Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда илк экокўнгиллилар тармоғи яратилди

Ўзбекистонда илк экокўнгиллилар тармоғи яратилди

Қандай соҳа бўлишидан қатъий назар ишига чин дилдан ёндашадиган кўнгиллиларнинг алоҳида ўрни бор.

Жорий йилнинг 14–17 феврал кунлари Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси, «Эколог» жамоат бирлашмаси, «ЮСАИД» ҳамда «Эурасиа Фоундатион» халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликда волонтёрлар мактаби менторлари ва эковолонтёрлар учун ўқув семинарлари ўтказилди. Республикамизнинг турли ҳудудларидан саралаб олинган 28 нафар йигит ва қизлар илк маротаба экологик муаммоларни бартараф этиш, ёшларнинг экологик онгини шакллантириш, атроф-муҳит муҳофазасида бирлашиш учун бир кучга айландилар.

Тренинг давомида «виртуал сув», «сув изи», сув сарфи, чиқиндининг йўли, Қизил Китобнинг аҳамияти,  бошпанасиз ҳайвонлар муаммоси каби муҳим маълумотлар орқали волонтёрларнинг атроф-муҳит муҳофазасидаги билим ва кўникмалари оширилди. Волонтерлар таълим муассасаларида «Меҳр дарслари»ни қай тарзда ўтиш кераклиги интерактив ўйинларда кўрсатиб берилди.

— Экологик муаммоларни фақатгина ҳамкорликда бартараф этиш мумкин. Мен айнан шу йўлда ёшларни бирлаштиришни истардим. Ёш жамоат бирлашмамиз томонидан эковолонтёрларни йиғишга, уларнинг аниқ дастур ёрдамида ишлайдиган тармоғини яратишга анчадан бери ҳаракат қилиб келаётган эдик. Аммо етарли маблағнинг йўқлиги, кўнгилларимизда билим етишмаслиги фаолиятни кенг олиб боришимизга тўсқинлик қилаётганди, дейди «Эколог» жамоат бирлашмасининг раҳбари Н.Қосимова. — Ёшлар ишлар  агентлигининг раҳбари Алишер Саъдуллаев мазкур фаолиятимизга хайрихоҳлик билдириб, қисқа муддатда экологик муаммоларга бефарқ бўлмаган ёшлар учун ўқув-семинарни ташкил этишда ёрдам берди. Уларнинг фаолиятини кенгайтириш борасида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда «Эколог» жамоат бирлашмаси томонидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  

— Мен волонтёрликнинг янги йўналишида ўзимни синаб кўриш учун рўйхатдан ўтдим ва ёш экокўнгилли форуми иштирокчилари сафига қабул қилиндим, – дейди эковолонтёр Бегзод Якубов. — Илк кунда бир-биридан муҳим тренинглар давомида соҳага чуқурроқ кириб бориш орқали экология «Она табиатни асраб-авайлайлик», – деган умумий ва қуруқ гаплардан иборат эмаслигининг гувоҳи бўлдим. Бугун биз турли ҳудудлардан йиғилган эковолонтёрлар экологиянинг моҳиятини, экологик маданиятни халққа сингдиришда ўзимизнинг салмоқли ҳиссамизни қўшамиз!

Тадбир якунида иштирокчиларга Табиат ресурслари вазирлиги томонидан Қизил китоб совға қилинди.

                                                                                Комила ҲАМРОЕВА, эковолонтёр

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг