Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда 20 мингга яқин аёл оғир турмуш шароитида яшайди

Ўзбекистонда 20 мингга яқин аёл оғир турмуш шароитида яшайди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 июль куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказгани ҳақида хабар берилганди.

Видеоселектор йиғилишида ахборот технологиялари йўналишида сёшларни иш билан, юқори даромад билан таъминлаш учун катта имкониятлар борлиги масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудларда 20 мингга яқин аёл оғир турмуш шароитида яшаши, шундан кўплари профилактик ҳисобда туриши афсус билан қайд этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 33 минг 380 нафар аёлни ҳаётга мотивациялаш ва касбга ўргатиш бўйича қисқа ўқув курсларини ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Ҳар бир туман ва шаҳар кесимида аёллар бизнес лойиҳалари рўйхатини шакллантириб, ойма-ой молиялаштириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги дастури доирасида соддалаштирилган кредитлар ва грантлар ажратиш бўйича топшириқлар берилди.

Микроқарз олиш ниятидаги ёшлар ва аёллар тадбиркорликка бепул ўқитилиб, йилига 5 минг нафар ёшлар ва аёлларнинг бандлиги таъминланади. 14 июлда имзоланган тадбиркорликни ҳамда кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир Президент қарорида, жумладан, ушбу мақсадларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2 миллион доллар кредит ажратилиши белгиланди. Бу маблағ ёшлар ва аёллар ишсизлиги юқори бўлган қишлоқ жойларда имтиёзли микроқарз ажратиш учун микромолия ва нодавлат ташкилотларга берилади. Чунки бундай нодавлат ташкилотлар банкларга қараганда кам ресурслар билан ҳам ўқитиб, 2-3 баравар кўп иш ўрни яратаяпти. Кредит қайтими ҳам банкларга қараганда анча юқори.

Шу боис нодавлат ташкилотлар ўртасида танлов ўтказиб, энг яхши ўқув марказига грант ажратиш тизими жорий этилиши белгиланди.

Жаҳон банкининг 2 миллион доллар маблағи доирасида 15 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарлар, Андижон, Наманган ва Фарғона тажрибаси бўйича мазкур вилоятлар ҳокимларининг ҳисоботи эшитилди.

Давлат раҳбари томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар замирида иккита энг асосий мақсад – ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, натижада оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш мақсади мужассам.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг