхонага етиб кел, отанг оғир!! 

Турмуш ўртоғимнинг қисқа гапидан адойи тамом бўлдим. Касалхонага етиб келганимда отам кома ҳолатида бўлиб, олдиларига ҳеч кимни киритишмаётганди. Аниқланишича, отамга бир дақиқада 150 томчидан юборилиши керак бўлган томчи дори ҳамшира тўйга шошаётганлиги учун тезлаштирилган, талаб доирасидан чиқилган томчи дори ўз ишини кўрсатиб юракдаги тромбларни кўчириб юборган экан. Отам комада 5-6 соат ётдилар. Докторлар саноқли дақиқалар қолганини маълум қилиб, охирги марта хайрлашиш учун имкон беришди. Ўша куни отам Роббимнинг ҳузурига қайтиш қилдилар.

Мен эса чексиз-чегарасиз армон оғушида қолдим. Армонларим мени тилкалайди, бурда-бурда қилади. Бетизгин ўй-хаёллар оғушида изтироб чекаман. Изтиробим  изиллатади: қиз бўлгунча қизиган тош бўлсанг бўлмасмиди, қиз бўлгандан кўра бир парча муз бўлганингда авлороқ эди, ўша куни отангга жойингни бўшатиб бераётганингда нега малолландинг?!

Отанг машинага чиққандан кейин ҳам нега бўлар-бўлмас қўнғироқларга андармон бўлиб, отанг билан суҳбат қурмадинг?!

Сенинг коллежинг ҳам мана шундай ҳашаматлими, деганида, ҳа отажон, даволаниб бўлганингиздан кейин сизни, албатта, коллежимга олиб бораман, деб нега айтмадинг?!

Сўнгги бор исмингни айтиб чақирганида, нега қайтиб бориб қўлларидан тутмадинг?!

Не-не одамларга илтифот қилишни биласан-ку, бошлиқлар олдида, ҳокиму ҳукамолар қаршисида бош эгиб итоатда турасан-ку?!

Нега отангнинг олдида ғўддаясан?! Отангсиз энди кимсан? Билиб қўй, отангсиз қоронғу тунсан!!!

Отамдан кейин вақтим кўп бўлди. Ўша отамнинг оёқлари етмаган коллежда отамдан кейин 10 йил раҳбарлик қилдим. Ҳар баҳорда отамнинг оёқлари етмаган ўша коллежга минглаб дарахту гуллар экдим. Отамнинг оёқлари етмаган коллеждан минглаб шогирдларим учирма бўлди. Отамнинг исми билан 4 мингга яқин дипломларни имзоладим.  Отам айтганларидек, қанчадан қанча қўнғироқларга жавоб бермасам ҳам бўлишини тушуниб етдим. Отамдан кейин ҳам мана 14 йилдирки, раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаяпман. 30 ой отамнинг исми шарифи билан «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари 60 минглаб нусхада  босмадан чиқди.  Отамнинг исми шарифи ёзилган давлат мукофотлари ва кўкрак нишонларининг ёрлиқларини олганимда юзларимга босдим. Отамнинг исми шарифи ёзилган фахрий ёрлиқ ва ташаккурномаларни бағримга босиб, отамнинг тафтини тополмадим. Мана уч йилдирки, маҳаллаларнинг минглаб  ходимларига малакасини оширганлик тўғрисидаги сертификатга отамнинг исми шарифи остида имзо чекмяпман.  Отам айтганидек Аллоҳ омадимни берди. Ҳамиша омад мен билан ёнма-ён  қадам ташлади. Ҳозир отамни Маккаю Мадинага олиб боришга имконим бор, лекин отам йўқ!

Райҳон Раҳимова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг