Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Поездда Тошкентдан Урганчгача 6 соатда етиб бориш мумкин бўлади

Поездда Тошкентдан Урганчгача 6 соатда етиб бориш мумкин бўлади

Фото: Xabar.uz

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 28 ноябр куни Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси бўйича тақдимот билан танишди.

Таъкидланишича, мамлакатимизда транспорт тармоқлари изчил ривожлантириб келинмоқда. Хусусан, 2018 йилда Бухоро – Мискин темир йўли қурилиб, Хивагача масофа 242 километрга қисқарган эди. Шу билан бирга, электр поездининг унумдорлиги 4,5 баробар юқорилигини инобатга олиб, мавжуд темир йўллар электрлаштирилмоқда. Сўнгги йилларда Қарши – Китоб, Поп – Наманган – Андижон ҳамда Қарши – Термиз йўналишлари электрлаштирилди.

Президент хоразмликлар билан учрашганида 2024 йилда Хивага тезюрар электр поезди йўлга қўйилишини айтган эди ва бу режа Ўзбекистон Республикасининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилди. Шу тариқа, Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш бошланди.

Тақдимотда бу ишларнинг бориши ва кутилаётган натижалар ҳақида ахборот берилди.

Мазкур лойиҳанинг қиймати 445 миллион доллар. Шундан 270 миллион доллари Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан жалб этилади. Лойиҳа доирасида Бухородан Хивагача бўлган 465 километр темир йўл тармоғи электрлаштирилади, бекат, нимстанциялар ва бошқа иншоотлар қурилади.

Йўлнинг самарадорлиги, шунга яраша, анча ошади. Масалан, поездларнинг юқори тезлиги соатига 250 километргача бўлади. Натижада йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача етиб бориш вақти 14 соатдан 6 соатга, Бухородан Хивагача 8 соатдан 3 соатгача қисқаради. Бу халқимизга катта қулайлик яратиб, туризм ривожида ҳам муҳим омил бўлади.

Тезлик эвазига темир йўлнинг ўтказувчанлиги ҳам ошади. Юк ташиш имконияти йилига қўшимча 11 миллион тоннагача, йўловчилар сони 2 миллион 300 минг нафарга кўпаяди. Поездлар электр энергиясида юриши ҳисобига йилига 18 минг тонна дизел ёқилғиси тежалади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг