Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда чўл ҳудудларини ривожлантириш мақсадида «Яшил чўл лабораторияси» Концепцияси ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда чўл ҳудудларини ривожлантириш мақсадида «Яшил чўл лабораторияси» Концепцияси ишлаб чиқилди

Фото: Инновацион Ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Орол денгизи ҳудуди, Қизилқум чўли ва республикамизнинг сув танқис бўлган бошқа чўл ҳудудларини кенг ривожлантириш мақсадида Инновацион Ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг чўл ҳудудларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор иловасида «Яшил чўл лабораторияси» Концепцияси келтирилмоқда.

Бу ҳақида Инновацион Ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Мазкур фармон лойиҳаси Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ва Фанлар Академиясининг Ботаника институтлари томонидан ўрганиб чиқилди ва республиканинг чўл ҳудудларида «Яшил чўл лабораторияси»ни ташкил этиш тўғрисидаги инновацион таклифлар қўллаб-қувватланди.

Фото: Инновацион Ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Республикамизда суғориладиган ер майдонлари йилдан-йилга қисқариб бормоқда. Оролбўйидаги қуриган ҳудуддан туз ва бошқа минерал моддаларнинг шамол орқали тарқалиши, ўсимликлар дунёсининг йилдан-йилга қисқариб бориши ва сув тақчиллиги оқибатида чўлланиш даражаси йилдан йилга ошиб бормоқда.

Мазкур лойиҳа бўйича биринчи навбатда Навоий вилоятининг Нурота туманидаги чўл ҳудудида замонавий инновацион чўл лабораториясини ташкил қилиш режалаштирилган. Ҳудудларни босқичма-босқич чўл ўсимликлари дунёси билан бойитиб бориш, иссиқ иқлим шароитига мослаша оладиган ўсимлик турларини кўпайтириш лойиҳанинг асосий мақсадларидан биридир. Шунингдек, ҳудудда ҳайвонот дунёсини ортга қайтариш, қоракўлчилик учун озуқа базасини яратиш; био хилма-хилликни ошириш вазифаси ҳам қўйилган. Бундан ташқари, экин ерларни қўриқлаш чораларини кўриш, чўлланиш ҳолатларини юмшатиш, экотуризм ва агротуризмни ривожлантириш ҳам лойиҳа доирасидаги муҳим масалалардандир.

Мазкур лойиҳа республикадаги чўллашиш жараёнини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг