Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мудофаа вазири мактаб-интернат боғига кўчат ўтқазди ва китоблар совға қилди

Мудофаа вазири мактаб-интернат боғига кўчат ўтқазди ва китоблар совға қилди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Тошкентнинг Олмазор туманидаги 100-, 102- ва 106-сон мактаб-интернатида бўлиб, ўқувчилар учун китоблар жамланмасини тақдим этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Кун аввалида ҳар учала мактабда ҳам Мудофаа вазирлигининг 600 дан ортиқ ҳарбий хизматчилари иштирокида хайрия ҳашари уюштирилди. Мактаблар боғига экилган дарахтлар оқланди, таги юмшатилди, анвойи гуллар экилди, манзарали ўсимликларга қайта ишлов берилди. Ер сатҳида кўриниб турган эски дарахт кундалари олиниб, уларнинг ўрнига янги мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди.

– Мактаб боғи ва ҳовлисида йиғилиб қолган анча ишимиз бор эди, – дейди Олмазор туманидаги 100-сонли мия фалажи ва таянч ҳаракат тизимида нуқсони бўлган болалар мактаб-интернати директори Тоҳир Матёқубов. – Ҳарбийларимиз барака топишсин, эрта тонгдан келиб, ҳамма ёқни обод этишди. 

Баҳодир Қурбонов боғда ҳарбий хизматчилар билан бирга кўчат ўтқазаётган ўқувчиларни кўриб, йўлни боғ томон бурди. Ўсиб-униб, ширин-ширин мевалар бераман, деб турган янги дарахт кўчатини тутиб турган ўқувчи билан биргаликда бу сўлим боғга яна бир туп ниҳол қадалди. 

Эслатиб ўтамиз, Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбоновнинг энг севимли 3 китоби рўйхатидан Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Эрих Мария Ремаркнинг «Уч оғайни» ва Габриэль Гарсия Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» китоблари жой олган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг